Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги иккинчи Стратегик мулоқот учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И 2025 йил 20-21 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди ва икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги иккинчи Стратегик мулоқот учрашувида иштирок этди.
Томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликнинг ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олишга асосланган ҳолда изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидладилар ва умумий келажакка эга ҳамжамиятни қуришни илгари суришда яқинроқ ҳамкорликни давом эттиришларини билдирдилар.
Икки томонлама ва халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича давлатлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган барча даражадаги ўзаро ташрифлар ва алоқаларнинг фаол динамикаси таъкидланди.
Томонлар ўзларининг асосий манфаатларига таъсир қилувчи масалалар бўйича ўзаро қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқладилар.
Хитой томони Ўзбекистоннинг танлаган миллий ривожланиш йўлини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва Янги Ўзбекистон стратегияси доирасида асосий ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурларини доимий равишда илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон томони “ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлайди, “Тайван мустақиллиги”нинг ҳар қандай шаклига қарши чиқади ва Хитой ҳукуматининг Хитойни бирлаштиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлайди.
Хитой томони 15-16 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувини минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро ишончни чуқурлаштириш, минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қўшган муҳим ҳиссаси учун юқори баҳолади.
Ўзбекистон томони Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг IV ялпи мажлисининг муваффақиятли ўтказилишини юксак баҳолайди ҳамда ушбу муҳим йиғилиш Хитойнинг барқарор ва юқори даражадаги тараққиётини янада жадаллаштиришга, мамлакатлар учун янги ривожланиш имкониятларини яратишга ва жаҳон ҳамжамиятига кўпроқ ишонч ҳамда ижобий туртки беришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.
Томонлар хавфсизлик, ривожланиш ва фаровонлик борасидаги умумий манфаатлардан келиб чиқиб, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда “Бир камар, бир йўл” ташаббусининг ўта муҳим ўрни ва аҳамиятини юқори баҳолайдилар.
Ўзбекистон томони Хитойнинг Глобал ривожланиш ташаббуси, Глобал хавфсизлик ташаббуси, Глобал цивилизация ташаббуси ва Глобал бошқарув ташаббусларини маъқуллади ва улар доирасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар савдо ҳажмининг барқарор ўсиши, инвестиция ҳамкорлигининг кучайиши, саноат, транспорт ва логистика, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилишини мамнуният билан қайд этдилар.
Томонлар яшил минерал ресурслар соҳасида, хусусан, бутун минерал ишлаб чиқариш занжири бўйлаб яшил ривожланиш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирадилар.
Томонлар маданий ва гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш, Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар.
БМТ, ШҲТ, “Марказий Осиё–Хитой” формати, BRICS ва бошқа кўп томонлама доираларда ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги иккинчи Стратегик мулоқот натижалари ҳам юқори баҳоланди ва ушбу механизм стратегик ҳамкорлик ва устувор соҳаларда кенг қамровли ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги платформага айлангани ҳамда минтақавий ва халқаро тинчликни янада мустаҳкамлашга, ўзаро тушунишни ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.