Ўзбекистон – Туркия: ўрмон хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий босқичи

Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, яшиллик даражасини ошириш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур йўналишларда самарали натижаларга эришиш мақсадида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва уларни мамлакатимизнинг иқлим шароитига мос ҳолда амалиётга татбиқ этиш долзарб ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги вакилларидан иборат делегациянинг 2025 йил октябр ойида Туркия Республикасига ташрифи доирасида ташкил этилган ўқув-амалий семинарида иштирок этиши муҳим аҳамият касб этди.
Ўрмон агентлиги ва Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинар доирасида иштирокчилар Туркияда ўрмон барпо этиш, уларни тиклаш, экологик таснифлаш ҳамда барқарор бошқариш бўйича тажрибалар билан танишдилар. Хусусан, семинарнинг дастлабки кунида туркиялик мутахассис Аҳмед Ялвач томонидан ўрмон хўжалигини ривожлантиришда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди.
Амалий ташриф доирасида кўчатхоналар ташкил этиш ва уларни бошқариш, тоғли ҳудудларда “терасса” усулида ўрмонзорлар барпо этиш, шаҳарлар атрофида “яшил белбоғлар” яратиш, шунингдек, шаҳар ва туманларда яшил жамоат боғларини ташкил этиш бўйича Туркиянинг илғор тажрибаси ўрганилди.
Шунингдек, делегация аъзолари Муғла провинсиясида жойлашган Сейдикемер ва Гўкова ўрмон хўжалиги бўлимлари тасарруфидаги кўчатхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, 1983 йилда ташкил этилган Сейдикемер кўчатхонаси 144 гектар майдонни эгаллаб, йилига 1,5 миллион туп кўчат етиштириш қувватига эга. Гўкова кўчатхонаси эса 61 гектардан ортиқ ҳудудда жойлашган бўлиб, йилига 7 миллион тупгача кўчат етиштириш имкониятига эга экани билан ажралиб туради.
Мазкур кўчатхоналарда уруғ жамғариш, сақлаш ва лаборатория таҳлилидан ўтказиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилиши сифатли ниҳол ва кўчатлар етиштириш даражасини 90–95 фоизгача ошириш имконини бераётгани таъкидланди. Иштирокчилар оналик плантацияларини ташкил этиш, ниҳол ва кўчатларни парваришлаш ҳамда пайвандлаш бўйича туркиялик мутахассисларнинг амалий тажрибаларини ўргандилар.
Делегация аъзолари иссиқхоналар, «in-vitro»” лабораториялари, замонавий техникалардан фойдаланиш тажрибаси ҳамда мавсумий иш жараёнларини бошқариш механизмлари билан таништирилди. Тажриба алмашиш жараёнлари ўзаро очиқ мулоқот ва профессионал ҳамкорлик руҳида кечди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўрмон хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик амалий мазмун касб этиб, илғор тажрибаларни ўзлаштириш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда мамлакатимизда барқарор экологик муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида олинган билим ва кўникмалар миллий ўрмон хўжалиги тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.