RCCI раиси Шаҳраиз Ашраф Малик: Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш учун улкан салоҳият мавжуд

Равалпинди Савдо-саноат палатаси – RCCI раиси Шаҳраиз Ашраф Малик Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Покистон бизнес конференциядаги иштироки ва юртимизга сафари ҳақидаги фикрларни баён қилди.
– Ўзбекистонда бўлишимдан жуда мамнунман. Бу мамлакат бой тарих ва улкан салоҳиятга эга. Айнан шунинг учун биз бу ерга келдик. Мамлакатда савдо ва бизнес қилиш учун барча имкониятлар яратилган. Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат бўлишига қарамай, Покистон орқали минтақавий савдо ва логистика имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда иқтисодий ривожланишга эришиши, портларимиздан фойдаланиб, катта иқтисодий фойда кўриши мумкин.
Делегациямиз таркибидан етакчи компания ва инвесторлар ўрин олган. Мақсадимиз икки томонлама савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш.
Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсадини белгилаб олган. Бунга эришиш эса катта саъй-ҳаракат ва мустаҳкам ҳамкорликни талаб қилади. Покистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳамда мамлакатингизнинг Исломободдаги элчисининг тизимли ва дўстона қўллаб-қувватлаши бизга ишонч бағишламоқда. Ўзбекистон элчиси бизни илиқ кутиб олди ва Равалпинди Савдо-саноат палатаси томонидан амалга оширилган ташаббуслар аҳамиятини юқори баҳолади.
Асосий мақсадимиз аниқ – барқарор ва самарали савдо алоқаларини йўлга қўйиш. Тошкентда бўлиб ўтган форумлар давомида икки мамлакат инвестори ва компаниялари ўртасида қатор Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бу икки томоннинг ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга бўлган жиддий ёндашувини намоён этади. Шу каби бизнес-миссиялар Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг стратегик аҳамиятини очиб беради. Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари келгусида янада кенгайиб, мустаҳкамланишига ишончим комил.