Ўзбекистонлик талабалар Покистонда ўтаётган халқаро конференцияда иштирок этмоқда

Ўзбекистон элчихонасида Покистон Фан ва технологиялар миллий университетида (NUST) ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун Исломобод шаҳрига келган бир гуруҳ ватандош талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган қатор муҳим ташаббуслар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандош ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди. Ҳозирги кунда ёшлар инновацион ва ижтимоий ғояларни илгари суришда, шунингдек, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишда асосий куч бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали платформасида эълон қилинган янгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Такомиллашаётган стратегиянинг марказида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган асосий ғоя — “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил туриши қайд этилди. Стратегияни такомиллаштириш жараёнида унинг доирасида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар инобатга олинмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, элчихона фаолияти, хусусан, олий таълим соҳасида ушбу мамлакат университетлари билан эришилган келишувлар, қўшма таълим дастурлари ва лойиҳалар, шунингдек, ўзбекистонлик ёшлар учун ажратилган грантлар ҳақида маълумот берилди.
Ватандош талабалар, ўз навбатида Покистонга ташрифлари ҳамда халқаро конференциядаги иштироклари Озарбайжон, Индонезия, Малайзия ва бошқа давлатлар ёшлари билан тажриба алмашиш ва мулоқот қилиш учун муҳим майдон бўлганини таъкидладилар.
«Покистонда ташкил этилган конференцияда Ўзбекистон ва Германияда таҳсил олаётган ватандошлар иштирок этаяпти. Анжуман қатнашчиларига Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, хорижда ўқиши учун тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот бердик. Шунингдек, Ўзбекистон ёшларининг ахборот технологиялари, IT, гуманитар фанлар ва хорижий тилларни ўзлаштириш йўналишида эришган ютуқлари, мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва тарихи ҳақида батафсил тақдимотлар ўтказдик», – деди Муҳаммадали Носиржонов.
Тадбир якунида юртдошларимиз ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.