Ўзбекистон-Туркия: ҳамкорликнинг янги босқичи ва маданий-гуманитар алоқаларининг ривожланиш истиқболлари

Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган катта ютуқларидан бири, таъкидлаш жоизки, кўп миллатли фуқаролар ўртасида тинчлик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлиликни таъминланганлигидир. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда ишлаб чиқилган оқилона миллий сиёсатнинг туб ўзагини “Кўпмиллатлилик — Ўзбекистоннинг бойлиги” деган бош ғоя ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан юқори даража аҳамият касб этмоқда. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳақиқатан ҳам стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида тарих ва бугунги кун турк-ўзбек халқлари нафақат этник келиб чиқиши жиҳатидан, балки руҳиятига кўра ҳам ҳақиқий қардош халқлар эканига яққол гувоҳлик беради. Бу икки қардош халқ тарихий тараққиётнинг барча эврилишларига қарамасдан, шиддат билан ўзгараётган дунёда рақобатбардош бўлиб қолиш учун зарур ислоҳотларни амалга оширган ҳолда ўз миллий давлатчилигини матонат ва меҳнацеварлик билан мустаҳкамлаб келмоқда. Шу ўринда, Туркиянинг ривожланган саноати, қишлоқ хўжалигида эришган ютуқлари, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси ва турк сармоядорларининг Ўзбекистон бозорига бўлган табиий қизиқишларини ортиб бораётганлиги мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Мана шундай яқинлик ва ёндашувларнинг муштараклиги Ўзбекистон-Туркия давлатларини истиқболдаги маданий-гуманитар алоқаларининг ривожланиши бундан буён ҳам ўзбек-турк халқлари фаровонлиги йўлида мустаҳкамланиб, чуқурлашиб боришининг энг ишончли гаровидир.
Хусусан, бунга сабаб ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлиқлиги ва ҳар икки мамлакат аҳолисининг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқинлигидадир. Бу эса мустаҳкам пойдевор сифатида муносабатларнинг чуқур тарихий ва маданий илдизларга эга эканлигини ҳам кўрсатади. Қолаверса, маданий ва тарихий жиҳатдан бу икки мамлакат туркий халқлар тамаддуни ривожида марказий ўрин тутишган. Шу боис 2019 йили 15 октябрда Боку шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи саммитда Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкилотига тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши барча иштирокчи давлатлар томонидан юқори баҳоланди ва кўтаринки кайфиятда кутиб олинди. Ўз навбатида, бу ҳодиса нафақат туркий оламда биродарлик руҳининг мустаҳкамланишига, балки Анқара ва Тошкент ўртасида янги мунтазам ҳамкорлик формати пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлди десак муболаға бўлмайди.
Ташкилотнинг 2021 йил 12 ноябрда Истанбул шаҳрида ўтказилган саккизинчи саммитида унинг номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилди. Шунингдек, саммитда турк дунёсининг 2040 йилгача бўлган давр учун консепсияси ҳам тасдиқланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди. Таклиф қабул қилинди ва ташкилотнинг навбатдаги тўққизинчи саммити, Ўзбекистонда 2022 йил ноябрь ойида бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, икки давлат етакчилари 2022 йилда давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик шериклик муносабатлари йўлга қўйилганининг 5 йиллиги нишонланди ҳамда Ўзбекистондаги ислоҳотлар борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, фан, таълим, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳаларидаги шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олинганлиги фикримиз тасдиғидир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, халқ фаровонлигини ва ҳаёт даражасини ошириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар дастурини жадаллик билан олиб бормоқда. Мазкур сиёсатнинг муваффақияти қисман бўлса-да мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ташқи ҳамкорлари билан самарали алоқаларни янги сифат босқичига олиб чиқишига боғлиқ. Шунингдек, айтиш жоизки, бугун Ўзбекистон дунёдаги инқилобий ўзгаришларга янги фаол, прагматик ва конструктив руҳдаги ташқи сиёсат билан жавоб бермоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш ва уни дунё миқёсидаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадлари ташқи ҳамкорлар билан саноат кооперацияси йўналишидаги ҳамкорликни кучайтириш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, ташқи сармоялар ва юқори технологияларни кенг кўламда жалб этишни талаб этмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон ва Туркия иқтисодий тараққиёт стратегиялари бир неча муҳим соҳаларда бир-бирини тўлдириш қобилиятига эга эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Бунга сабаб, Туркия дунёнинг 20 та йирик иқтисодий ривожланган давлатлардан бири ва Ўзбекистон учун муҳим ҳисобланган туризм, тўқимачилик, автомобилсозлик, қурилиш, озиқ-овқат саноати соҳаларида юқори натижаларни қўлга киритганлигидадир.
