Бозорлар ва капитал уйғунлиги: Ўзбекистон ва Туркия иқтисодий ҳамкорлиги

Сўнгги саккиз йил давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан тубдан янгиланиб, анъанавий дўстона алоқалардан иқтисодий, инвестициявий ва саноат йўналишлари яққол ифодаланган тўлақонли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
2017 йилгача бўлган давр кўпроқ инерсиявий тусга эга бўлган бўлса, Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганидан сўнг икки томонлама кун тартиби савдо, инвестициялар ва қўшма ишлаб чиқаришга йўналтирилган амалий ҳамкорликка қайта шакллантирилди.
Мазкур жараёнда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва шахсий фаоллиги ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ўртасидаги мунтазам олий даражадаги мулоқот ўзбек-турк муносабатларига барқарорлик, тизимлилик ва узоқ муддатли иқтисодий истиқбол бағишлади.
Сиёсий асос - иқтисодий яқинлашув омили
Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган бўлса-да, бурилиш нуқтаси 2017 йил октябрь ойида Анқарада Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши бўлди. Ушбу қадам савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жадал кенгайтириш учун мустаҳкам институционал асос яратди.
2018 йилда Тошкент шаҳрида икки давлат президентлари ҳамраиси остида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди. Кенгашнинг 2020, 2022 ва 2024 йиллардаги йиғилишлари савдо, инвестициялар, саноат, транспорт ва ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича устувор йўналишларни келишишнинг муҳим майдонига айланди. Сиёсий мулоқот эса босқичма-босқич декларатив ёндашувдан аниқ иқтисодий ва лойиҳавий қарорларни қўллаб-қувватловчи амалий воситага айланди.
Савдо: кўлам, таркиб ва институционал рағбатлар
Туркия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллайди. 2020-йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 млрд АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йил якунларига кўра ушбу кўрсаткич 3,02 млрд долларга етди.
Ўзбекистоннинг Туркияга экспорти асосан саноат йўналишига эга бўлиб, рангли металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, тўқимачилик маҳсулотлари, хизматлар, пластмасса ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўз ичига олади. Туркиядан импорт эса механик ва электротехника ускуналари, кимё маҳсулотлари, тўқимачилик, фармацевтика ҳамда металл конструкциялар ҳисобидан шаклланиб, Туркиянинг технологиялар ва саноат ускуналари манбаи сифатидаги ролини акс эттиради.
2022-йилда Имтиёзли савдо битимининг имзоланиши ва унинг 2023 йилда кучга кириши муҳим сифат босқичи бўлди. 2025-йилда томонлар имтиёзли режимга тушадиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтиришга киришиб, савдони диверсификация қилиш ва ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш учун қўшимча рағбатлар яратди.
Инвестициявий ҳамкорлик: иштирокдан тизимли шерикликка
Инвестициявий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан биридир. 2024 йилда Ўзбекистонда ўзлаштирилган турк инвестициялари ҳажми 2,2 млрд АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йил январ–ноябр ойларида бу кўрсаткич 3,2 млрд долларга етди. Мамлакатда турк капитали иштирокидаги 2 137 та корхона фаолият юритмоқда, шундан 496 таси қўшма корхона, 1 641 таси эса 100 фоиз турк капиталига эга.
Уларнинг фаолият соҳалари тўқимачилик ва мебел саноати, қурилиш, савдо, транспорт, логистика ҳамда хизматлар тармоғини қамраб олади. Муҳими, ушбу корхоналарнинг салмоқли қисми экспортга йўналтирилган бўлиб, Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига интеграциясини кучайтиради.
Саноат кооперацияси: қўшма ишлаб чиқаришга ўтиш
Сўнгги йилларда ўзбек-турк ҳамкорлиги анъанавий савдо моделидан саноат кооперациясига тобора кўпроқ йўнала бошлади. Туркия компаниялари Ўзбекистон ҳудудларида ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишда фаол иштирок этиб, замонавий технологиялар, бошқарув стандартлари ва экспорт амалиётларини жорий қилмоқда.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг мунтазам йиғилишлари ва улар доирасида ўтказиладиган бизнес-форумлар саноат, энергетика, логистика ва ҳудудий лойиҳаларни қамраб олган аниқ “йўл хариталари”ни шакллантирмоқда. Бу эса барқарор саноат шериклигининг пойдеворини яратмоқда.
Ҳудудлараро ҳамкорлик: иқтисодиёт жойларда
Ҳамкорликнинг янги моделида ҳудудлараро ўзаро алоқалар муҳим ўрин эгаллади. 2024-йилда Фарғона, Хоразм, Наманган, Навоий, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан Туркия ҳудудларига манзилли делегация ташрифлари амалга оширилди.
Бундай ёндашув умумий келишувлардан аниқ инвестиция лойиҳаларига ўтиш имконини беради, Б2Б ва Б2Г форматидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиради ҳамда ҳамкорликнинг марказлашмаган ва барқарорроқ архитектурасини шакллантиради.
Транспорт ва логистика - савдо ва инвестициялар таянчи
Савдо ва саноат кооперациясининг кенгайиши транспорт-логистика ҳамкорлигининг ролини табиий равишда оширмоқда. Туркия Ўзбекистон учун Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқишдаги муҳим логистика дарвозаси сифатида қаралмоқда, Ўзбекистон эса Туркия учун Марказий Осиёга чиқишдаги муҳим тугун сифатида шаклланмоқда.
Темир йўл ва автомобил ташувларини ривожлантириш, шунингдек, саккиз йўналиш бўйича ҳафтасига 97 тагача мунтазам авиақатновлар ишбилармонлик фаоллигини ошириб, инвестиция жараёнларини қўллаб-қувватламоқда ва икки мамлакат иқтисодиётлари интеграциясини мустаҳкамламоқда.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари: манфаатлар туташуви
Ўзбек-турк муносабатларининг шаклланган иқтисодий ядроси ҳамкорликнинг янги босқичига - миқдорий ўсишдан таркибий ва технологик чуқурлашувга ўтиш учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Асосий туташув нуқтаси саноат ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш ва қўшма ривожлантиришдан иборат. Ўзбекистон саноат зоналари, ресурслар ва ўсиб бораётган ички бозорни таклиф этса, Туркия технологиялар, дизайн, бошқарув ечимлари ва ташқи бозорларга кириш имкониятини тақдим этади.
Тўқимачилик ва енгил саноат тайёр бренд маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда халқаро савдо тармоқлари учун контракт ишлаб чиқариш йўналишида ривожланмоқда. Машинасозлик ва электротехника йиғиш ва ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш учун замин яратмоқда. Агросаноат мажмуаси эса чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини қўшма экспорт қилиш имкониятларини очмоқда.
Алоҳида стратегик йўналиш сифатида учинчи мамлакатлар бозорларига қўшма чиқиш масаласи ажралиб туради. Бу борада Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва Туркиянинг савдо-логистика инфратузилмаси уйғунлиги сезиларли рақобат устунликларини таъминлайди.
Умуман олганда, саккиз йил давомида Ўзбекистон ва Туркия савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, ҳудудлараро алоқалар ва транспорт боғлиқлигига таянган барқарор стратегик шериклик моделини шакллантирди. 3 млрд доллардан ошган товар айирбошлаш ҳажми, миллиардлаб инвестициялар ва минглаб қўшма корхоналар икки томонлама муносабатларнинг етуклиги ва узоқ муддатли характерини яққол намоён этади.
Машраб Мамиров,
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Департамент бошлиғи