Ўзбекистон–Туркия: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши

Ўзбекистон ва Туркия экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириб, бунда тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва мутахассислар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вакиллари мунтазам равишда Туркия Республикасида халқаро тузилмалар томонидан ташкил этиладиган семинар, ўқув курслари ва бошқа тадбирларда иштирок этиб келмоқда. Бундай ҳамкорлик форматлари профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш ва экологик бошқарув соҳасидаги илғор ёндашувларни ўзлаштиришга хизмат қилади.
Ҳамкорликнинг муҳим босқичларидан бири Туркиянинг Яқин Шарқ саноат ва савдо маркази (OSTIM) ҳузуридаги қайта тикланувчи энергетика ва экология соҳасида технологияларни кластерлашга ихтисослашган “OSTIM Energik” компанияси делегацияси билан учрашув бўлди. Музокаралар давомида томонлар атмосфера ҳавасини тозалаш тизимлари, сув тозалаш иншоотларини қуриш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, шунингдек, маиший ва қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Амалий ҳамкорликни ривожлантириш доирасида қўмита ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази делегациясининг атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани, жумладан, экологик экспертиза ва мониторингнинг замонавий усулларини ўрганиш мақсадида хизмат сафари ташкил этилди.
Шунингдек, Тошкентда Туркиянинг “Cengiz Group” компанияси иштирокида транспорт воситалари сонини қисқартириш ва улар устидан экологик назоратни кучайтириш бўйича қўшма тадбир ўтказилди. Ушбу ташаббус ифлослантирувчи моддалар ташланмасини камайтириш ва транспорт секторида экологик масъулиятни оширишга қаратилган эди.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши илмий-таълимий алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ. Туркия Давлат метеорология хизмати ва Ўзбекистон Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ўртасида Измир шаҳридаги “EGE” университети Экология факултети ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети билан ҳамкорликда шериклик алоқалари йўлга қўйилди. Мазкур ҳамкорлик мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим тадқиқотлари соҳасидаги касбий кўникмаларини оширишга йўналтирилган.
Икки мамлакатнинг фаол ҳамкорлиги халқаро майдонларда ҳам давом этмоқда. Самарқандда ўтказилган “Глобал иқлим муаммолари ва Марказий Осиё – умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” мавзусидаги иқлим форуми доирасида Туркия вакиллари иштирокида ёшлар сессияси бўлиб ўтди, бу эса янги авлод экологик етакчиларини шакллантиришга қўшилган муҳим ҳисса бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Экология қўмитаси делегациясининг Истанбулда “Zero Waste Foundation” жамғармаси томонидан ташкил этилган “Zero Waste” (“Нол чиқинди”) халқаро форумидаги иштироки ҳам муҳим босқич бўлди. Форум давомида чиқиндиларни қисқартириш, айланма (циркуляр) иқтисодиётни ривожлантириш ва барқарор истеъмол тамойилларини жорий этиш бўйича глобал ёндашувлар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, қўмита ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги делегацияси Туркиянинг ўрмон хўжалиги, ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш ва экотизимлар деградациясининг олдини олиш соҳасидаги энг яхши амалиётларини ўрганиш мақсадида Муғла вилояти ва Анталия шаҳрига ташриф буюрди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Туркиянинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги тизимли ва кўп қиррали хусусиятга эга бўлиб, технологик, илмий, таълимий ва институционал йўналишларни қамраб олади. Қўшма ташаббусларнинг амалга оширилиши замонавий экологик ечимларни жорий этиш, табиий экотизимлар барқарорлигини ошириш ва барқарор ривожланиш манфаатларида халқаро шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маҳмуд Ҳайдаров,
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги
Халқаро ҳамкорлик ва рейтинглар бошқармаси бош мутахассиси