Ўзбекистон ва Туркия ёшлар сиёсатидаги туташ йўллар

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар охирги йилларда тадрижий кенгайиб, турли соҳаларни қамраб оляпти. Икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари асосида шаклланган бу ҳамкорлик доирасида иқтисодий, савдо, маданий ва гуманитар йўналишлар билан бир қаторда ёшлар масалалари ҳам устувор йўналиш сифатида кун тартибига чиқди. Бу жараён ёшлар масаласининг ички ижтимоий чора-тадбирлар доирасидан чиқиб, давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисмига айланаётганини кўрсатади.
Мамлакатлараро ҳамкорлик доирасида ёшлар сиёсати масалаларининг тизимли муҳокама қилиниши ва амалий ташаббуслар билан мустаҳкамланиши ушбу йўналишга институционал ёндашув мавжудлигини кўрсатади. Шу билан бирга, ёшлар алмашинуви, қўшма форумлар, таълим ва инновация йўналишидаги ташаббуслар аниқ режа ва механизмлар асосида амалга оширилаётган йўналиш сифатида шаклланяпти. Ёшлар масаласи икки томонлама муносабатларда босқичма-босқич мустаҳкамланиб, барқарор ҳамкорлик элементига айланмоқда.
Шу маънода дастлаб 2019 йил 3–6 декабрь кунлари Истанбул шаҳрида ўтказилган Туркий Кенгаш ёшларининг учинчи фестивалини таъкидлаш мумкин. Фестиваль Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида ташкил этилиб, унда Ўзбекистон ва Туркия билан бир қаторда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия ва Шимолий Кипрдан жами 100 га яқин фаол ёшлар иштирок этди.
Ёшлар сиёсатининг институционал даражада муҳокама қилиниши 2021 йил 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ёшлар ва спорт вазирлари бешинчи йиғилиши билан янада мустаҳкамланди. Ўзбекистон мезбонлигидаги йиғилишда ёшлар алмашинуви дастурлари, ёшлар платформалари ва қўшма тадбирларни мувофиқлаштириш масалалари бўйича келишувларга эришилди, хусусан, 2022 йилда ёшларнинг кўп томонлама алмашинуви дастурини Туркия ҳудудида ўтказиш бўйича.
Мисол учун, мазкур келишувлар 2022 йил 22–27 август кунлари амалий босқичга ўтди. Шу кунлари Истанбул ва Коня шаҳарларида ўтказилган биринчи кўп томонлама ёшлар алмашинуви дастурида 10 нафар ўзбекистонлик ёш иштирок этди. Дастур ёшлар ўртасида тўғридан тўғри мулоқот, тажриба алмашуви ва ижтимоий алоқаларни йўлга қўйишга қаратилди. Ҳамкорлик кейинги йилларда ҳам шу тахлитда давом эттирилди.
2023 йил 14–18 август кунлари Туркиянинг Ҳатай вилоятидан 20 нафар ёш Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларига келди ва ёшлар сиёсати, маданият, волонтёрлик ва иқлим ўзгариши йўналишларида “Ўзбекистон–Туркия ёшларининг бирдамлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
2024 йил 19–25 август кунлари эса Туркия томонининг таклифига биноан 22 нафар ўзбекистонлик ёш Истанбул, Бурса ва Чаноққалъа шаҳарларида ёшлар алмашинув дастурида иштирок этди. Ёшлар ҳамкорлиги кўп томонлама йирик тадбирлар орқали ҳам мустаҳкамланиб борди. 2022 йил 3–4 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган Туркий Давлатлар Ташкилотининг тўртинчи Ёш лидерлар форумида Ўзбекистон ва Туркия вакиллари фаол иштирок этди.
Шунингдек, 2024 йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси доирасида Ўзбекистон ва Туркия Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Венгрия билан бирга
2024–2030 йилларга мўлжалланган болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб этиш бўйича халқаро стратегияни имзолади. Муҳтасар қилганда, бу ҳужжат ёшлар сиёсатини барқарор ривожланиш масалалари билан боғлашга қаратилган аниқ бир йўналишни белгилади.
Юқоридаги фактлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ёшлар соҳасидаги ҳамкорлиги изчил, мувофиқлаштирилган ва аниқ механизмларга таянган ҳолда ривожланаётганини кўрсатади. Ёшлар билан ишлаш тадрижий такомил билан даража-бадарожа шаклланиб бораётган барқарор ҳамкорлик йўналиши сифатида намоён бўляпти.
Шу билан бирга, ёшлар сиёсати бўйича ҳамкорликнинг институционал даражаси кейинги йилларда янада ошди. 2025 йил 16–17 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Ёшлар ва спорт масалалари бўйича вазирларининг 9-йиғилиши доирасида Ўзбекистон томони 2026 йилда Туркий дунё ёшлар пойтахти лойиҳасини ўтказиши белгиланди. Шунга мувофиқ жорий йилда Хива шаҳри Туркий дунё ёшлар пойтахти мақомига эга бўлиб, лойиҳа доирасида пойтахтнинг очилиш маросими, халқаро ёшлар фестивали, “Ёш лидерлар ва тадбиркорлар форуми” ҳамда якуний тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ёшлар сиёсати доирасида ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Туркиянинг Анталия ва Орду шаҳарлари билан биродар ёшлар шаҳарлари сифатида белгиланиши кўзда тутилган.
