Тошкентда Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми ва “RCCI International Achievement Awards” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон – Покистон бизнес конференцияси ва “36th RCCI International Achievement Awards” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан Равалпинди Савдо-саноат палатаси – RCCI ҳамкорлигида, Ўзбекистон ҳукумати ва бизнес тузилмалари кўмагида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва икки мамлакат бизнеслари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида ташкил этилди.
Халқаро тадбирнинг биринчи кунида Тошкентда Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми, В2В ва В2G музокаралари, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция ва экспорт салоҳияти бўйича тақдимотлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон-Покистон бизнес-форумида саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, логистика, қурилиш, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда Равалпинди Савдо-саноат палатаси президенти Усман Шавкат ва бошқа мутасаддилар кириш сўзи билан очиб берди.
Икки томон вакиллари иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Ўзбекистонда инвесторлар учун очиқ, замонавий ва қулай муҳит яратилган, минтақавий ўзаро боғлиқлик ташаббуси доирасидаги лойиҳалар қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо ҳажмини кўпайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва стратегик соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика, ахборот технологиялари, рақамлаштириш, фармацевтика, туризм ва логистика соҳаларида катта салоҳият мавжудлиги эътироф этилди.
Бундан ташқари, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва яқин истиболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, биргаликда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларига тўхталиб ўтилди.
Форум давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятлари ва хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида В2В ва В2G шаклидаги учрашув ҳам ташкил этилди.
Музокаралар якунида қўшма ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Форум якунида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Равалпинди Савдо-саноат палатаси ўртасида, Равалпинди Савдо-саноат палатаси ва “Sky Electric” ўртасида Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Бундан ташқари, “Caraway Pharmaceuticals” ва “Perfect Future Medicine”, “Neutrics Global (Pvt) Ltd ва ANT Group”, Pak World Trade & Expo Centre ва BMCA ўртасида ўзаро шерикликни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Ушбу ҳужжатлар икки мамлакат тадбиркорлик доиралари ўртасида узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш ва иқтисодий алоқаларни яна-да кенгайтиришга хизмат қилади.
Покистон ишбилармонлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомидаТошкент шаҳрида “36th RCCI International Achievement Awards” мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов иштирок этди.
Фармацевтика, қурилиш, IТ, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, туризм, экспорт ва импорт каби соҳаларда муваффақиятга эришган компаниялар тақдирланди. Ғолиблар орасида Ўзбекистон ва Покистон бизнес вакиллари ҳам бор.
Ҳар йили Равалпинди Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этиладиган мазкур мукофот номинациялари орасида “Йил тадбиркори”, “Йил компанияси”, “Йил экспортчиси”,“Инновация ва технология мукофоти” каби йўналишлар мавжуд.