Хусусан, Туркия тўқимачилик ва заргарлик буюмлари саноати дунёдаги кучли бешталикка киради. Турк қурилиш ширкатларидан 44 таси жаҳон миқёсидаги етакчи 250 та қурилиш компаниялари рўйхатидан ўрин эгаллаган. Бу кўрсаткич бўйича Туркия дунёнинг иқтисодий етакчиларидан бири ҳисобланмиш Хитой давлатидан кейинги иккинчи ўринда туради. Мамлакат озиқ-овқат саноати маҳсулотлари эса Ғарб бозорларига кириб боришга, ундаги ўз позициясини мустаҳкамлашга улгурган бўлса, турк автомобил саноати оддий автомобиллардан миллий электромобилларни оммавий равишда ишлаб чиқаришга ўтиш тараддудида турибди. Бу ҳолат Туркиянинг биз учун муҳим иқтисодий шерик эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Чунки Янги Ўзбекистон экспортга йўналтирилган мутлақо янги иқтисодий тараққиёт модели асосларини барпо этишга кириши иқтисодиётнинг барча соҳаларида тизимли ўзгаришларни ва бу тармоқларда саноат кооперациясини давомли ривожлантириш мумкин бўлган ишончли ташқи ҳамкорлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашни тақозо этади.
Мухтасар қилиб айтганда, сўнгги йилларда тарихан қисқа давр мобайнида ўзбек-турк алоқаларида мазмунан юз йилликларга татигулик инқилобий ўзгаришлар ясаш учун мустаҳкам тамал тоши қўйилди – муҳим дастурий режалар ишлаб чиқилиб, дадил амалий ҳаракатлар бошланди. Муносабатларнинг бундай тарзда куртак ёзиши Ўзбекистон ва Туркиянинг халқаро майдонда янада нуфузи ортиб, икки давлат иқтисодиёти ўсиш суратларининг барқарорлиги, мамлакатлар халқлари ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ва яратувчанлик салоҳиятининг тўлиқ рўёбга чиқишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Туркия ва Ўзбекистон ўртасида нафақат икки томонлама муносабатлар фаол ривожланмоқда, балки кўп томонлама форматларда ҳам ҳамкорлик қилинмоқда. Туркий тилли давлатлар ташкилотидаги иштирок ҳам Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг муҳим қисмларидан биридир.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ турли миллатга мансуб фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг миллий ўзлигини англаши ҳамда этник қадриятларини сақлаб қолишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Шунингдек, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, умумиллий бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, энг аввало, бой тарихий-маънавий мерос, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналар асосида миллий ўзлигини англаган, миллий ғурур-ифтихори юксалган, умуминсоний қадриятлар, замонавий технологиялар, илм-фан ютуқлари асосида дунёқараши шаклланган баркамол авлодни тарбиялашни кўзда тутади.
Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонда бирдамлик ва ҳамжиҳатлик миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг жамиятда бирлик ва тотувликни сақлашдаги асосий тамойил бўлиб, бунда нафақат турли этник гуруҳларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, балки бошқаларнинг ҳуқуқларига ҳурмат ва эътиборга асосланган фуқаролик ўзлигини шакллантириш ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади.
Миллатлараро муносабатлар йўналишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 мартдаги “Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-52-сон Фармони қабул қилиниб, унда жамиятда умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашнинг устувор вазифаларидан бири этиб миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлаш орқали ягона фуқаровий ўзликни шакллантириш белгиланди.
Қўмита миллатлараро муносабатлар ҳамда хориждаги ватандошлар масалалари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органлари ва ташкилотларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи этиб белгиланди.
Қўмитанинг жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш; Ўзбекистонда яшовчи барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни умуммиллий тараққиётга дахлдорлигини кучайтириш; халқ дипломатияси механизмлари орқали хорижий мамлакатлар билан ижтимоий-маданий ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш; хориждаги ватандошларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини Ватанимиз ривожига сафарбар этишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон халқи ҳамда хориждаги ватандошларнинг жамиятнинг муштарак мақсадлари йўлида бирдамлиги, умуммиллий ҳамжиҳатлик масалаларини тизимли таҳлил қилиш асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Қўмита хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар бўйича давлат сиёсатини изчил амалга ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун АҚШ, Канада, Хитой, Озарбайжон, Туркия ва бошқа қатор давлатларда ҳамкорлик борасида салмоқли тадбирларни амалга оширди.
Ҳозирги кунда Қўмита жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлаш ҳамда хориждаги ватандошларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини Ватанимиз ривожига сафарбар этишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари билан дўстликни мустаҳкамлаш, давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган 157 та миллий маданий марказлар, 43 та дўстлик жамиятлари, хориждаги 60 дан ортиқ биродар шаҳарлар ва 100 га яқин хориждаги ватандошлар жамиятлари билан “халқ дипломатиси” механизмидан фойдаланган ҳолда ўзаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.
