18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун

Ўзбекистон Республикаси байроғи 1991 йил 18 ноябрда Олий Кенгашнинг VII сессиясида қабул қилинган. Ушбу кун халқимизнинг мустақилликка бўлган қатъий ишончи, миллий ўзлиги, бирлик ва бирдамлигини ифода этувчи муҳим тарихий саналардан биридир.
Бугун БМТ биносида унга аъзо бўлган мустақил давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам байроғи ҳилпираб турибди.
Аслида ҳар бир байроқнинг ўз тарихи, у мансуб бўлган юрт сувратию сийратига монанд қиёфаси бор. Байроғимиздаги ҳар бир элементга чуқур ёндашилган. Тарихий манбалардан, эзгу тимсоллардан андоза олинган. Байроғимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги ўзига хос маънога эга. Ундаги мовий ранг куч-қудратни, тинчлик ва барқарорликни ўзида акс эттиради. Оқ ранг поклик, беғуборликни ифодалаб келган. Яшил ранг эса, яшариш ва янгиланиш рамзи, шунинг баробарида она табиатимиз, асрий қадриятларимиз, иймон-эътиқодимиз тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар томиримиздаги аждодлар қони – мангулик нишонасидир.
Она Ватанимиз мустақиллиги, ғурури ва юксак мақсадларини мужассам этган ушбу рамз ҳар биримизни бирликка, фидойиликка ва Ватан равнақи йўлида масъулият билан хизмат қилишга чорлайди.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси жамоаси 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун билан барча юртдошларимизни муборакбод этади.