Марказий Осиё транспорт интеграцияси: Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ҳиссаси

Ўзбекистон ва Туркманистоннинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлиги бугунги кунда стратегик аҳамият касб этиб, Марказий Осиё боғлиқлигининг янги архитектурасини шакллантиряпти ва минтақанинг кенг Евросиё маконига чиқиши учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Икки давлатнинг Шарқ – Ғарб ва Шимол – Жануб асосий транзит йўналишлари чорраҳасида жойлашгани, бу логистика, мультимодал ташувлар ва рақамли ечимлар соҳасидаги қўшма лойиҳаларга юқори талабни белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли минтақада яхши қўшничилик ва ишонч муҳити мустаҳкамланмоқда, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик ва интеграция чуқурлашмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўзининг яқинда эълон қилинган "Марказий Осиё янги давр остонасида" номли мақоласида таъкидлаганидек: "Аста-секин Марказий Осиёнинг янги минтақавий ўзига хослиги деб аташ мумкин бўлган жиҳат вужудга келмоқда. Ягона минтақавий маконга дахлдорлик ҳисси шаклланмоқда, бу ерда қўшничилик муаммо эмас, балки имкониятдир, бу ерда бир кишининг муваффақияти умумий ютуққа айланади".
Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлиги ушбу тенденцияни яққол акс эттиради: инфратузилма лойиҳаларини синхронлаштиришни кучайтириш ва транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш орқали мамлакатлар янада рақобатбардош ва барқарор логистика занжирлари учун замин яратмоқда.
2025 йилнинг 9 ойида мамлакатлар ўртасида юк ташиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ошиб, 1,3 миллион тоннани ташкил этди. Шу билан бирга, ташишларнинг энг катта улуши (43%) автомобиль транспортига тўғри келади, бу эса уни икки давлат ўртасидаги транспорт алоқасининг асосий элементларидан бирига айлантиради.
Туркманистон ҳудуди орқали ўтадиган йўналишлар Ўзбекистонга Каспий денгизи, Яқин Шарқ ва Эронга чиқиш имконини беради, бу эса ушбу йўналишни ташқи савдони диверсификация қилиш учун асосий йўналишга айлантиради.
Ўтказиш пунктларини модернизация қилиш, жараёнларни оптималлаштириш ва рақамли воситаларни жорий этиш туфайли автотранспортда ташиш ҳажми барқарор ўсишни кўрсатмоқда.
2024 йил декабрь ойида Фарап автомобиль йўллари божхона постининг қайта қурилган мажмуаси фойдаланишга топширилиши минтақавий транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
Модернизация натижасида объектнинг ўтказувчанлик қобилияти кунига 1000 та транспорт воситасигача ошди, бу аввалги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир.
Ушбу инфратузилманинг янгиланиши нафақат йўлакнинг ўтказувчанлик қобилиятини кучайтирди, балки мамлакатлар ўртасидаги савдо оқимларини кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратди.
2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида иккала мамлакат ҳудудида автомобиль транспортида ташиш учун йиғимлар ва тўловлар бўйича тенг шартларни белгилаш тўғрисида келишувга эришилди. Бу ташувчилар учун шаффоф ва тенг шароитларни таъминлайди, ташиш харажатларини камайтиради, транзитни соддалаштиради ва автомобиль ташишлар самарадорлигини оширади.
Автомобиль ташувларини янада кенгайтириш учун ташувчиларга янада мослашувчан ва қулай шароитлар яратиш мақсадида алоҳида тартиб-таомилларни, шу жумладан виза расмиятчилигини соддалаштириш бўйича ҳамкорликда ишлаш имкониятини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Бундан ташқари, икки томонлама муносабатларда алоҳида ўрин тутадиган темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Туркманистон ҳудуди орқали Каспий денгизидаги Туркманбоши ва Форс кўрфазидаги Бандар-Аббос портларига барқарор логистика йўли мавжуд бўлиб, бу Кавказ, Туркия, Европа ва Яқин Шарқ йўналишларида мультимодал ташувлар имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Темир йўл маъмуриятларининг биргаликдаги ишлари туташув станцияларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, тариф ечимларини оптималлаштириш ва контейнер хизматларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу ташишлар тезлиги ва барқарорлигини ошириш имконини беради.
