Тошкентда Ўзбекистон-Покистон бизнес конференцияси ўз ишини бошлади

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес конференцияси ва “International Achievement Awards and Business Opportunities Conference – 2025” ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан Равалпинди Савдо-саноат палатаси – RCCI (Rawalpindi Chamber of Commerce and Industry) билан ҳамкорликда, Ўзбекистон ҳукумати ва бизнес тузилмалари кўмагида ташкил этилмоқда.
Етакчи компаниялар, саноат ассоциациялари, инвестиция ва логистика институтларининг 150 дан ортиқ вакилларидан иборат Покистон делегацияси форумда иштирок этиш учун Тошкентга келди. Иштирокчилар орасида RCCI президенти Усман Шавкат, вице-президенти Фаҳад Барлас, RCCI раиси Шаҳраиз Ашраф Малик ва бошқа нуфузли тадбиркорлар бор.
Конференция савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва икки мамлакат бизнеслари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида ташкил этилди. Халқаро тадбирнинг биринчи кунида Тошкентда Ўзбекистон-Покистон бизнес форуми, В2В ва В2G музокаралари, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция ва экспорт салоҳияти бўйича тақдимотлар бўлиб ўтади.
Дастурнинг асосий тадбири халқаро бизнес интеграциясини ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни илгари суришга катта ҳисса қўшган компания ва тадбиркорларни (International Achievement Awards) мукофотлари маросими ҳисобланади.
Тадбир якунида саноат, туризм, авиақатновлар, IТ, рақамли иқтисодиёт ва фонд бозори соҳаларида меморандумлар ва ҳамкорлик шартномаларини имзолаш режалаштирилган. Бу янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва минтақавий бозорларда Ўзбекистон ва Покистон бизнесларининг иштирокини кенгайтириш имконини беради.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасининг тайёргарлик ишлари натижасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ўзаро алоқалар учун амалий платформа яратилди, бу эса конференцияни икки томонлама иқтисодий муносабатлардаги энг муҳим тадбирлардан бирига айлантирди.