Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

Бугунги глобаллашув шароитида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик фақат сиёсий ва иқтисодий йўналишлар билангина чекланиб қолмай, балки маданий алоқалар орқали ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон ва Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги маданият соҳасидаги ҳамкорлик икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Покистонни қадимий тарих, бой маданий мерос, диний ва маънавий қадриятларнинг муштараклиги бирлаштириб туради. Ҳар икки халқ Шарқ сивилизациясининг муҳим марказларидан бўлиб, адабиёт, санъат, меъморчилик ва илм-фан соҳаларида дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган. Шу сабабли маданий ҳамкорлик табиий ва мантиқий жараён сифатида ривожланиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги муносабатларда маданият соҳасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин эгаллайди. Икки давлатни умумий тарихий илдизлар, бой маданий мерос ҳамда маънавий қадриятларнинг муштараклиги бирлаштириб туради. Сўнгги йилларда ушбу йўналишдаги алоқалар мустаҳкам ҳуқуқий асосга таянган ҳолда изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги маданият соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси 1992 йил 27 июн куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида маданият, соғлиқни сақлаш, фан ва техника, кадрлар тайёрлаш, туризм, спорт ва оммавий ахборот соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битим” билан белгиланади. Мазкур Битим икки давлат ўртасида маданий алмашинувларни амалга ошириш, санъат ва ижод соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатнинг мантиқий давоми сифатида 2021 йил 15-16 июль кунлари Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан Покистон Ислом Республикаси Миллий мерос ва маданият муассасаси ўртасида 2021- 2026 йилларга мўлжалланган маданият соҳасида алмашув Дастури” имзоланди.
Мазкур ҳуқуқий асослар доирасида маданият соҳасидаги ҳамкорлик амалий жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2021 йил 14–16 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – дунё сивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форумида ҳамда 17–21 сентябрь кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Покистон ижодий гуруҳининг иштироки икки томонлама маданий алоқаларнинг фаоллашганини яққол намоён этди.
2022 йил 3–4 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Покистонга расмий ташрифи доирасида Исломобод шаҳрида жойлашган «Lok Virsa» музейида Ўзбекистон бурчагининг очилиши икки халқ маданиятини ўзаро танитиш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлди.
Кейинги йилларда ҳам маданий алмашинувлар изчил давом этди. 2022 йил 25–30 апрель кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган “Лазги” Халқаро рақс фестивали ҳамда 2023 йил 5–8 май кунлари Гулистон шаҳрида ўтказилган III Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Покистон Бош вазири маслаҳатчиси A.Муқам бошчилигидаги Покистон делегацияси иштирок этди. 2024-йил давомида Хива шаҳрида ташкил этилган “Лазги”, Зомин туманида ўтказилган “Мақом санъати” ва Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалларида Покистон вакилларининг қатнашуви ҳамкорликнинг кенгайиб бораётганидан далолат берди.
2025 йил апрель ойида Хивада ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Покистон вакиллари иштирок этди. Шунингдек, 2025 йил 26–28 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Самарқанд шаҳри – 2025 йил Ислом дунёси маданий пойтахти” тадбирларида Покистон маданият ва миллий мерос вазири Аврангзеб Хоннинг иштироки маданий ҳамкорликнинг юқори даражага кўтарилганини кўрсатди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги маданият соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлиб, амалий тадбирлар орқали изчил ривожланиб бормоқда. Мазкур ҳамкорлик икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга, бой маданий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишга хизмат қилмоқда.