Покистон ва Ўзбекистон савдо, инвестиция, фармацевтика ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштиради

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – Саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хан ва Равалпинди Савдо саноат палатаси – RCCI президенти Усмон Шавкат билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, муқобил транзит ва логистика йўналишларини ишлаб чиқиш, авиа-карго ташувларини йўлга қўйиш имкониятлари, шунингдек, Покистон фуқаролари учун электрон виза тартибини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Равалпинди Савдо-саноат палатаси президенти Усмон Шавкат етакчи покистонлик ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга бўлиб ўтган бизнес-миссияси ва 10 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган “International Achievement Awards and Business Opportunities Conference – 2025” доирасида ўтказилган бизнес-форум натижалари бўйича ахборот берди. Унинг таъкидлашича, мазкур тадбирлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида амалий алоқаларни мустаҳкамлаш, кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва янги йўналишларда ўзаро ҳамкорлик ташаббусларини шакллантиришга хизмат қилди.
– Покистонлик ишбилармонларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқиши тобора ортиб бормоқда, – деди RCCI президенти. – Ўзбекистонга амалга оширилган бизнес-миссия давомида ҳам савдо, инвестиция саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Покистон томони авиа-карго ташувларини йўлга қўйишга юқори қизиқиш билдирди. Шу боис, Ўзбекистоннинг хусусий авиакомпаниялари ва покистонлик авиаташувчилар ўртасида онлайн учрашувлар ўтказиш таклифини илгари сурди. Мазкур масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида ҳар икки мамлакат Транспорт вазирликлари томонидан доимий мулоқот йўлга қўйилиши юзасидан келишиб олинди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, икки мамлакат фуқаролари учун виза тартибларини соддалаштириш истиқболлари хусусида ҳам фикр алмашилди.