Исломободда ўтказилган “Global Destinations Expo” халқаро туристик кўргазмасида Ўзбекистон туризм салоҳияти намойиш этилди

Покистон пойтахти Исломобод шаҳридаги “Mariott Hotel Islamabad” меҳмонхонасида “Global Destinations Expo” халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтди.
Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси ва туризм йўналишини ёритишга ихтисослашган етакчи “Discover Pakistan” телеканали томонидан ташкил этилган тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, шу жумладан Ўзбекистон элчихонаси алоҳида павильон билан қатнашди.
Ўзбекистон павильонида мамлакатимизнинг бой тарихий ва маданий мероси, сайёҳлик, жумладан зиёрат туризми йўналишидаги салоҳияти, миллий анъаналари, миллий либослари, ҳунармандчилик намуналари, ўзбек миллий ошхонасининг энг сара таомлари тақдим этилди.
Юртимиз стендига Покистон Бош вазирининг туризм бўйича махсус координатори Сардар Ясир Иляс Хан, Равалпинди Савдо ва саноат палатаси раиси Усман Шавкат, Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси бошқарувчи директори Афтаб ур-Реҳман Рана, қатор хорижий мамлакатларнинг элчилари ва бошқалар ташриф буюрди. Покистон томони мазкур кўргазмадаги иштирок учун Ўзбекистон вакилларига миннатдорлик билдирди ва мамлакатимиз бурчаги тадбирда нафақат ҳажми, балки миллий руҳда безатилганини эътироф этган ҳолда кўргазманинг энг ёрқин гавжум манзили бўлганини таъкидлади.
–Халқларимизни чамбарчас боғлаб турувчи кўп асрлик ришталар, умумий тарих ва муштарак қадриятлар туфайли Покистон аҳолисида Ўзбекистонга саёҳат қилишга қизиқиш кундан кунга ортиб бормоқда, – деди Покистон Бош вазирининг туризм бўйича махсус координатори Сардар Ясир Иляс Хан. – Бунда эса, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон томонидан покистонликлар учун туристик визалар беришнинг соддалаштирилгани, мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилган тўғридан-тўғри авиақатновларнинг ўрни беқиёсдир. Чунки биз туризмни ривожлантириш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш бўйича қанча гапирмайлик, давлатларимиз ҳаво йўллари орқали тўғридан-тўғри боғланмаса, сайёҳлар учун сафар ҳужжатларини расмийлаштиришда қулайликлар яратилмаса, тан олиш керак, кўзланган мақсадга ҳеч қачон эриша олмаймиз. Ўзбекистон томони билан туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун барча куч ва имкониятимизни сафарбар қилишга, сайёҳлар алмашинувини ошириш йўлида саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга тайёрмиз.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм бренди элчиси Ҳамид Маҳмуд томонидан мамлакатимизнинг туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда меҳмонларга юртимиздаги маданий мерос объектлари, замонавий туризм инфратузилмаси, меҳмонхоналар, ҳунармандчилик марказлари ҳамда халқаро сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумотлар берилди.
Кўргазма доирасида, шунингдек, Покистоннинг қатор сайёҳлик компаниялари вакиллари билан самаралари музокаралар ташкил этилди. “Global Destinations Expo” халқаро туризм кўргазмасининг ёпилиш маросимида ҳар бир мамлакатнинг иштироки баҳоланди. Хусусан, Ўзбекистон бурчаги кўргазманинг энг яхши павильони, деб топилди ва махсус сертификат билан тақдирланди.