Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Венада ўтказилган ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг 32-йиғилишида иштирок этди

4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Вена шаҳрида ўтказилган ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг 32-йиғилишида иштирок этди.
“Вена шаҳрида ўтказилган ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг 32-йиғилишида конструктив мулоқот, минтақавий ҳамкорлик ва янгиланган кўп томонлама тизимга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқладик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Халқаро муносабатларда бугунги кунда кузатилаётган чуқур бўлинишни енгиб ўтиш ҳамда ўзаро ишончни тиклаш заруратини алоҳида таъкидладик.
Геосиёсий зиддиятлар, қуролли можаролар, кибер таҳдидлар ва иқлим билан боғлиқ офатлар чегаралар оша тобора ортиб бораётган бир пайтда, ЕХҲТ каби халқаро институтлар ўз асосий вазифаларини янада самарали бажаришни кучайтириши лозим.
Ўзбекистон ташкилотнинг самарадорлигини ошириш, унинг инклюзив характерини сақлаб қолиш ва бугунги чақириқларга муносиб жавоб бериш қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, биз Марказий Осиёнинг ўзаро ишонч, мулоқот ва манфаатли ҳамкорликка асосланган минтақага айланиш йўлидаги муваффақиятли қадамларини алоҳида қайд этдик. Сўнгги саккиз йил ичида минтақа давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари узоқ йиллар давомида ечими долзарблигини йўқотмаган масалаларнинг ҳал этилишига, иқтисодий интеграциянинг жадаллашишига ва ўзаро боғлиқликнинг кучайишига хизмат қилди”.