Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегациянинг Германия Федератив Республикасига ташрифи юзасидан

11 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация Германия Федератив Республикасининг Берлин шаҳрига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Валтер Штайнмаер билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломлари етказилди ҳамда Германиянинг Марказий Осиёга бўлган доимий қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирилди. Германиянинг минтақага нисбатан Европа Иттифоқи сиёсатини шакллантиришдаги роли, хусусан Марказий Осиё бўйича ЕИ Стратегияси каби ташаббуслар мисолида муҳим экани қайд этилди. Икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, яшил тараққиёт, энергетика ва таълим соҳаларида аниқ ҳамкорлик режалари мавжудлиги таъкидланди.
Шу куни “Марказий Осиё – Германия” форматидаги илк вазирлар даражасидаги учрашув ҳам ўтказилди. Мазкур механизм ишга туширилиши ҳамкорликка янада тизимли ва амалий тус берадиган муҳим босқич экани таъкидланди. Марказий Осиёнинг Евросиё юрагида жойлашган, ўз бирлиги, иқтисодий салоҳияти ва глобал ролини мустаҳкамлаб бораётган динамик минтақа экани қайд этилди. Инвестиция, технология ва савдо, муҳим хомашёлар, “яшил” энергетика, иқлим, транспорт боғлиқлиги ва логистика йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармонлик мулоқотини чуқурлаштириш зарурлиги билдирилди. Учрашув натижалари навбатдаги “Марказий Осиё – Германия” саммитига пухта замин яратишига ишонч билдирилди. Делегация томонидан вазирлар учрашувини ташкил этгани учун Германия томонига миннатдорлик билдирилди.