Марказий Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви: инвестицион ва саноат ҳамкорлиги учун янги имкониятлар

Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари босқичма-босқич минтақа иқтисодиётини ривожлантириш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқишнинг асосий механизмига айланмоқда. Ўзбекистон савдо, саноат кооперацияси ва барқарор транспорт-логистика занжирларини ривожлантиришга қаратилган интеграцион жараёнларнинг фаол ташаббускори сифатида иштирок этмоқда. Бугунги кунда минтақа сиёсий диалогдан сармоя, инновация ва саноатлаштиришга асосланган амалий ҳамкорлик босқичига ўтмоқда.
Ҳуқуқий базани уйғунлаштириш, тўсиқларни бартараф этиш ва ягона саноат стандартларини яратиш йўналишида олиб борилаётган изчил ишлар Марказий Осиё мамлакатлари учун энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати соҳаларида капитални жалб этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Савдо ва инвестиция ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари
Минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳуқуқий база асосан эркин савдо, ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва икки марталик солиққа тортишни олдини олиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларга асосланади. Ушбу ҳужжатлар тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар, қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ва савдодаги тўсиқларни бартараф этишни таъминлайди. Марказий Осиё мамлакатлари билан тузилган ҳукуматлараро комиссиялар аниқ ечимлар ишлаб чиқишнинг самарали майдонларига айланган бўлса, бош вазирлар ва тегишли вазирларнинг мунтазам йиғилишлари янги лойиҳалар ишга туширилишига ҳамда саноат кооперациясининг модернизациясига хизмат қилмоқда.
Қозоғистон: минтақанинг стратегик ҳамкори ва йирик савдо бозори
Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи ҳамкори бўлиб қолмоқда. 2025 йил январь –сентябрь ойларида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,48 миллиард АҚШ долларига етди (+15,5%). Экспорт 1,06 миллиард, импорт эса 2,42 миллиард долларни ташкил этди.
Савдо алоқаларида эркин савдо режими амал қилади, бу эса товар ва хизматлар ҳаракатининг фаоллигини таъминлайди.
Ўзбекистоннинг асосий экспорт йўналишлари машинасозлик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари маҳсулотларини ўз ичига олади. Республикамиз Қозоғистонга сабзавот, мева, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, цемент, пластмасса буюмлари ва минерал сувларни экспорт қилмоқда. Ўз навбатида, саноат хомашёси, ускуналар, металлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинади. Қозоғистон капитали иштирокидаги 1,1 мингдан ортиқ корхоналар савдо, ИТ хизматлари, қурилиш ва молия соҳаларида фаолият юритмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги ҳудудлараро алоқалар ҳар йили миллиардлаб долларлик шартномалар ва “йўл хариталари”ни имзолаш билан якунланадиган Ҳамкорлик форуми орқали мустаҳкамланмоқда.
Қирғизистон: саноат кооперациясини чуқурлаштириш
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорлик даражасига чиқди. Ҳуқуқий базанинг асосини саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш тўғрисидаги битимлар, 2023–2025 йилларга мўлжалланган стратегик савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ва 2030 йилгача савдони ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ташкил этади.
2025 йилнинг январ–сентябр ойларида товар айирбошлаш ҳажми 672,8 миллион долларни ташкил этиб, 14,7 фоизга ўсди. Экспорт 422,1 миллион, импорт эса 250,7 миллион долларга етди.
Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари, электр техникаси, қурилиш материаллари ҳамда машина ва ускуналарни ўз ичига олади. Қирғизистон эса Ўзбекистонга минерал ёқилғи, рудалар, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилмоқда.
Қирғиз капитали иштирокидаги 300 дан ортиқ корхоналар Ўзбекистонда фаолият юритмоқда, бу эса бизнеслар ўртасидаги ўзаро манфаатдорликни тасдиқлайди. Иккала мамлакат шаҳарларини боғловчи янги автобус ва темирйўл йўналишлари юк ташиш ҳажмини оширишга, туризмни ривожлантиришга ва енгил саноат ҳамда энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Тожикистон: саноат интеграцияси ва қўшма инвестицияларни кенгайтириш
Тожикистон Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Давлатлар ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битим амал қилади, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия эса саноат ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни мувофиқлаштирмоқда.
2025 йил январь–сентябрь ойларида товар айирбошлаш ҳажми 571,3 миллион долларга етди (+17,6%). Экспорт 406,3 миллион, импорт эса 165 миллион долларни ташкил этди.
Савдо ҳажмининг ўсиши тўқимачилик, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари ҳамда транспорт-логистика хизматлари етказиб бериш ҳисобига таъминланди. Тожикистонда 100 дан ортиқ ўзбек капитали иштирокидаги корхоналар, Ўзбекистонда эса 300 дан ортиқ тожик сармояси иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда.
Инвестицион яқинлашув рамзига айланган Ўзбекистон–Тожикистон инвестиция компаниясининг устав капитали 100 миллион долларгача оширилди. Компания озиқ-овқатни қайта ишлаш, макарон ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат саноатини модернизация қилиш лойиҳаларини молиялаштирмоқда.
Туркманистон: саноат ва логистика ҳамкорлигини мустаҳкамлаш
Туркманистон билан иқтисодий ҳамкорлик барқарор ривожланмоқда, саноат, энергетика ва логистика соҳаларида алоқалар кенгаймоқда. Узоқ муддатли ҳамкорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар бизнес учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратмоқда.
2025 йил январь–сентябрь ойларида товар айирбошлаш ҳажми 750 миллион долларни ташкил этди. Экспорт 111,1 миллион (+26,3%), импорт эса 638,9 миллион долларни ташкил қилди.
Ўзбекистон Туркманистонга минерал ёқилғи, кимё ва саноат маҳсулотлари, машина ва ускуналар экспорт қилмоқда, Туркманистондан эса хом ашё ва нефт-кимё маҳсулотларини импорт қилмоқда. Туркман капитали иштирокидаги 200 га яқин корхоналар Ўзбекистонда фаолият юритмоқда, улар қадоқлаш материаллари, мебел, тўқимачилик ва нефт маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Шунингдек, транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда, жумладан, ҳаракат таркибини таъмирлаш ва “Шовот–Дашогуз” чегарадош савдо ҳудудини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.
Марказий Осиё: ягона саноат ва инвестиция маконини шакллантириш
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик натижалари минтақа янги босқичга тайёр эканини кўрсатмоқда. Ўзбекистон ҳамкорлар билан биргаликда саноат сиёсати, транспорт логистикаси ва инвестиция механизмлари бўйича умумий ёндашувларни шакллантирмоқда. Қўшма саноат зоналарини яратиш, трансчегаравий инвестицияларни рағбатлантириш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни илгари суриш ташаббуслари тобора фаоллашмоқда.
Марказий Осиё раҳбарларининг маслаҳат учрашуви доирасида бу тенденциялар алоҳида аҳамият касб этади. Асосий эътибор – барқарор ўсишни таъминлаш, “яшил” лойиҳаларни амалга ошириш ва минтақанинг технологик модернизациясини ривожлантиришга қаратилган. Саноат ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик минтақанинг мустақиллиги ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланмоқда.
Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ишонч ва прагматизм асосидаги бирлашуви бутун минтақа учун мустаҳкам иқтисодий пойдевор яратмоқда. Ўзбекистон эса қўшма тараққиёт ғоясини илгари сурувчи сифатида Марказий Осиёнинг янги саноат даврининг табиий интеграция марказига айланмоқда.