Ҳамкорлик иқтисодиёти: савдо ва инвестициялар Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги яқинлашувни жадаллаштирмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантирмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор сиёсий баёнотлардан кўра савдо ҳажмининг ошиши, саноат кооперациясининг кенгайиши ва инвестицион алоқаларнинг мустаҳкамланишига қаратилмоқда.
Томонлар эпизодик ташаббуслардан тизимли ва институционал асосга эга бўлган ҳамкорлик форматига босқичма-босқич ўтиб бормоқда. Юқори даражадаги мулоқот стратегик йўналишни белгилаб берса-да, бугунги кунда муносабатларнинг мазмуни энг аввало аниқ иқтисодий қарорлар, лойиҳалар ва инфратузилмавий ташаббуслар орқали бойимоқда.
2025 -йил июль ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ушбу институционал ёндашувнинг муҳим белгиси бўлди. Бош вазир ўринбосарлари бошчилигида ўтган мажлис икки давлатнинг амалий ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий кооперацияни чуқурлаштириш механизмларини мувофиқлаштириш борасидаги қатъий позициясини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзаро муносабатларнинг барқарор ривожланишида мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. “Узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тўғрисида”, “Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Даромад ва мол-мулкни икки томонлама солиққа тортишни олдини олиш тўғрисида”, “Ўзаро товар етказиб бериш тўғрисида” каби ҳукуматлараро битимлар бизнес учун аниқ, прогноз қилинадиган ва ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган муҳитни таъминлаб бермоқда. Шу асос иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги босқичидаги ўсишнинг пойдеворини ташкил қилмоқда.
Савдо ҳажмининг ўсиши ушбу пойдеворнинг самарадорлигини амалда тасдиқламоқда. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 2016 йилдаги 209 млн. доллардан 2024 йилда 1,148 млрд. долларга етиб, беш баравардан кўпроқ ошди. Ўзбекистон экспорти 128 млн. долларни ташкил этган бўлса, импорт ҳажми 1 млрд. доллардан ошади - унинг асосий улушини ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, кимё саноати товарлари ва турли индустриал маҳсулотлар ташкил қилади. 2025 йил январь октябрь ойларида экспортнинг 23,7% га ўсиши туркман бозорининг ўзбек маҳсулотларига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини ва рақобатбардош товарлар рўйхати кенгайганини кўрсатади. Савдо тузилмаси ҳам мураккаблашиб бормоқда: хизматлар, машинасозлик маҳсулотлари ва тайёр саноат товарларининг улуши ортмоқда.
Ҳамкорликда ҳақиқий бурилиш нуқтаси “Шават-Дашогуз” чегараолди савдо зонасининг ташкил этилиши бўлди. Давлат раҳбарлари иштирокида битимнинг имзоланиши ва ҳудуднинг ишга туширилиши иқтисодий ҳамкорликка янги динамика олиб кирди. Мазкур зона савдо, логистика ва ишлаб чиқаришнинг ягона маконда уйғунлашувига хизмат қилувчи платформага айланмоқда. У бизнес учун транзацион харажатларни камайтириш, етказмаларни тезлаштириш ва янги бозорларга чиқиш имконини яратади. Тошкент ва Ашхободда савдо уйларининг очилиши эса товарларни тарғиб қилиш ва тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ривожлантиришнинг қўшимча механизмларини шакллантирмоқда.
Инвестицион ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда туркман капитали иштирокидаги 200 та корхона фаолият юритмоқда - улар қурилиш-безатиш материаллари, тўқимачилик, мебел ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларни қамраб олади. Нефт маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш материаллари ва агро-саноат лойиҳаларининг амалга оширилиши қўшма ишлаб чиқариш кооперациясининг кенгайишига замин яратмоқда.
Транспорт соҳасидаги интеграция ҳам ўзаро яқинлашувнинг муҳим омилига айланмоқда. Темир йўл, автомобил ва дарё транспортига оид ҳукуматлараро битимлар, шунингдек янги ҳамкорлик меморандумлари минтақавий коридорларнинг самарадорлигини оширмоқда. 2024-йилда юк ташиш ҳажми 1,11 млн. тоннага етди, транзит оқимлари эса қарийб 40% га ошди. Андижон механик заводида туркман вагонларининг таъмирланиши ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган систерна-вагонларнинг Туркманистонга экспорти саноат ва транспорт кооперациясининг янги йўналишга айланаётганини тасдиқлайди.
Хулоса ва истиқболлар
Тошкент ва Ашхободнинг иқтисодий ҳамкорлиги янги, етук босқичга кириб бормоқда. Мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асос, савдо ҳажмининг барқарор ўсиши, саноат интеграцияси, инвестицион лойиҳалар ва чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши келгуси йилларда кенг кўламли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Келажакда кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатларида саноат кооперациясини кенгайтириш; “Шават-Дашогуз” зонасини саноат-логистика кластерига айлантириш; агро-саноат ва сув тежаш соҳаларидаги лойиҳаларни кенгайтириш; янги транспорт инфратузилмасини яратиш; инвестициявий механизмларни кучайтириш ҳамда хусусий секторнинг иштирокини фаоллаштириш асосий истиқболли йўналишлар сифатида кўрилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик модели бугунги кунда икки давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлаб, уларнинг минтақавий савдо ва транзит тизимларидаги ролини сезиларли даражада оширмоқда.