Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегациянинг Германия Федератив Республикасига ташрифи юзасидан

11 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация Берлин шаҳрида Германия томони вакиллари билан қатор муҳим учрашувлар ва музокаралар ўтказди.
Ташриф дастури сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган тадбирларни қамраб олди.
Жумладан Германия Федерал иқтисодий ишлар ва энергетика вазири Катерина Райхе билан учрашувда мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда истиқболли ривожланиш динамикаси қайд этилди. Сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ортганлиги, қўшма инвестиция портфели 10 миллиард доллардан ошиб, “яшил” энергетика, саноат, муҳим хомашёлар ва ишчи кучининг ҳаракатчанлиги соҳасида ҳамкорлик кенгайиб бораётганлиги таъкидланди. Шу доирада савдо ва инвестициявий шерикликни фаоллаштириш ҳамда келгусида икки томонлама бизнес тадбирлари олдидан аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалаларида келишувга эришилди.
Ташриф доирасида Бахтиёр Саидов Германия ташқи ишлар вазири Йохан Вадефул билан стратегик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича атрофлича музокаралар олиб борди. Савдо, энергетика ва минтақавий барқарорлик каби муҳим йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бўлажак саммитлар ва Ўзбекистон–Германия ишбилармонлар кенгаши каби ташаббуслар орқали иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Ҳамкорликни янада илгари суриш ва яқин келажакда Германия вакилини Тошкентда ташрифини амалга оширишга ишонч билдирди.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипраис билан учрашув ўтказилди. Самарқанд ва Брюссель саммитлари Ўзбекистон–Европа Иттифоқи стратегик шериклигида янги босқични бошлаб бергани қайд этилди. Шу билан бирга, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи Парламентлараро” биринчи саммитига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди, шунингдек Тошкент шаҳрида Европа инвестиция банкининг Минтақавий ваколатхонасининг очилиши инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқич эканлиги қайд этилди.
“Марказий Осиё – Германия” бизнес форуми доирасида Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотларни изчил амалга ошириб келаётгани, очиқ, барқарор ва инвесторлар учун қулай иқтисодиётни шакллантираётгани қайд этилди. Учрашув глобал трансформация шароитида узлуксиз етказиб бериш занжирларини барпо этиш ва янги инвестиция лойиҳаларини ишга туширишга тайёр, якдил ҳамкорларни бирлаштирган муҳим платформа сифатида баҳоланди.
Шунингдек, “яшил” энергетика, машинасозлик, электротехника ишлаб чиқариш ва қурилиш материаллари соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун кучли салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Жорий йил июнь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент Халқаро Инвестиция Форумига ҳамкорлар таклиф этилди ва стратегик иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари давом эттирилиши маълум қилинди.