Ўзбекистон ва Покистон маданият, оммавий ахборот воситалари ва савдо интеграцияси орқали стратегик алоқаларни чуқурлаштирмоқда

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг марказий “Associated Press of Pakistan” (APP) ахборот агентлигининг дипломатик ва глобал ҳамкорлик бўйича директори Али Раза Алви ва “DND News Agency” раҳбари Аға Иқрор Харун билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Покистон томони Ўзбекистон Президенти томонида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар ва уларнинг самарали натижалари билан таништирилди. Хусусан, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг учун мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос барпо этилгани, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими яратилгани таъкидланди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратилди. Фаол сиёсий мулоқотлар, самарали парламентлараро ва идоралараро алмашинувлар давом этаётгани, савдо-иқтисодий йўналишдаги яқин шериклик янги босқичга кўтарилгани эътироф этилди.
Икки давлат ва халқни муштарак тарих ва маданий мерос, умумий дин ва қадриятлар бирлаштириб туриши таъкидланди. Бу ришталарни янада мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг бу борадаги хабардорлигини ошириш мақсадида икки томон ахборот агентликлари, оммавий ахборот воситалари ўртасида алоқаларни жонлантириш зарурлиги қайд этилди.
Савдо-иқтисодий йўналишдаги мақсадли кўрсаткичларга эришиш, товар айланмаси ҳажмини янада ошириш, икки давлатнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун бизнес доира вакилларини ишончли ва батафсил ахборот билан таъминлашнинг аҳамияти ҳам таъкидланди.
“Associated Press of Pakistan” ахборот агентлигининг дипломатик ва глобал ҳамкорлик бўйича директори Али Раза Алви икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун хусусий ташаббус остида ишлайдиган махсус ижтимоий медиа платформасини яратишни кўриб чиқишни таклиф қилди. Унинг айтишича, бундай платформа маънавий-маърифий, мусиқа, театр, шеърият, миллий ошхона ва бошқа умумий анъаналарни ўз ичига олган маданий алмашинувни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди ҳамда одамлар ўртасидаги алоқа ва ўзаро тушунишни чуқурлаштиради.
“DND News Agensy” раҳбари Аға Иқрор Харун оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликдан ташқари, тарихий ва маданий алмашинувларни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди. “Ўзбекистон ҳақида кўп манбалардан ўқиганмиз. Бироқ, ўзбек халқининг асл фарзанди З.М.Бобурнинг Ўзбекистондан эканлигини бизда кўпчилик билмайди. Бобур ва бобурийларни буюк мўғуллар деб аташади. Тарихдаги хатоликлар ва Ўзбекистон ҳақидаги аниқ маълумотларни Покистон жамоатчилигига етказиш учун урду тилларида китоблар тайёрлаш ва чоп этишга тайёрмиз”, – деди “DND News Agensy” раҳбари.