Исломободда амалга оширилаётган “Capital Smart City” ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви ва боғини барпо этиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Habib Rafiq Pvt. Ltd” компанияси бош менежери Аслам Малик билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида ушбу компания билан ҳамкорлик истиқболлари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Элчи Алишер Тўхтаев Ўзбекистон инвестиция муҳитининг асосий элементлари, мавжуд Эркин иқтисодий зоналар, мамлакатимиз ҳудудларида барпо этилаётган Янги Ўзбекистон массивлари, Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси ҳақида батафсил сўзлаб берди. Хорижий инвесторлар учун Ўзбекистонда яратилган шароитлар, солиқ ва божхона қулайликлари, имтиёзли молиялаштиришнинг мослашувчан сиёсати, инфратузилмадан фойдаланиш имконияти, ҳукумат даражасидаги лойиҳаларни маъмурий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимизнинг Евроосиё транспорт йўналишлари ва қулай географик жойлашуви тўғрисида таъкидланди.
Ўз навбатида, Аслам Малик Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хорижий инвесторлар учун, хусусан қурилиш ва инфратузилма соҳаларида, жуда қулай шароит яратаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакатда бизнес юритиш учун яратилаётган янги имкониятлар, маъмурий тартиб-таомилларнинг соддалаштирилиши, тадбиркорлар учун кафолат ва имтиёзларнинг кенгайтирилиши амалий жиҳатдан ўз самарасини бермоқда.
– Ўзбекистонда қурилиш соҳасидаги ўзгаришлардан яхши хабардормиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистон инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини қулай уй-жойлар билан таъминлаш, янги шаҳарларни барпо этиш соҳасида катта тажриба тўплади, – деди “Habib Rafiq Pvt. Ltd” бош менежери. – Ўзбекистоннинг шаҳарсозлик бўйича тажрибасини ўрганиш ва лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдормиз. Шунингдек, Ўзбекистон қурилиш компанияларини Покистондаги лойиҳаларга иштирок этишга таклиф қиламиз.
Покистон вакили Исломобод шаҳри яқинида 2,8 минг гектар майдонда амалга оширилаётган “Capital Smart City” йирик девелоперлик лойиҳаси билан таништирди. Қайд этилишича, ҳудудда турар-жой бинолари, мактаб, боғча, спорт иншоотлари, замонавий дам олиш ва кўнгилочар боғлар қурилиб фойдаланишга топширилган. Шунингдек, АҚШдаги Силикон водийси муқобили бўлган технологик шаҳарча “Silicon Village” қурилиши давом этаяпти.
“Habib Rafiq Pvt. Ltd” компанияси бош менежери, шунингдек, “Capital Smart City” лойиҳаси ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви ҳамда “Янги Ўзбекистон” боғни барпо этиш, мамлакатимиз ҳудудларида барпо этилаётган Янги Ўзбекистон массивлари ҳамда “Янги Тошкент” шаҳридаги лойиҳаларда иштирок этиш, компания раҳбариятининг Ўзбекистонга сафарини амалга ошириш, Ўзбекистондаги йирик қурилиш компанияларининг Покистондаги, хусусан, “Capital Smart City” лойиҳасида иштирокини ташкил этиш ва бошқа таклифларни билдирди.
“Capital Smart City” ҳудудида барпо этилаётган “Silicon Village” бош директори Абид Кабир Чима Ўзбекистондаги технопарклар билан яқин алоқаларни йўлга қўйишга юқори қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва салоҳиятли инвесторлари билан келишилган ҳолда муҳокама қилинган йўналишлар ва лойиҳаларни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш, компания делегациясининг Ўзбекистонга ишчи сафарини ташкил этиш ва ҳамкорлар билан музокаралар уюштириш тўғрисида келишиб олинди.