Ўзбекистон – АҚШ олий таълим ҳамкорлигида янги босқич: C5+1 формати имкониятлари ва истиқболлари

Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – стратегик шерикликни кенгайтириш ва замонавий билим ҳамда илмий инновациялар алмашинувини таъминлашдир. Бу жараёнда АҚШ билан ҳамкорлик, айниқса олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларида, янги босқичга кўтарилмоқда.
Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари, инсон капиталига йўналтирилган давлат сиёсати ва “илм–таълим–инновация” уйғун тизими мамлакатимизни халқаро майдонда жозибали ҳамкор сифатида намоён этди. Шунингдек, Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги C5+1 формати минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб бермоқда. Ушбу формат доирасида Ўзбекистоннинг Америка олийгоҳлари билан ўзаро ҳамкорлиги нафақат таълим соҳаси, балки фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳам амалий самара бера бошлади.
Инсон капиталига сармоя – таълим орқали тараққиёт
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг илк йўналишларидан бири – инглиз тилини чуқур ўргатиш ва замонавий педагогик тажрибани жорий этишдир. Ҳар йили АҚШ университетларидан ўнлаб тажрибали ўқитувчилар мамлакатимиз олийгоҳларига ташриф буюриб, “Fulbright”, “English Language Fellows Program”, “English Teaching Assistants” каби дастурлар орқали маҳаллий мутахассислар билан биргаликда фаолият юритмоқда.
Шунингдек, АҚШ давлат департаменти қўллаб-қувватлаётган “ACCESS” дастури доирасида кам таъминланган оилалар фарзандларига инглиз тилини икки йиллик чуқур ўргатиш имконияти яратилган. Ҳозирги вақтда ушбу марказлар 11 та университет қошида самарали ишламоқда. Дастур учун ҳар бир марказга
30–50 минг доллар атрофида грант ажратилади, бу маблағлар ўқув қўлланмалар, уқитувчи маоши, ўқувчилар учун интерактив экскурсиялар ва бошқа харажатларга йўналтирилади.
“American Window” ва “Summer Camp”: илҳом манбаи бўлган майдончалар
Қорақалпоқ давлат университетида ташкил этилган “American Window” ахборот маркази – икки халқ ўртасидаги маданият ва таълим соҳаларидаги мулоқотнинг янги рамзига айланди. Бу ерда 150 дан зиёд инглиз тилидаги китоб, журнал ва луғатлар, шунингдек, АҚШ олийгоҳларига қабул тўғрисидаги маълумотнома ва йўлланмалар мавжуд. Марказ нафақат ахборот манбаи, балки “Speaking Club”лар, интерактив дарслар, маданий тадбирлар учун майдонча вазифасини ўтамоқда.
Ёзги таътилларда эса “Summer Camp” лойиҳаси орқали мактаб ўқувчилари учун инглиз тилини ўргатиш, интерактив машғулотлар, ўйин ва экскурсиялар ташкил этилади. Самарқанд давлат хорижий тиллар институти қошидаги ёзги лагерда 2022 йилда 150 нафар бола қатнашиб, нафақат тил билимини, балки халқаро мулоқот маданиятини ҳам ривожлантириш имкониятига эга бўлди.
EducationUSA ва университетлараро ҳамкорлик: янги йўналишлар эшиги
АҚШ элчихонаси қошидаги “EducationUSA” дастури Ўзбекистон ёшларига Америка олийгоҳларида таълим олиш, грант ва стипендия дастурларига қатнашиш имкониятларини очиб бермоқда. Элчихона ходимлари мамлакатимиз университетларига ташриф буюриб, талабалар учун амалий семинарлар ўтказмоқда.
Шу билан бирга, American Councils for International Education ташкилоти томонидан амалга оширилаётган UNICEN ва Faculty Enrichment Program (FEP) лойиҳалари университетлараро шерикликни фаол қўллаб-қувватламоқда. Фақатгина сўнгги икки йил ичида 22 та Ўзбекистон олийгоҳи 25 дан зиёд америкалик университетлар билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатди. 2023-2024 ўқув йилида 9 нафар профессор ва тадқиқотчи АҚШда 4-5 ойлик малака ошириш курсларида қатнашди.
Webster университети ва янги қадамлар
Тошкентда фаолият юритаётган Webster University – Ўзбекистондаги илк америкалик университет филиали бўлиб, бугунги кунда ўқув дастурларини кенгайтириб, талабалар сонини йилдан йилга оширмоқда. Унинг муваффақияти бошқа америкалик университетлар учун ҳам илҳом манбаи бўлди.
Ўзбекистон ҳукумати АҚШ университетларига янги филиаллар очиш, икки дипломли дастурлар йўлга қўйиш ва америкалик профессорларни қисқа ва узоқ муддатли дарс бериш дастурларига жалб этиш таклифини илгари сурмоқда. Айниқса, техник, муҳандислик, энергетика, тиббиёт, архитектура ва IТ йўналишлари бугунги ҳамкорликнинг устувор соҳалари сифатида белгиланган.
Юта штати билан янги йўналишлар ва C5+1 доирасидаги имкониятлар
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги янги стратегик мазмун касб этмоқда. 2024 ва 2025 йилларда Тошкент ва Самарқандда АҚШнинг Юта штати Сенати президенти Стюарт Адамс бошчилигидаги делегациялар билан бир қатор муҳим учрашувлар ўтказилди. Улар давомида икки томонлама илмий-таълим лойиҳалар, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, инновация ва сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Юта штати иқтисодий жиҳатдан АҚШнинг энг барқарор ҳудудларидан бири бўлиб, инженерлик ва тиббиёт соҳаларида кадрлар етишмовчилигини ҳис этмоқда. Шу боис, мазкур соҳаларда Ўзбекистон университетлари билан амалий ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатлидир.
Шунингдек, C5+1 формати доирасида АҚШ томони Марказий Осиё мамлакатларида илм-фан ва таълим соҳасини ривожлантириш, иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, энергия манбалари ва инновацион иқтисодиёт каби мавзуларда ҳамкорликни қўллаб-қувватламоқда.
Илм ва инновация – умумий манфаат йўлида
Ўзбекистон ва АҚШнинг ўзаро ҳамкорлиги фақат тил ўргатиш ёки талабалар алмашинуви билан чекланиб қолмаяпти. Илмий-тадқиқот фаолиятида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, стартаплар, инновацион лабораториялар, сунъий интеллект ва “яшил технологиялар” бўйича илмий форумлар ташкил этиш режалаштирилган.
Бугун мамлакатимизда 40 дан зиёд олий таълим муассасаси 25 дан ортиқ америкалик университетлар ва илмий марказлар билан меморандум асосида ишламоқда. Улар доирасида профессорлар малакасини ошириш курслари, илмий тадқиқотлар, қўшма конференциялар ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.
Ўзбекистон-АҚШ олий таълим ҳамкорлиги, айниқса C5+1 формати доирасидаги ташаббуслар, келгусида янги босқичга кўтарилиши табиий. Бу – икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ишончни мустаҳкамлайдиган, ёшлар салоҳиятини очиб берадиган ва инновацион ривожланишни жадаллаштирадиган йўналишдир.
Инсон капиталига қўйилган ҳар бир сармоя – келажак тараққиётининг асоси. Шу маънода, Америка университетлари билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун билим, тажриба ва илмий имкониятлар майдонини кенгайтиришда муҳим қадам бўлиб қолмоқда.
Қўнғиротбой Шарипов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири