Ўзбекистоннинг бой маданияти ва миллий қадриятлари Исломободда ўтказилган “Charity Bazaar” хайрия фестивалида эътироф этилди

Ўзбекистон элчихонаси жорий йил 23 ноябрь куни Покистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Charity Bazaar” хайрия фестивалида иштирок этди.
Мазкур фестиваль Покистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар билан маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, турли халқларнинг бой тарихи ва маданий мероси, туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида мунтазам равишда ташкил этиб қилинмоқда.
Жорий йилги тадбирда Исломобод шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва маҳаллий ҳунармандлар ўз кўргазма бурчаклари билан қатнашди.
Ўзбекистон павильони ўзининг миллий услуби ва бадиий безаклари, миллий таомлари, ширинликлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари, халқ амалий санъати намуналари, мусиқа асбоблари ҳамда миллий либослар кўргазмаси билан иштирокчилар эътиборини ўзига жалб қилди. Палов, манти, сомса, лағмон каби миллий ўзбек таомлари, ҳолва, чак-чак ва бошқа ширинликларининг мазаси тадбир меҳмонлари томонидан юқори баҳоланди.
Мамлакатимиз бурчагида ўзбек миллий мусиқалари янграб тургани тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди. Андижон полкаси ва Лазги куйлари ижро этилган рақслар Исломобод шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари ҳайратини оширди.
Тадбирнинг 15 мингга яқин меҳмонлари, жумладан, ташкилотчилар, дипломатик миссиялар ходимлари ва маҳаллий ОАВ вакиллари ўзбек павильонини юксак баҳолади. Улар халқимизнинг тарихий ва маданий мероси ноёб эканлигини, ҳунармандчилик буюмларининг бежиримлигини ҳамда миллий таомларимиз мазасининг тенги йўқлигини алоҳида эътироф этдилар.
Покистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Исҳақ Дар тадбирда бош меҳмон сифатида қатнашди ва Ўзбекистон павильони билан танишди.
Покистон ТИВ раҳбари ўзбек халқининг бой тарихий ва маданий мероси, шунингдек, миллий таомларнинг бетакрорлиги катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Исҳақ Дар, шунингдек, бундай тадбирларнинг маданий дипломатия ва икки томонлама ҳамкорлик учун муҳим аҳамиятини қайд этди.
– Ўзбекистон ва Покистон умумий тарихий ва маданий илдизлар билан чамбарчас боғланган, – деди Покистон ТИВ раҳбари. – Бундай фестиваллар халқларимизни, хусусан ёшларимизни янада яқинлаштиради, уларни умумий тарихимиз ва қадриятларимиз билан яқиндан таништиради. Шунингдек, ушбу тадбирлар дўстлик ва ҳамкорлик руҳида олдинга ҳаракат қилишга ёрдам беради. Мен Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасига мазкур фестивалдаги ажойиб иштироки ва ўзбек халқининг бой маданияти ва қадриятларини юқори маҳорат билан тақдим қилгани учун миннатдорлик билдираман.
Таъкидлаш жоизки, Туркия, Хитой, Малайзия, Тунис, Озарбайжон, Вьетнам, Туркманистон, Чехия, Индонезия, Фаластин, Сурия, Япония, Филиппин, Марокко, Яман, БАА ва бошқа мамлакатларнинг Покистондаги элчилари, мезбон мамлакат ТИВ мутасаддилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам Ўзбекистон павильонига ташриф буюриб миллий қадриятларимиз билан яқиндан танишган ҳолда, уларни юксак баҳоладилар.
Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм элчиси Ҳамид Маҳмуд “Charity Bazaar” хайрия фестивали турли халқлар миллий қадриятлари, урф-одатлари, ошхонаси, халқ ўйинларини тарғиб этиш баробарида, кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилганини таъкидлади.
–Ўзбекистоннинг мазкур лойиҳада иштироки, шунингдек, халқингизнинг гўзал анъаналари, тарихи, турмуш тарзи, қадриятлари ва энг муҳими ўзбек миллий ошхонасининг тақдимотлари алоҳида аҳамиятга эга бўлди, – деди у. – Покистон аҳолиси ва меҳмонлари Ўзбекистон тақдимотидан жуда хурсанд бўлишди. Туризм элчиси сифатида, мен бугунги иштирок Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти билан танишиш учун ажойиб имконият бўлганини ҳам таъкидлашим керак. Бундай тадбирлар сайёҳлар алмашинувини оширади ва маданий алмашинувни рағбатлантириб, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайди.
Тадбир доирасида ўтказилган “Халқлар паради” ҳамда концерт дастурида элчихона ходимларининг фарзандларидан иборат ижодий гуруҳ Андижон полкаси рақсини ижро этди. Болажонларнинг чиқишлари томошабинларга кўтаринки кайфият улашди. Эътиборлиси, кўплаб томошабинлар ўзбек мусиқаси садолари остида биргаликда рақсга тушдилар.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг “Charity Bazaar” хайрия фестивали иштироки юртимиз маданиятини Покистонда кенг тарғиб қилиш, маданий дипломатия орқали мезбон мамлакат аҳолисининг Ўзбекистон ҳақидаги хабардорлигини янада оширишга хизмат қилди.