Доҳа форуми доирасида Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича Термиз мулоқотига бағишланган сессия бўлиб ўтади

2025 йил 7 декабрда ҳар йили ўтказиладиган Доҳа форумида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотига бағишланган алоҳида сессия бўлиб ўтади. Ушбу сессия "Минтақавий боғли қлик орқали Афғонистонни қайта тиклаш: Термиз мулоқоти" шиори остида ўтказилади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Қатардаги Жоржтаун университети филиалининг Халқаро ва минтақавий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
2025-йил май ойида Термиз шаҳрида бошланган Термиз мулоқоти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлдаги махсус резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ташаббусини амалий илгари суриш учун доимий платформадир.
Бугун чуқур геосиёсий ўзгаришлар шароитида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий алоқаларни қайта тиклаш заруратга айланмоқда. Ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик, мулоқот ва ишонч стратегик муҳим макроминтақада хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг муҳим шартидир.
Афғонистон бу жараёнларда алоҳида ўрин тутади. Географик жойлашуви туфайли мамлакат икки минтақа ўртасида табиий кўприк вазифасини бажаради. Прагматик ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва Афғонистоннинг минтақалараро жараёнларда иштироки Марказий ва Жанубий Осиёда узоқ муддатли барқарорлик ва тинч ривожланишни таъминлашда ҳал қилувчи омиллар сифатида қаралади.
Айни шу масалалар бўлажак сессия кун тартибининг марказида бўлади. Иштирокчилар Афғонистоннинг Трансминтақавий алоқани таъминлашдаги ролини, шунингдек, кенгроқ минтақавий контекстда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий қадамларни муҳокама қиладилар.
Сессияни Қатардаги Жоржтаун университетининг Халқаро ва минтақавий тадқиқотлар маркази директори Заҳра Бабар олиб боради.
Муҳокамада қуйидагилар иштирок этади:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев;
– СМТИ директори Элдор Арипов;
– Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдул Ҳай Қанит;
– Қатар ташқи ишлар вазирининг махсус вакили Файсал Абдуллаҳ Ал-Ҳанзаб;
– Қатардаги Жоржтаун университети тарих профессори Валид Зиад.
Эслатиб ўтамиз, Доҳа форуми 2002-йилдан бери Қатар ҳукумати кўмагида ўтказиб келинмоқда ва долзарб глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун ҳурматли платформа ҳисобланади. 2025-йилда форум "Адолат амалда: ваъдалардан тараққиёт сари" мавзусида бўлиб ўтади.
Унда АҚШ, Буюк Британия, Россия, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Япония ва Кореянинг етакчи таҳлил марказлари раҳбарияти ва мутахассислари, жами 150 га яқин давлатдан 8 мингга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.