Шу билан бирга, ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган тариф сиёсати транзитни рағбатлантиришнинг асосий воситаларидан бирига айланди. Туркманистон ва Ўзбекистон орқали юкларни ташишда ташиладиган юклар турига ва ҳаракатланиш йўналишига қараб 50 фоизгача чегирмалар тақдим этилмоқда. Бу транзитнинг барқарорлигига ёрдам беради ва ташувчилар учун ишончли шарт-шароитларни шакллантиради.
Мультимодал занжирларни ривожлантиришда Туркманбошининг денгиз инфратузилмаси алоҳида аҳамиятга эга. Замонавийлаштирилган халқаро порт Транскаспий алоқасининг асосий тугунларидан бирига айланди.
Ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида 2025 йил август ойида Туркманбоши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Туркманистон Давлат денгиз ва дарё транспорти хизмати ўртасида кемасозлик соҳасидаги ҳамкорликни назарда тутувчи Англашув меморандуми имзоланди.
Шу билан бир вақтда, йўналишларнинг барча иштирокчилари учун транзит ўсишини таъминлайдиган халқаро транспорт йўлаклари жадал суръатда ривожланмоқда.
Бундай мисоллардан бири 2019 йилдан бери фаолият юритаётган, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркияни бирлаштирган САССА+ йўналишидир. Олти йил ичида уни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди, юк ташиш учун 70 фоизгача тариф имтиёзлари жорий этилди ва операторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Натижада, 2024 йилда Ўзбекистоннинг ушбу йўналиш бўйича экспорт ва импорт юклари ҳажми 1 миллион тоннани ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан беш баравар кўпдир.
Мазкур йўлакни ривожлантириш учун Туркманбоши порти орқали узлуксиз юк ташишни таъминлаш, бандаргоҳларни чуқурлаштириш ишларини олиб бориш ва паромлар сонини кўпайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия орқали муқобил йўналишни ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ вазирлари йиғилиши доирасида тўрт давлат (Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия) ўртасида "Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия" халқаро мультимодал йўлагини шакллантириш бўйича транспорт соҳасидаги тегишли вазирликларнинг кўп томонлама учрашуви баённомаси имзоланди.
Унинг амалга оширилиши Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларини Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия ҳудудлари орқали Европа Иттифоқи давлатлари билан боғлаш имконини беради, бу эса янги барқарор логистика йўлагини яратади.
Йўлакни ривожлантириш учун Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия темир йўллари орқали юк ташиш нархларини рақобатбардош қилиш ва қулай шароитлар яратиш, меъёрий-ҳуқуқий ва техник стандартларни бирхиллаштириш, иштирокчи давлатларнинг транспорт алоқаларини кучайтириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимдир.
Авиация ҳамкорлиги соҳасида 2025 йил 22 август куни Туркманбоши шаҳрида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва «Turkmenxovayollar» давлат хизмати ўртасида фуқаро авиациясида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида протокол имзоланди, унда мамлакатлар ўртасида мунтазам авиақатновларни қайта тиклашни ташкил этиш кўзда тутилган.
Ташишлар ҳажмининг ортиши, йўналишларнинг диверсификациялашуви ва технологик ҳамкорлик даражасининг юксалиши Ўзбекистон ва Туркманистон минтақавий инфратузилманинг бир-бирини тўлдирувчи элементлари сифатида майдонга чиқаётган Марказий Осиёнинг янги логистика маконини яратиш учун шароит яратмоқда.
Транспорт йўлакларини модернизация қилиш, жараёнларни рақамлаштириш ва юк эгалари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар узоқ муддатли ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Келгусида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш минтақанинг Евроосиё транспорт тармоғига транспорт жиҳатидан интеграциялашуви, йўналишлар рақобатбардошлигини кучайтириш, янги логистика муқобилларини яратиш ва Марказий Осиёни қитъанинг асосий транзит марказига айлантиришда муҳим омил бўлади.
Дилдора Ибрагимова,
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани
Ривожлантириш муаммоларини ўрганиш
маркази бошқармаси бошлиғи