Сифатли таълим – барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг энг қисқа йўлидир
Стратегик ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон ўз олдига улкан мақсад ва режаларни қўйган.
Уларни ҳаётга татбиқ этиш учун Ўзбекистонга жадал ислоҳотлар суръатига мос етук кадрлар, мутахассислар зарур.
Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда.
Мамлакатда тарихан қисқа муддатда таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар таҳлили асосида қуйидаги ижобий тенденцияларни кўрсатмоқда.
Биринчидан, таълим соҳасига ёндашув тубдан ўзгарди. Хусусан, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” шиори асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди. Мактабларда иш юкламаси мақбуллаштирилиб, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиёти бекор қилинди. Бу борада анъанавий ёндашувлардан воз кечилиб, замонавий технологиялар, илғор хорижий тажриба фаол жорий этила бошланди.
Иккинчидан, таълим тизимидаги ислоҳотларнинг асосини – жамиятда ўқитувчининг мақомини ошириш, уларга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш ташкил этди.
Бу борада ўқитувчиларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, олис ҳудудларда ишлаётган педагоглар учун устамалар жорий этиш белгиланди.
Учинчидан, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичига ва таълим соҳасидаги замонавий тенденцияларга мутаносиб ҳуқуқий макон яратилди. Жумладан, педагог-ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақоми биринчи маротаба мамлакатнинг янги таҳрирдаги Конституциясида қатъий белгилаб қўйилди. Унга кўра, “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади” (52 модда) Шунингдек, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.
Бундан ташқари, Асосий Қонунимизда таълим соҳасида давлатнинг алоҳида мажбуриятлари сифатида имконияти чекланган болаларнинг сифатли билим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган аниқ механизмлар назарда тутилган. Жумладан, Конституциянинг 50 моддасида таълим муассасаларида алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун инклюзив таълим таъминланиши тўғрисида ижтимоий норма киритилди.
Тўртинчидан, тизимда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кенг қамровли стратегик ислоҳотлар амалга оширилди. Соҳага оид долзарб вазифалар концептуал ва стратегик ҳужжатларда ўз аксини топмоқда.
Хусусан, 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, «Рақамли Ўзбекистон - 2030» стратегияси, “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”, “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”, “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” шулар жумласидандир.
Аҳамиятлиси, уларнинг асосини ёшлар салоҳиятини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбияси учун муносиб шарт-шароитларни яратиш ташкил этмоқда. Зеро, улуғ маърифатпарвар, атоқли адиб ва педагог Абдулла Авлонийнинг: «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир», деган сўзлари барча давр учун долзарбдир.
Бешинчидан, статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси 37 млн. нафарни ташкил этмоқда. Демографларнинг прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб мамлакат аҳолиси 40 млн. кишидан ошади. Айни пайтда, мутахассислар аҳоли ўсиши динамикасини, жумладан ундан ёшлар улушининг ўсиб бориши “демографик дивиденд” даври дея баҳолашмоқда ва уларнинг фикрича, бундан оқилона фойдаланиш келгусида мамлакат тараққиётига хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида “инсон қадри” таъминлаш, пировард натижа сифатида эса инсон капиталини ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу давр талабидир. Зеро, ҳар қандай ислоҳотнинг натижадорлиги сифатли ва замонавий таълим олган, юксак салоҳиятли мутахассисларга боғлиқдир. Бошқача айтганда, инсон капитали – ҳар қандай модернизация ва иқтисодий муваффақиятнинг энг муҳим пойдеворидир.
Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг яна бир муҳим йўналиши – бу ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратишдир. Узоқ йиллардан буён мактаб битирувчиларининг 50%и меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ўз ечимини кутаётган муаммолардан бири эди.
Мазкур масалани ҳал этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилмоқда. Унга кўра, ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилди. Келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади.
Олтинчидан, сифатли таълим — мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи энг самарали ва қисқа йўлдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида “Таълим сифатини ошириш - Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ягона тўғри йўли” дея таъкидлаб, 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилган эди.