Турли миллатларнинг миллий ўзлиги, тили, анъанаси, урф-одатлари, тарихи ва маданиятини сақлаб қолишга, намойиш этишга ва ривожлантиришга катта имкониятлар яратилди. Қолаверса, Янги Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан маданий ҳамкорлигини юксалтириш йўлида мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли миллат вакиллари томонидан вужудга келтирилган миллий маданий марказларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Жумладан, 1991 йилда Бухоро шаҳрида ва 1992 йилда Тошкент шаҳрида турк миллий маданий марказлари ҳамда 1997 йилда Ўзбекистон турк миллий маданий маркази ташкил этилди.
1997 йилдан буён Ўзбекистон турк миллий маданий маркази (раис Салманов Умар Ибрагимович)нинг асосий фаолияти турк тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини қайта тиклашга йўналтирилгани боис, Марказ қошида “Нуронийлар Кенгаши”, “Аёллар Кенгаши”, “Ёшлар қаноти”, спорт тўгараклари ва ансамбллар билан ишлаш бўлими фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда Марказ қошида 3 та “Севинч”, “Анадолу” ва хотин-қизлар ҳаваскорлик фолклор ансамбллари фаолият кўрсатиб келмоқда.
1999 йил Ўзбекистон турк миллий маданий марказининг фахрий аъзоси Микойил Сулейманов бошчилигида “MIKO” комедия-театри таъсис этилиб, у томонидан яратилган саҳна тасвирлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон давлатларида намойиш этилди. Ушбу саҳна образлари асосан турли миллат вакиллари орасида бирлик, ҳамжаҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссалари учун бир қатор турк миллати вакиллари давлат мукофотларига сазовор бўлганлар.
Туркларнинг ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ҳақидаги дастлабки маълумотлар испан элчиси Гонзалес де Клавихо ўз кундалигида бериб ўтади. Ёзма манбаларда темурийзода Шоҳрух саройидаги турк мусиқачилари ҳақида эслаб ўтилади. Турк савдогарлари ва ҳунармандлари сўнгги ўрта асрларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида савдо сотиқ ва ҳунармандчилик ишлари юзасидан ҳам келиб жойлашганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.
Турклар Ўзбекистонга қачон келиб қолишган? Бу саволга жавоб бериш учун жуда кўп ўйландик. 100 дан ошиқ манбаларни кўриб чиқдик. Натижада турли хил жавоблар олдик. Туркларнинг дастлабки вакиллари бугунги Ўзбекистон ҳудудларида туркий халқларнинг Энасой атрофларидан бугунги кунда Туркия номи билан аталувчи давлат томон бораётганларида, ҳозирги Наманган вилояти ҳудудига тўғри келувчи Ахси тупроқларида жойлашиб қолишган. Иккинчи бир қисми эса Амир Темур даврида, яъни 1400 йилларда келиб қолишган.
1992 йилда Ўзбекистонда яшовчи турклар 21.000 нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб 50.000 дан ортиқ эканлигини келтириб ўтиш мумкин.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда яшаётган турк миллатига мансуб фуқароларимиз республиканинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этиб, давлатнинг ривожланиши ҳамда тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи икки давлат ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган, халқларимиз фаровонлиги йўлида узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилишни ифодаловчи ҳар томонлама стратегик шерикликда янги давр очди.
Икки мамлакат раҳбарларининг расмий ташрифлари сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, сермаҳсул амалий шерикликдан дарак беради. Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида томонлар шерикликни, шу жумладан савдо ва иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар алмашинув каби соҳаларда янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларига батафсил тўхталди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида имзоланган 2026–2027-йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режасига кўра, барқарор ривожланиш ва фаровонликни мустаҳкам хавфсизлик асосида таъминлашга қаратилган энг самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобидаги дастлабки қисм “Инсоният танлаган барқарор ривожланиш йўли” деб номлангани эътиборга лойиқ. Унда “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш кун тартиби” номли ҳужжатда белгилаб қўйилган инсониятнинг ХХИ асрдаги тараққиётига доир устувор мезонлар ҳамда глобал аҳамиятга эга эзгу мақсадлар ҳақида фикр юритилганлиги юқорида келтирилган фикрларимиз тасдиғидир.
Умуман олганда, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий барқарорликни сақлашнинг асосий ва энг муҳим омили – бу кўпмиллатли фуқаролар ўртасидаги бирликни, миллий тотувликни таъминлай олиш ҳисобланади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, жамиятимизда кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётган миллий ҳамжиҳатлик, умуммиллий бирдамлик Ўзбекистонда яшаётган барча миллатларнинг вакиллари орасида этник-маданий асосларда жипслашиш жараёнларига хизмат қилмоқда.
Саодат Давлатова,
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги
ватандошлармасалалари бўйича қўмитаси бўлим бошлиғи,
тарих фанлари доктори, профессор