Икки мамлакат ўртасидаги ёшлар бўйича ҳамкорлиги технология ва инновация йўналишида ҳам алоҳида амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Бундай ҳамкорлик эса ёшлар сиёсатини инсон капитали билан бевосита боғлаш имконини беради. 2022 йил 26–29 май кунлари Озарбайжон пойтахтида ўтказилган “Teknofest Azerbaijan” фестивали доирасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги делегацияси иштирок этди. Фестиваль Туркия технология жамғармаси ва Туркия саноат ва технологиялар вазирлиги томонидан ташкил этилиб, ёшлар ўртасида технологик лойиҳалар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Ушбу иштирок Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ёшларни технологик муҳитга жалб этиш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим тажриба майдонини яратди.
Технология йўналишидаги ҳамкорлик 2022 йил 30 август – 4 сентябрь кунлари Туркиянинг Самсун шаҳрида ўтказилган “Teknofest” космос, авиация ва технологиялар фестивалида янги босқичга кўтарилди. Мазкур фестивалда Ўзбекистон делегацияси илк бор миллий павильон билан иштирок этди. Фестиваль доирасида 15 та давлатдан 600 мингдан ортиқ ёшлар, муҳандислар ва ихтирочилар қатнашди. Ўзбекистон учун ажратилган 300 квадрат метр майдонга эга павильонда ёшлар томонидан яратилган 20 та инновацион лойиҳа ва ишланмалар намойиш этилди.
Шундан сўнг 2022 йил 12–17 декабрь кунлари Истанбул шаҳрида илк бор “Ўзбекистон – Туркия ёшлар бизнес форуми” ташкил этилди. Форумда икки мамлакатдан турли йўналишларда фаолият юритаётган 200 нафардан ортиқ ёш тадбиркор, жумладан, 40 нафар ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди. Форум доирасида “Туркия инновациялар ҳафталиги” ўтказилиб, ёш тадбиркорлар илғор инновацион лойиҳалар ва технологик ечимлар билан танишди. Тадбир якунида 351 минг АҚШ доллари миқдорида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Муҳим жиҳати шуки, ёшлар масалалари ва технология йўналишидаги ҳамкорлик институционал асослар билан ҳам мустаҳкамланди. 2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Туркия Технология жамоаси жамғармаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси” лойиҳа офиси ўртасида Тошкент шаҳрида “Билим Тошкент” марказини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди. Ушбу марказ ёшлар учун технологик билим ва кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган инфратузилма сифатида кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ёшлар йўналишида ҳамкорлиги фақат алмашинув ва технологик ташаббуслар билан чекланиб қолмай, гуманитар ва волонтёрлик йўналишларида ҳам ривожланиб боряпти. 2020-йилнинг май–июн ойларида COVID-19 пандемияси шароитида Туркия халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда республиканинг барча ҳудудларига 1000 дан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ёрдам қутилари тарқатилди. Ушбу ташаббус ёшлар ва гуманитар ҳамкорлик ўртасидаги боғлиқликни амалий жиҳатдан кўрсатиб, фавқулодда вазиятларда ижтимоий барқарорликни қўллаб-қувватлашда ёшлар тузилмалари муҳим рол ўйнашини намоён этди.
Волонтёрлик йўналишидаги ҳамкорлик 2022 йилда аниқ дастурий форматда давом эттирилди. 2022 йил 1-5 август кунлари Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ёшлари учун “Ёшларни волонтёрликка тайёрлаш” мавзусида ўқув дастури ўтказилди. Унда 9 нафар ўзбекистонлик ёш волонтёр иштирок этди. Тренинг волонтёрлик фаолиятини тизимли ёндашув асосида ташкил этиш, инқирозли вазиятларда ёшларнинг иштирокини кучайтириш ва тажриба алмашиш мақсадларига қаратилди.
Гуманитар ҳамкорлик 2023 йилда Туркиянинг жануби-шарқий ҳудудларида юз берган кучли зилзила оқибатларини бартараф этиш жараёнида яна бир бор амалда кўринди. Гуманитар ва волонтёрлик йўналишлари ёшлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни сақлаб қолиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қиляпти.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ёшлар йўналишидаги ҳамкорлик барқарор ҳамкорлик тизимига айланди. Ёшлар алмашинуви, институционал мулоқот, технология ва инновация йўналишидаги ташаббуслар ҳамда гуманитар фаолият ўзаро уйғун ҳолда олиб бориляпти. Бу ҳолат ёшлар масалалари инсон капиталини ривожлантириш ва жамиятлараро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим механизм сифатида шакллантирмоқда. Ҳамкорликнинг мазкур йўналишлари аниқ дастурлар ва механизмлар орқали мустаҳкамланиб, вақт ўтиши билан янги шакллар билан бойияпти.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ёшлар йўналишидаги ҳамкорлиги бугунги эҳтиёжларга мослашган, аниқ амалий тажрибага таянган ва келгусида ҳам ривожланиш имкониятига эга бўлган йўналиш сифатида шаклланди. Бу ҳамкорлик ёшлар билан ишлашнинг замонавий ёндашувларини синовдан ўтказиш ва уларни кенгроқ амалиётга жорий этиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қиляпти.