Иқтисодий ҳамкорлик: Ўзбекистон ва Қозоғистон қандай қилиб умумий ўсиш маконини яратмоқда

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги замонавий муносабатлар барқарор ва динамик ҳамкорликнинг намунаси бўлиб, бу жараёнда сиёсий мулоқот савдо, инвестиция ва саноатдаги аниқ лойиҳалар билан уйғунлашмоқда. Бугун бу шериклик икки томонлама кун тартибидан чиқиб, Марказий Осиёда ягона иқтисодий маконни шакллантиришда муҳим бўғин сифатида намоён бўлмоқда.
Иқтисодий динамика: савдо ҳажми ва диверсификация
2025 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларига етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,5 фоизга ошди. Экспорт ҳажми 1,06 миллиард долларни ташкил этиб, 2024-йилга нисбатан 6 фоиз ўсди, импорт эса 2,42 миллиард долларга тенг бўлиб, 20,3 фоиз ўсишни кўрсатди.
Бу ижобий динамика нафақат савдо ҳажмининг ортишини, балки унинг таркибий ўзгаришини ҳам ифодалайди - экспорт таркибида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар улуши ошмоқда.
Асосий экспорт йўналишлари - машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари маҳсулотларидир. Ўзбекистон томони автомобиль эҳтиёт қисмлари, сабзавот ва мевалар, минерал сувлар, тўқимачилик буюмлари ҳамда цемент етказиб беришни фаол равишда кенгайтирмоқда. Фақат 2024-йилда Қозоғистонга экспорт ҳажми 2,4 фоизга ошди, ассортимент эса 86 та янги товар позицияси билан кенгайди — электр энергиясидан тортиб сариёғ ва какао маҳсулотларигача.
Инвестициялар ва қўшма корхоналар: янги иштирокчилар ва йўналишлар
2025 йил август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 1157 та корхона рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 281 таси қўшма, 876 таси эса тўлиқ хорижий корхоналардир. Уларнинг асосий фаолият соҳалари — савдо, қурилиш, ахборот технологиялари, суғурта ва молиявий хизматлардир.
Қозоғистонда эса Ўзбекистон капитали иштирокидаги 5400 та юридик шахс фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич икки мамлакат бизнес доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатдорликнинг яққол далилидир.
Ҳудудий ҳамкорлик марказлари ва кластерлар
Ўзбекистонда жойлашган Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳудудий ҳамкорлик марказлари сифатида аграр-саноат ва индустриал кластерларни шакллантириш устида ишламоқда. Наманганда экспортни ривожлантириш ва аниқ деҳқончилик технологияларини жорий этишга қаратилган агрокластер ташкил этилган. Сирдарё вилоятида эса 70 гектар майдонда полиетилен қувурлар, қурилиш материаллари ва агрокомплекс ишлаб чиқарувчи саноат кластери барпо этилмоқда.
Шунга ўхшаш лойиҳалар Қорақалпоғистон, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ҳам амалга оширилмоқда - бу ерда логистика марказлари ва қайта ишловчи корхоналар ташкил этилмоқда. Қозоғистоннинг Туркистон, Қизилўрда ва Жетису вилоятларида эса қишлоқ хўжалиги хомашёси қайта ишланиб, юқори қўшимча қийматга эга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Бундай минтақавий шериклик иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, қўшма логистика тизимларини ривожлантириш ҳамда икки давлат чегарадош ҳудудлари ўртасида барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Форумлар ва мулоқот: ишонч механизми ва амалий ечимлар
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия, унга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов раислик қилмоқда, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштиришда муҳим ўрин тутади.
2025 йил октябрь ойида Хива шаҳрида Комиссиянинг 22-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперацияси, транспорт-транзит алоқалари, қишлоқ хўжалиги, энергетика, экология ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Шунингдек, минтақавий ва чегарадош ҳамкорлик, туризм ва спорт соҳаларидаги қўшма ташаббусларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан аввалроқ Самарқандда бўлиб ўтган IV минтақалараро ҳамкорлик форумида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” имзоланган бўлиб, у 7,1 миллиард долларлик лойиҳа ва шартномаларни амалга оширишни назарда тутади. Бундан ташқари, икки давлат ҳудудлари ўртасида 32 та келишув ва 700 миллион долларлик савдо битимлари имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар қўшма саноат зоналари, транспорт-логистика марказлари ва энергетика лойиҳаларини яратиш учун узоқ муддатли асосни белгилаб бермоқда.
“С5+1” формати: минтақавий миқёсдаги ҳамкорлик
2025-йил 5–6-ноябрь кунлари Вашингтон шаҳрида ўтган “С5+1” форматидаги давлат раҳбарлари учрашуви Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди.
Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик умумий мақсадларга асосланмоқда — барқарор инфратузилма яратиш, энергетик ўзаро боғлиқликни кучайтириш, рақамли ва “яшил” технологияларни жорий этиш ҳамда товар, капитал ва инвестицияларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш.
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қўшма ташаббуслари минтақавий чегаралардан ташқарига чиқмоқда. Уларнинг орасида Транс-Афғон темир йўли қурилиши лойиҳаси алоҳида ўрин тутади - бу ташаббус Марказий Осиёни Евроосиё логистикасининг асосий бўғинига айлантириш имконини беради. Мазкур лойиҳа халқаро ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланиб, Марказий ва Жанубий Осиёни Афғонистон орқали боғлаш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Янги ҳамкорлик тамойили: саноат, энергетика ва барқарор ривожланиш
Қозоғистон Ўзбекистон учун МДҲ доирасидаги энг йирик ҳамкор ва Россиядан кейин ташқи савдо айланмаси бўйича иккинчи ўринда туради. Ҳамкорлик “янги индустриализация” тамойилига асосланиб ривожланмоқда: автомобиль эҳтиёт қисмлари ва электротехника маҳсулотларини қўшма ишлаб чиқаришдан тортиб, қайта тикланувчи энергетика, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, “яшил” молия ва декабронизация соҳасида тажриба алмашишгача.
Алоҳида эътибор транспорт интеграциясига қаратилган - “Транскаспий”, “Шимол–Жануб” халқаро йўлаклари ва Хитой, Эрон ҳамда Туркия орқали ўтувчи янги маршрутларни ривожлантириш орқали экспорт оқимларини диверсификация қилиш ва минтақанинг глобал иқтисодиётдаги ролини мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратилмоқда.
Хулоса: Марказий Осиёнинг умумий келажаги
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги - бу шунчаки прагматик ҳисоб-китоб ёки савдо алмашинуви эмас. Бу Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига хизмат қилувчи янги моделнинг пойдеворидир - ўзаро ишонч, иқтисодий боғлиқлик ва умумий масъулиятга асосланган модел.
Қўшма лойиҳалар, энергетик ва транспорт тармоқлари интеграцияси, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва технологик ҳамкорлик орқали икки давлат бутун минтақа учун ибрат бўладиган замонавий ҳамкорлик маконини шакллантирмоқда.