Покистон ОАВ: АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари стратегик мулоқотни жадаллаштирмоқда

Покистоннинг оммабоп “Global News Pakistan” ва “The Diplomatic Insight” электрон нашрларида “Ўзбекистон “C5+1” майдончасида: АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари билан стратегик мулоқотни мустаҳкамлаш” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
“Замонавий Марказий Осиё барқарор ўсиш ва ўзаро ишонч маконига айланиб бормоқда. Минтақа давлатлари савдо, энергетика, транспорт ва инновациялар соҳаларида амалий ташаббусларга устувор эътибор қаратган ҳолда, глобал ҳамкорлар билан мувозанатли алоқаларни йўлга қўйиш йўлида қатъий интилмоқда, – дейилган мақола муқаддимасида. – Ушбу жараённинг муҳим механизмларидан бири – Марказий Осиё давлатлари ва АҚШни бирлаштирган “C5+1” форматидир".
Нашрларда қайд этилганидек, сўнгги йилларда "C5+1" формати дипломатик механизмдан ташаббусларни мувофиқлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали платформага айланди. Самарқандда ўтган Марказий Осиё мамлакатлари вазирлари йиғилиши ўзаро ишонч ва натижадорликка йўналтирилган ёндашувни намоён этди.
Кун тартибининг асосий йўналишлари – озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим барқарорлиги, "яшил" ва рақамли иқтисодиёт, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ҳамда саноат кооперациясини чуқурлаштиришдан иборат бўлди.
Учрашув якунида USAID билан углеродсизлаштириш ва божхона жараёнларини рақамлаштириш бўйича меморандумлар имзоланди – бу савдо қоидаларини уйғунлаштириш, экспортни енгиллаштириш ва янги инвестицияларни жалб этиш йўлини очади.
“Рақамлар ўз-ўзидан гапиради: Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи савдо айланмаси 220 миллиард долларга етди – бу 2017 йилга нисбатан деярли икки баробар кўп. Ўзаро инвестициялар ҳажми 5,6 баравар, минтақанинг ялпи ички маҳсулоти эса сўнгги беш йилда 40 фоизга ошиб, 406 миллиард доллардан ошди. Бу ўсиш нафақат миқдорий, балки сифат жиҳатдан ҳам янги босқични билдиради – алоҳида ташаббуслардан ягона минтақавий ривожланиш стратегиясига ўтиш”, – деб ёзилган материалларда
Покистон ОАВ таъкидига кўра, Марказий Осиё мамлакатларининг “C5+1” формати доирасидаги иштироки минтақавий интеграцияга янги сифат бағишламоқда – миллий манфаатларни барқарор ривожланишнинг глобал тенденциялари билан уйғунлаштирмоқда.
АҚШ ва минтақа мамлакатлари "яшил" энергетика, барқарор етказиб бериш занжирлари, инфратузилмани модернизация қилиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантирмоқда.
Рақамли савдо, экологик бошқарув ва логистика технологияларининг ягона стандартларини жорий этиш Марказий Осиёни Евроосиё қиймат занжирининг муҳим бўғинига айлантирмоқда.
Мақолаларда, шунингдек, Марказий Осиё учун "C5+1" формати инвестициялар ва технологияларни жалб этиш, янги бозорларни очиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, таълим дастурлар ва илғор компаниялар билан тажриба алмашиш каби имкониятларни кенгайтириши таъкидланган.
“Марказий Осиё тобора “кесишув географияси”дан “синергия минтақасига” айланмоқда. “C5+1” формати минтақа ва глобал ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини ишонч, ўзаро манфаат ва барқарор ўсишга асосланган ягона стратегияга бирлаштирувчи таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон учун ушбу платформадаги иштирок – бу шунчаки ташқи сиёсат йўналиши эмас, балки саноатлаштириш, экспортни ривожлантириш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган миллий стратегияни амалга ошириш воситасидир”, – дейилган нашрлар интиҳосида.