Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди

15 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) раҳбари Эсин Ажар Эргин билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар Ўзбекистонда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар. 2026 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режалари, шунингдек, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва форматларини излаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу нуқтаи назардан, таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга, жумладан, Ўзбекистондаги таълим ташаббусларига туркиялик ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этишга, тажриба алмашишга ҳамда кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга қизиқиш билдирилгани таъкидланди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш ва оммалаштиришга қаратилган лойиҳалар белгиланди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ўзаро тайёр эканликларини тасдиқладилар.