Карачи шаҳрида ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун кенг нишонланди

Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси томонидан Карачи шаҳрида 8 декабрь – Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Карачи шаҳри ва унга туташ ҳудудларда яшаётган ватандошлар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев қутлов нутқи билан очиб берди ва иштирокчиларни Бош қомусимиз қабул қилинганининг 33 йиллиги билан табриклади.
Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида, Бош қомусимизнинг қабул қилиниш тарихи, 2023 йилдаги референдум орқали Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгаришлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.Конституция – давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асосини ташкил этиши, мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи асосий ҳужжат эканлиги таъкидланди.
– Янги таҳрирдаги Конституция – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратди, – деди элчи. – Бош қомусимизда давлат ва жамият қурилишини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилангани амалда мамлакатимиз ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, Конституци-ямизда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади –ижтимоий давлат барпо этиш эканлиги белгилаб қўйилди. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар кенгайтирилди. Энг муҳими, ватандошлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, хусусан, улар дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъий назар давлат томонидан ҳимоя қилинишига доир банд янада мустаҳкамланди.
Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг ҳолати ва истиқболлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди. Савдо-иқтисодий, туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир саъи-ҳаракатлар, хусусан, Тошкент-Исломобод, Тошкент-Лаҳор йўналишида ҳафтасига тўрт маротаба ҳаво қатновлари йўлга қўйилгани, сайёҳлар алмашинувини ошириш мақсадида виза тартиблари соддалаштирилгани таъкидланди. Мазкур имкониятлар самараси 20 мингдан ортиқ покистонликлар иқтисодий ҳамкоркорликни йўлга қўйиш, инвестициявий лойиҳаларда иштирок этиш, ишлаш
ва саёҳат қилиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Анжуманда, сўзга чиққан ватандошлар ҳам Ўзбекистон Конституциясида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ҳаётимизнинг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича стратегик мақсадлар ўз ифодасини топганини айтиб ўтдилар.
Сухроб Каримов, ватандош:
– Барча ватандошларимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Конституцияси куни билан самимий табриклайман. 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда фаол иштирок этиб, ўз танловимизни амалга оширгандик. Орадан кўп ўтмасдан янгиланган Бош қомусимизга киритилган ўзгаришлар нафақат Ўзбекистондаги, балки хорижда яшаётган ватандошлар ҳаётида ҳам ўз аксини топди. Биз давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган изчил ва ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз.
Албина Муртаза, ватандош:
– Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси том маънода давлатимиз Раҳбарининг “Инсон қадри учун”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат ташкилотлари халққа хизмат қилиши зарур” ғояларини ўзида мужассам қилган. Юртимизда инсон капиталини энг муҳим манба сифатида кўрадиган ва мувофиқ равишда инсон қадр-қимматига устуворлик берадиган ислоҳотлар сиёсати жадаллик билан давом этмоқда. Янги Ўзбекистон ислоҳотлар босқичида пухта, қатъий ва муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хориждаги ватандошларга бўлган муносабат ҳам ўзгарди, давлатимиз ҳимоясида эканимизни янада теранроқ ҳис қилаяпмиз. Шунингдек, янгиланган Бош қомусимизда хотин-қизларнинг таълим олиши ва иш билан таъминланиши, жамият ҳаёти ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши учун ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди.
Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизни Конституциямиз қабул қилинганининг 33 йиллиги билан самимий муборакбод этамиз.
Бону Али, ватандош:
– Карачи шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этаётганимдан хурсандман. Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий ва сиёсий ҳужжат – мамлакатнинг Асосий қонуни ҳисобланади. Маълумки, Ўзбекистонда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган эди. Бош қомусимизга киритилган ўзгаришларда ҳуқуқий жамият барпо этиш ва хориждаги ватандошлар манфаатлари ҳам инобатга олинганлигини эътироф этиш керак. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 23-моддасида мустаҳкамланган мазкур қоида Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, хусусан хориждаги ватандошлар зиммасига ҳам масъулият юклайди.
Юртдошларимизни, шу жумладан хориждаги ватандошларимизни Ўзбекистон Конституцияси куни билан табриклайман.
Учрашув якунида ҳамюртларимиз ўзларини қизиқтирган консуллик-ҳуқуқий масалаларга доир саволларига дипломатлардан батафсил жавоб олдилар.