Президентимиз Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг янги биносини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудидаги бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда.
Давлатимиз раҳбари дастлаб ер ости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўлагини барпо этиш ишларини кўздан кечирди.
Қурилиш майдони 40 минг квадрат метрдан иборат бўлган, қиймати 100 миллион долларлик мазкур автотураргоҳда биринчи босқичда 200 та енгил автомобиль ҳамда 30 та мотоцикл ва скутерларни жойлаштириш имконияти бўлади. Тўрт томонлама қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш учун пиёдалар йўлаги қурилади.
Бу ерда автоматлаштирилган парковка тизимлари, велосипедлар ижараси нуқталари ташкил қилиниб, электромобилларни зарядлаш учун станциялар ҳам барпо этилади. Мазкур автотураргоҳни 2026 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Президентимиз бу каби замонавий автотураргоҳларни кўпайтириш, улар аҳоли учун максимал даражада қулай бўлишини таъминлаш, келгусида электромобиллар улуши ортишини ҳисобга олиб, уларни қувватлаш инфратузилмасини янада ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун маъмурий бинолар қурилмоқда.
Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг модуль турдаги янги биноси барпо этилган.
1,4 гектар ер майдонда умумий майдони 5751 квадрат метрни ташкил этувчи 5 та бир қаватли енгил металл конструкцияли, базальт қопламали сендвич панеллардан иборат бинолар қурилди.
Мазкур бинo вазирликнинг марказий аппарати ҳамда тизимдаги ташкилотларни бир маконда жойлаштириш имконини бериб, муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик ва иш жараёнларининг самарадорлигини оширади.
Енгил конструкциялар ва энергия самарадор сендвич панеллар, мустақил оқова тизими, самарали марказлашган иситиш, совитиш ва шамоллатиш тизими ушбу бинoнинг эксплуатация харажатларини камайтириш, келгусида уни кенгайтириш ёки демонтаж қилиш имконини беради ҳамда тез мослашувчанлигини таъминлайди.
Бугунги кунда янги бинода вазирлик марказий аппарати ва тизимдаги ташкилотларда фаолият юритувчи жами 550 нафар ходим ишламоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази ҳам шу бинода жойлашган.
Ҳозирда марказ томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими негизида бир қатор платформалар ишга туширилган.
Давлатимиз раҳбарига платформалар фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизимида шаҳар ва туманлар ҳудудларига оид барча ижтимоий-иқтисодий маълумотлар ягона рақамли базага жамланди. Геопортал орқали аҳоли пунктларининг 3D форматдаги “рақамли эгизаклари” яратилди, реконструкция ва реновация зоналари белгилаб олинди ҳамда ҳудудларни комплекс таҳлил қилиш имконияти яратилди.
Бош режаларни ишлаб чиқиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, шунингдек, улар асосида қурилишга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Бугунги кунга қадар 20 та шаҳар, 22 та шаҳарча, 843 та туман аҳоли пунктларининг рақамли бош режалари ишлаб чиқилиб геопорталга жойлаштирилди.
“Рейтинг” электрон платформасида қурилиш-пудрат ташкилотлари фаолиятини баҳолаш автоматлаштирилди. “Тендер” электрон платформаси вазирлик ва идораларнинг электрон тизимлари билан интеграция қилинди. “Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш” электрон платформасининг янги версияси ишлаб чиқилиб, қурилиш соҳасидаги барча 9 та хизмат қамраб олинди.
“Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш”, “Қурилишда давлат назорати”, “Менинг уйим”, “Менинг ҳудудим”, “Иссиқлик таъминоти биллинг тизими” каби қатор платформалар ҳам фаолият юритмоқда.
Тизимни янада такомиллаштириш, шаффофлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда ёш мутахассислар билан суҳбатлашди.
– Кечаги билим билан бугун катта натижаларга эришиш қийин. Бунинг учун ҳар куни изланиш, аниқ фанлар, хусусан, ахборот технологияларини яхши ўрганиш керак, бу қурилиш соҳасида ҳам жуда муҳим, – деди Президентимиз.