ЮНЕСКО Бош конференцияси ўз ишини якунлади

13 ноябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу сессия сўнгги 40 йил ичида илк бор Ташкилот қароргоҳидан ташқарида ўтказилган энг йирик халқаро форумнинг муваффақиятли якунланишини белгилади.
Йиғилиш якунларига кўра, Бош конференция томонидан “Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига миннатдорлик ифодаси” номли расмий ҳужжат қабул қилинди.
Ҳужжатда Ўзбекистон Президентининг беқиёс қўллаб-қувватлови, Бош конференцияни ташкил этиш ва ўтказишдаги юксак эътибори ва шахсан иштироки, шунингдек, Ўзбекистон халқи томонидан кўрсатилган меҳмондўстлик ва юқори даражадаги сессияни ўтказиш ташаббуси учун чуқур миннатдорлик изҳор этилган.
Қарорда Ўзбекистоннинг қадимий сивилизация ва бой маданий меросга эга мамлакат сифатидаги маданий бойликлари барча иштирокчилар учун илҳом манбаи бўлгани, халқаро ҳамжиҳатлик, ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшгани таъкидланган.
ЮНЕСКО тарихида илк бор қабул қилинган ушбу қарор Ташкилот ғояларини илгари суриш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда жаҳонда бирлик, бағрикенглик ва тинчликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг муҳим ҳиссасини халқаро миқёсда эътироф этишини англатади.
43-сессия раиси Хондкер Талҳа йиғилишда сўзга чиқиб, Самарқандда сессияни ўтказиш ташаббуси ва уни юқори даражада ташкил этгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси Вера Лакей, Бош директорнинг биринчи ўринбосари Синь Цюй ва бошқа делегатлар Ўзбекистон раҳбариятига меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Самарқандда бўлиб ўтган сессия иштирокчилари учун “нафақат дипломатик, балки маънавий тажриба” бўлганини таъкидладилар.
Таъкидланишича, Самарқанд сессияси ЮНЕСКО тарихида янги саҳифа очди ва барча аъзо давлатлар хотирасидан илҳомлантирувчи ҳамда муваффақиятли йиғилиш сифатида ўрин олди. “Самарқанд руҳи” очиқлик, ишонч ва ўзаро тушуниш тимсоли сифатида Ташкилотнинг кейинги йиғилиш ва ташаббусларида ҳам ўз аксини топишига ишонч билдирилди.
***
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚИ ВА ҲУКУМАТИГА МИННАТДОРЛИК ИФОДАСИ
Самарқанд шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати таклифига биноан, 2025 йил 30 октябрдан 13 ноябргача бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси,
Ўзбекистон халқи ва Ҳукуматига юксак миннатдорлик изҳор этган ҳолда, кўрсатилган самимий меҳмондўстлик, илиқ қабул ва Конференсия ишининг муваффақиятли ўтиши учун яратилган энг қулай шароитлар учун чуқур миннатдорлик билдириб,
1. 43-сессиянинг гўзал Самарқанд шаҳрида ўтказилганидан алоҳида мамнуният изҳор этади;
2. Барча аъзо давлатлар, уюшган аъзолар ва кузатувчиларнинг тўлиқ иштирокини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини юксак баҳолайди;
3. Ўзбекистон халқи ва Ҳукуматига, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Шавкат Мирзиёев Жаноб Олийларига Бош конференция ўтказилишига кўрсатган эътибори, беқиёс қўллаб-қувватлови ва шахсан иштироки учун самимий ва чуқур миннатдорлик билдиради;
4. Барча Ўзбекистон ташкилотлари ва ходимларига сессия ишини уйғун ва самарали ўтказишга имкон берган юксак касбий маҳорати ва фидойилиги учун миннатдорлик изҳор этади;
Қадимий цивилизация ва бой маданий мерос юрти бўлган Ўзбекистон ўзининг маданий бойликлари орқали делегациялар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшганини таъкидлар экан,
5. Ўзбекистон Республикаси халқи ва Ҳукуматига дўстлик, ўзаро ишонч ва ЮНЕСКО билан келгусидаги халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига ишонч руҳидаги мурожаатни йўллайди.