Покистон ОАВ: Президент Шавкат Мирзиёев: Бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда

Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари шу йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувини кенг ёритди.
Хусусан, ушбу мамлакатнинг марказий “Global News Pakistan”, “Daily Spokesman”, “Islamabad Post” ва “Pakistan in the World” нашрларида “Ўзбекистон Президенти янги форматдаги минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди” сарлавҳали мақолаларни эълон қилди.
Уларда 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтгани хабар қилинган.
Маълум қилинганидек, саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этди.
Саммит аввалида Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилганини мамнуният билан эълон қилди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, бу қарор муштарак тарих, қардошлик ришталари, маънавий ва маданий яқинлик билан узвий боғланган халқларимиз манфаатларига тўлиқ жавоб беради.
“Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ушбу стратегик қадам Маслаҳат учрашувларига кучли шиддат беришига, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор тараққиёт масалалари бўйича ҳамжиҳатликда қарорлар ишлаб чиқиш учун янги уфқлар очишига ишонч билдирди”, – дейилган нашрларда.
"Моҳиятан биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этмоқдамиз, ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришга йўл очмоқдамиз. Бу икки минтақанинг стратегик боғлиқлиги ва барқарорлигини кучайтириши шубҳасиз”, – дея Президент Шавкат Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтирган Покистон ОАВ.
Сўнг Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда минтақада амалга оширилаётган интеграция жараёнларини қисқача таҳлил қилди. Очиқ мулоқот ва биргаликдаги фаол саъй-ҳаракатлар туфайли минтақа учун долзарб бўлган қатор муаммоларга самарали ечимлар топилгани таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти ўз маърузасида, минтақа жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашаётганини, инвестициявий жозибадорлик ошаётганини, учинчи бозорларга экспорт қилиш имкониятлари кенгаяётганини ва транзит салоҳият ўсаётганини таъкидлади. Ўтган йили минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 10,7 миллиард долларга етди, Марказий Осиёга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 17 фоизга кўпайди.
Маърузада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва экстремизм, трансчегаравий жиноятчилик таҳдидларига қарши курашиш масалалари бўйича тизимли чоралар кўрилаётгани алоҳида урғуланди.
Покистон ОАВ маълум қилганидек, Президент "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли ва Трансафғон транспорт йўлаги қурилиши минтақалараро транспорт боғлиқлигининг устувор лойиҳалари сифатида қайд этди.
“Нутқда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан саммитда қабул қилинаётган ҳужжатлар – Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда Таҳдидлар ва хатарлар каталоги юқори баҳоланди. Афғонистондаги вазиятнинг хавфсизликка таъсирини ҳисобга олган ҳолда ва бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун ушбу мамлакатни минтақавий инфратузилма, энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларига интеграция қилиш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон етакчиси яқинда ўтказилган “Фарғона тинчлик форуми”ни анъанавий халқаро форумга айлантириш зарурлигини билдирди”, – дея урғуланган материалларда.
Ўзбекистон етакчиси сўзининг якунида бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва илгари сурилаётган ташаббусларда барқарор, хавфсиз ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишдек умумий мақсад мужассам эканини таъкидлади.
“Алоҳида таъкидламоқчиман: бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда. Фақат ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва стратегик ёндашувларга таяниб, эзгу мақсадларимизга эришишимиз мумкин”, – дея Ўзбекистон Президенти сўзларидан иқтибос келтирган Покистон ОАВда эълон қилинган мақолаларда.