Еттинчидан, сўнгги йилларда давлат бюджетидан таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар миқдори ортиб бориш тенденцияга эга бўлмоқда. Жумладан, 2021 йилда олий ва ўрта таълим тизимига 2,9 трлн. сўм, халқ таълимига 22,1 трлн. сўм ажратилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 4,1 трлн. ва 25,8 трлн. сўмни ташкил қилган.
Умумий ҳисобда таълим шу жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда. Хусусан, ушбу ислоҳотлар учун давлат бюджетидан харажатлар сўнгги 6 йилда 4,3 бараварга оширилди.
Шу билан бирга, халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш жараёнида ўрта мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақи 3 бараварга оширилиб, мактабларга малакали мутахассисларни жалб қилишга эришилди. Бунинг натижасида 2016/2017 ўқув йилида олий маълумотли ўқитувчиларнинг улуши 81,8% ни ташкил этган бўлса, 2020/2021 ўқув йилида ушбу кўрсаткич 87,8% га етди.
Бундан ташқари, мамлакатнинг олис туманларида фаолият юритаётган педагог кадрларнинг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида уларга ҳар ойда 50% миқдорида қўшимча устама ҳақ тўлаш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Шунингдек, мактаб ўқитувчиларига уй-жой, автотранспорт, маиший техника воситалари ва бошқалар учун имтиёзли кредитлар бериш амалиёти жорий этилди.
Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди, аммо қанчалик оғир бўлмасин, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар ажратилмоқда. Ўзбекистон Раҳбари мазкур харажатларни харажат эмас, балки келажак учун қўйилган энг самарали сармоя деб ҳисоблаб, таълим даражаси ва сифати ҳар қандай давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини таъкидламоқда.
Саккизинчидан, соҳадаги ислоҳотлар қисқа муддатда ўзининг ижобий натижасини бера бошлади. Жумладан, агарда 2017 йилда Ўзбекистонда мактабгача таълим билан атиги 27% болалар қамраб олинган бўлса, сўнгги етти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74% етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда.
Шунингдек, сўнгги йилларда олий таълим муассасалари сони 210 тага (таққослаш учун: 2016 йилда – 77 та), қамрови эса 42% га етди. Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та янги касб бўйича мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда 30 дан ортиқ хорижий давлатларнинг (АҚШ, Буюк Британия, Италия, Финляндия, Корея, Ҳиндистон, Сингапур Россия ва ҳ.к.) нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари очилди.
Умуман олганда, ислоҳотлар натижасида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар сони 2,2 бараварга ошди. Хусусан, 2016 йилда 268,3 минг талаба таҳсил олган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 1,03 млн. нафарга етди.
Тўққизинчидан, ушбу соҳадаги бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш, бошқарувнинг замонавий шаклларини жорий этиш, таълим тизимида фаолият юритаётган ташкилотларнинг ўхшаш ва ўзаро бир-бирини такрорловчи функцияларини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг фаолиятини самарали таъминлаш мақсадида Олий таълим ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги негизида - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача таълим ва Халқ таълими вазирлиги бирлаштирилиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил этилди.
Ўнинчидан, таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва таъсири борлиги ҳисобга олиниб, кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида 44 минг нафардан ортиқ эркак ўқитувчи халқ таълими тизимига қайтди.
Шунингдек, иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим жорий этилди. Жумладан, юқори малакали мутахассисларни хорижда тайёрлаш, иқтидорли ва истиқболли давлат хизматчиларини излаб топиш, танлаш ва рағбатлантириш, янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга кўмаклашиш мақсадида «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилди.
Бугунги кунда 504 нафардан ортиқ жамғармаси стипендиатлари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олмоқдалар.
Бундан ташқари, иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнига илғор технологиялар, услублар ва хориж тажрибасини кенг жорий этиш, уларни ўқитиш ва тарбиялашда яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида давлатимиз Раҳбарининг 2019 йил 20 февралда “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Бугунги кунда мамлакатнинг барча ҳудудларида Президент мактаблари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Мисол сифатида 2024 йилда Тошкентдаги Президент мактаби ўқувчиси Абдулазиз Собиров дунё рейтингида Топ 5 таликка кирувчи Гарвард университетига 354 минг доллар миқдоридаги грант билан ўқишга қабул қилинганини кўрсатиш мумкин.
Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоим сифатида 2024 йилда Президент мактаблари таълим дастури яна мингта мактабда бошланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, мамлакатда Ижод мактаблари, Абу Али Ибн Сино, М. Улуғбек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилган.
Мамлакат таълим тизими соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган энг сўнгги ислоҳотлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилингани бўлди (02.02.2024 й. ПҚ-54-сон).
Лойиҳа офисининг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш;
- халқаро ташкилотлар, молия институтлари, консалтинг компаниялари ва мутахассисларнинг тавсияларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, мақбул ташаббусларнинг самарали имплементация қилинишини таъминлаш;
- етакчи экспертлар, консультантлар, маслаҳатчилар ва жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
- таълим турлари ва даражалари ўртасида узвийликни ва узлуксизликни таъминлаш, давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамжиҳатликдаги фаолиятини йўлга қўйиш;
- таълим ташкилотларида таълим сифати маданиятини шакллантириш, ўқув дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказишда вазирлик ва идораларга ҳар томонлама кўмаклашиш;
- мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш;
- ўқувчилар билими, таҳлилий, танқидий ва креатив фикрлаши, муаммоларга ечим топиб, амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув методикаларини ишлаб чиқиш.
- тан олинган хорижий дастурлар (А-level, IB каби), ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, ТIMSС, PIRLS) босқичма-босқич жорий этиш;- таълим сифатини назорат қилиш йўналишида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижий ва халқаро баҳолаш ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш.
Таъкидлаш керакки, бугун Ўзбекистонда ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган бўлиб, таълим тизимидаги ўзгаришлар уларнинг асосини ташкил этади. Аҳамиятлиси, соҳадаги ислоҳотлар стратегик характерга эга бўлиб, давлат мунтазам тарзда уларни замонавий тенденциялар асосида такомиллаштириб бориш мақсадида яқин истиқболда ўз олдига катта вазифаларни қўйган. Хусусан:
- мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда болаларнинг тўлиқ қамровини таъминлаш.
- умумий ўрта таълим тизимида «Таълим учун қулай муҳит» дастурини амалга ошириш. Унинг доирасида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
- умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш. Хусусан, 700 га яқин номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, педагоглар учун методик қўлланмалар ва мобиль иловалар яратиш.
- барча умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунарларга ўргатиш курсларини жорий этиш. Жумладан, Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг таълим методикасини барча умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнларига жорий этилади.
- умумий ўрта таълимни ривожлантириш жараёнига хусусий секторни фаол жалб қилиш жумладан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 1 000 тага етказиш.
- келгуси беш йилда нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун 1 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш. 2024 йилдан бошлаб ҳар йили давлат-хусусий шериклик асосида камида 100 тадан умумий ўрта таълим муассасалари қурилиши бўйича шартномалар тузиш.
- нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчилар улушини 3 баробарга ошириш. Давлат-хусусий шериклик асосида ва халқаро молия институтларидан жалб қилинадиган маблағлар ҳисобидан 2 млрд. долларлик умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқалар.
мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва янги боғчаларни қуриш учун 2030 йилга қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 80,8% га етказиш мақсад қилинган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатда таълим соҳасидаги ислоҳотлар, ёшларни таълим тизими билан қамраб олиш борасида амалга оширилган дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, World Population Review томонидан 2021 йилда энг саводли мамлакатлар рейтингини тузиш учун 154 мамлакатдаги ҳолатни таҳлил қилган. Рейтингга кўра Ўзбекистон саводхонлиги 100 фоизни ташкил қилган 4 та мамлакатлардан биридир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, инсон капитали иқтисодий ўсишни таъминлайдиган муҳим омилдир. Шу нуқтаи назардан, сифатли таълим шубҳасиз, мамлакат тараққиётини таъминлашга хизмат қиладиган энг самарали ва қисқа йўлдир. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, сўнгги йилларда Ўзбекистон таълим тизимидаги ислоҳотлар ижобий динамикага эга бўлмоқда ва улар ўрта ва узоқ истиқболда ўз самарасини беради.
Аброр ЮСУПОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти бўлим раҳбари, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Турсунбой ЗИКИРОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими