Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Австрия ички ишлар вазири билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 3 декабрь куни Австрия ички ишлар вазири Герҳард Карнер билан музокара ўтказди.
“Австрия ички ишлар вазири Герҳард Карнер жаноблари билан конструктив учрашув ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram каналида.– Хавфсизлик, миграция, терроризмга қарши курашиш ва бошқа муҳим йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кун тартибимиздан ўрин олди.
Ахборот алмашинувини кучайтириш, институционал шерикликни фаоллаштириш, барқарорликни таъминлаш ва фуқароларимиз хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидладик”.