Ташқи ишлар вазирлигида “Ўзбекистон ёш дипломатлар клуби” анжумани ўтказилди

19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида “Ўзбекистон ёш дипломатлари клуби”нинг анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, дипломатлар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоев сўзга чиқиб, ёшларга Давлатимиз Раҳбари томонидан белгилаб берилган, изчил амалга оширилаётган ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишлари, ўзбек дипломатиясининг сўнги йиллардаги ютуқлари, мамлакатимизнинг минтақавий ва глобал жараёнларда тобора ошиб бораётган ўрни ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида илгари сурилаётган конструктив ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, клуб аъзоларига дипломатик фаолиятнинг асосий жиҳатлари, касбий имкониятлари, халқаро мулоқотдаги роли тўғрисида маълумотлар берилди. “Ўзбекистон ёш дипломатлари клуби” ёшларда масъулият, ватанпарварлик ва профессионал дипломатик ёндашувни шакллантиришга хизмат қилишига алоҳида урғу берилди.
Шу билан бирга, клубнинг ўтган даврдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги режалар тақдим этилди. Ёшларни ташқи сиёсат соҳасига қизиқтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди. Клуб Ижро кенгашининг янги таркиби тасдиқланди, унинг янги аъзоларига гувоҳномалар топширилиб, 2026 йилги чора-тадбирлар режаси бўйича таклифлар шакллантирилди.