Исломобод шаҳрида “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” номли китобнинг тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан Минтақавий тадқиқотлар институти (Institute of Regional Studies, IRS) билан ҳамкорликда атоқли сиёсатшунос Кудратилла Рафиқов қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг инглиз тилидаги нашри тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда Покистон Президентининг Матбуот котиби Муртазо Соланги, Покистон вазирлик ва идоралари раҳбарлари, парламент палаталари аъзолари, Исломободдаги 10 дан ортиқ хорижий элчилар, дипломатик корпус вакиллари, бизнес ва илмий-академик доиралар, ОАВ ходимлари, шунингдек, Исломобод ва унга туташ ҳудудларда яшовчи ватандошлар, кенг жамоатчилик, жами 100 га яқин киши иштирок этди. Ўзбекистондан Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси, “Ishonch” ва “Ishonch-Doverie” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва бошқалар қатнашди.
Тадбир аввалида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган видеолавҳалар намойиш этилди.
Тақдимот Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг кириш нутқи билан очилди. Дипломатик миссия раҳбари қисқа вақт ичида Исломободда Ўзбекистон ҳақида учта муҳим китоб – Муҳаммад Аббос Хоннинг “Uzbekistan: The Third Renaissance – The Concept of the Future”, Меҳмуд ул-Ҳасан Хоннинг “Shavkat Mirziyoyev: Great Leader of Reforms and Regional Integration” ва Кудратилла Рафиқов муаллифлигидаги “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” номли асарларининг кенг жамоатчиликка тақдим этилгани, Покистон илмий-академик доира вакиллари орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг ортаётганидан далолат беришини таъкидлади.
Шунингдек, К.Рафиқовнинг ушбу китобида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги юртимизда ортга қайтмас ислоҳотлар жараёни, макроиқтисодий ислоҳотлар, молиявий либераллаштириш, камбағалликни қисқартириш, ташқи сиёсат, маданий дипломатия ва минтақавий интеграция каби масалалар батафсил ёритилгани қайд этилди. “Ўзбекистон Раҳбарининг “ислоҳотлар статистика учун эмас, инсон қадри, шаъни ва келажаги учун” экани ҳақидаги тамойилига таянган ҳолда юртимизда “Янги Ўзбекистон” ғоясини ҳаётга тадбиқ этиш амалий стратегияга айлангани, рақамли иқтисодиёт, “яшил” энергетика, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш борасидаги ютуқлар китобда чуқур таҳлил этилган”, – деди дипломатик миссия раҳбари.
Маърузада Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Шаҳбоз Шариф шафелигида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани, томонлар Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик лойиҳалар, жумладан Трансафғон темир йўлини қуриш устида изчил ҳамкорлик қилаётгани, ўзаро савдони 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича қўшма чоралар ишлаб чиқилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг, Сенатор Ҳусан Эрматов сўзга чиқиб, ҳозирги кундаги ислоҳотлар тизимли ва қамровли тусга эга эканини, улар мамлакатнинг мутлақо янги қиёфасини шакллантираётганини таъкидлади. Тадбир иштирокчиларига тақдимоти ўтказилаётган китобнинг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, сиёсий эсселарнинг ҳар бири тарихий аҳамият касб этувчи муҳим лойиҳалар, воқеликларга асослангани, бунда мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати, жумладан минтақавий сиёсат борасидаги қисқа муддатда эришилган натижалар таҳлилига эътибор қаратди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Туляков ўз чиқишида, сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда давлат ва жамият муносабатларини тубдан қайта шакллантиришга қаратилган кенг қамровли сиёсий ислоҳотлар амалга оширилганини қайд этди. У “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китоби айнан шу жараёнларни тизимли таҳлил қилиб, мамлакат тараққиётининг янги модели шаклланаётганини очиб берганини урғулади.
“Ислоҳотларнинг асосий йўналиши — инсон қадрини давлат бошқарувининг бош тамойилига айлантиришдир. Конституциявий ва ҳуқуқий янгиланишлар орқали давлатнинг легитимлиги фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғланди. Давлат идоралари фаолиятида “фуқарога хизмат қилиш” тамойили устувор бўлди. Сиёсий ислоҳотлар фуқаролар иштирокини институционал даражага олиб чиқди. Халқ қабулхоналари, виртуал мурожаат платформалари, қонун лойиҳалари бўйича жамоатчилик муҳокамалари ва “Очиқ бюджет” механизмлари орқали аҳоли давлат қарорларини қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — ҳисобдорликни кучайтиришдир. Суд-ҳуқуқ тизими, парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг назорат ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти мустаҳкамланди”, – деди Элдор Туляков.
Покистон Президентининг Матбуот котиби Муртазо Соланги ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини, жамият ҳаётини янгилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий йўналтирилган сиёсатни янада мустаҳкамлашни “Ривожланишнинг Ўзбекистон модели”, – дея атади.
“Ўзбекистон – ажойиб мамлакат. Ўзбекистонга саёҳат қилиш Лаҳор ва Мўлтонга боришга ўхшайди. Исломобод ва Тошкент орасидаги ҳаво масофаси атиги 1100 километр. Бундан ташқари, мамлакатларимизни, халқларимизни ўзаро боғлаб турган ришталар жуда кўп. Тилимизда ҳам ўхшаш сўзлар кўплаб учрайди. Биз бир-биримизни осонгина тушунишимиз мумкин. Фақат бир-биримизни шунчаки жуда диққат билан тинглашимиз керак, холос. Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун эса имкониятларимиз чексиз. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш, тадқиқот, мудофаа, хавфсизлик соҳаларида. Бир неча йил олдин бизнинг икки томонлама савдо ҳажмимиз атиги бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил қилар эди. Энди эса биз 500 миллион АҚШ долларига яқинлашдик ва биласизми, бу рақамлар ўсишда давом этмоқда. Яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрдим ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаларига бевосита гувоҳ бўлдим. Мен Ўзбекистоннинг ўзгариб бораётган қиёфасини таълимда ҳам соғлиқни сақлашда ҳам, инфратузилма ва бошқарув тизимида ҳам кўрдим”, – деди у.
IRS президенти Жовхар Салим ўз нутқида китобда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, модернизация жараёнлари, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг моҳияти очиб берилганини таъкидлади.
“Бу китоб – Янги Ўзбекистоннинг шарафли тараққиёт йўлига бағишланган. Ўзбекистон қандай мураккаб ривожланиш йўлини босиб ўтгани бошқа мамлакатлар, шу жумладан Покистон учун ҳам намуна йўлидир. Кудратилла Рафиковнинг “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китоби Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларнинг янги даврига мос бўлганини ва мазкур китоб Республика тараққиёт йўлини ўзида таҳлилий акс эттиради”, – деди IRS раҳбари.
Анжуман якунида барча иштирокчиларга мазкур китоб совға қилинди. Элчихона томонидан ташкил этилган миллий санъат намуналари кўргазмаси ва тақдим этилган ўзбек миллий таомлари Покистон вакиллари томонидан катта таассурот билан эътироф этилди.