Ўзбекистон ва Туркия: инсонпарвар меҳнат миграцияси йўлидаги стратегик ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркия Республикасига кутилаётган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бири — меҳнат миграцияси соҳасидаги изчил ва амалий ҳамкорликдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон меҳнат миграцияси сиёсатини тубдан қайта кўриб, уни инсон ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя ва қонуний бандлик тамойилларига асосланган ҳолда шакллантирди. Бу ёндашув фуқароларнинг хорижда хавфсиз, қонуний ва муносиб меҳнат қилишини таъминлашни асосий устуворлик сифатида белгилайди.
Туркия Республикаси билан ҳамкорлик айнан шу руҳда ривожланмоқда. Икки давлат ҳукуматлари ўртасида меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган келишувнинг кучга кириши Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлигида муҳим босқич бўлди. Мазкур ҳужжат мигрантларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, институционал ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Туркиянинг ваколатли идоралари ўртасидаги мунтазам мулоқот, қўшма форумлар ва ишчи механизмлар меҳнат миграциясини тартибли ва шаффоф йўлга қўйишга қаратилган. Айниқса, фуқароларнинг ноқонуний мақомдан чиқарилиб, маъмурий жазоларсиз легаллаштирилиши, уларнинг меҳнат ва яшаш ҳуқуқларини қонуний асосда таъминлаш бўйича эришилган келишувлар инсонпарвар сиёсатнинг ёрқин ифодасидир.
Бундан ташқари, касбий малакаларни тан олиш, сертификатлаш ва тайёр мутахассисларни қонуний иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Йирик турк компаниялари билан йўлга қўйилган шерикликлар Ўзбекистон фуқароларининг йирик инфратузилма ва саноат лойиҳаларида иштирок этишига хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Туркияда фаолият юритаётган Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллиги фуқароларга ҳуқуқий, ижтимоий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим кўприк вазифасини бажармоқда.
Бугунги кунда, икки давлат ўртасида “Ижтимоий ҳимоя” битимини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар бошланди. Ушбу битим орқали Туркияда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган турк фуқаролари ижтимоий суғурта маблағларини қайтариб олишлари мумкин бўлади. Шу орқали ишчилар ўз фаолиятини қонунийлаштириш ва ҳуқуқий кафолатларга эга бўлиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон ва Туркия меҳнат миграциясини муаммо эмас, балки ривожланиш, барқарорлик ва инсон қадр-қимматини таъминлаш воситаси сифатида кўрмоқда. Президент ташрифи ушбу ёндашувни янги босқичга олиб чиқиб, икки давлат ўртасидаги инсонпарвар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашига шубҳа йўқ.