Ўзбекистон ва Покистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммад Хуррам Оға билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари олий даражадаги ишонч ва дўстликка асослангани таъкидланди. Икки давлат ўртасида сиёсий мулоқот, маданий-гуманитар алмашув жараёнлари, савдо-иқтисодий ва инвестициявий фаолият соҳаларини ривожлантириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти борасида битимлар, аниқ ва манзилли лойиҳаларни амалга оширишнинг аҳамияти урғуланди.
Томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик ва гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи учрашувларини ташкил этиш, жамоат тадбирлари ва туристик объектларда хавфсизликни таъминлаш бўйича тажриба алмашиш ҳамда киберхавфсизлик ва рақамли криминалистика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича масалалар муҳокама қилдилар.
Покистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммад Хуррам Оға Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришларни юқори баҳолади. У, шунингдек, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбариятини Покистонга ташриф билан келишга таклиф қилди. Қайд этилишича, ўзаро ташриф алмашинувлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро ишончли муносабатларни янги поғонага кўтаришга хизмат қилади.
«Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз. Учрашув ташкил этилса, икки мамлакатнинг тегишли идоралари ваколатига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболларини муҳокама қилишимиз мумкин, – деди Муҳаммад Хуррам Оға. – Шунингдек, Ўзбекистон, хусусан Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива шаҳарларининг бой тарихий мероси ҳақида жуда кўп маълумотларга эгаман. Бундан 14 йил аввал Ўзбекистонга борганман ва юртингиз ҳақида илиқ хотиралар сақланиб қолинган. Ўзбекистонга яна бир бор ташриф буюриш истагим ҳам йўқ эмас».
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида туристлар оқимини ошириш, сайёҳларга қулайликлар яратиш, хусусан, виза тартибларини соддалаштириш, “E-Visa” тизимини жорий этиш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида мамлакатлармиз ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли вазифалар белгилаб олинди.