Покистон ОАВ: Тошкент ва Исломобод ўртасидаги ҳаво қатновлари халқлар, маданиятлар ва иқтисодиётларни ўзаро боғлайдиган дўстлик кўприкларидир

Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Тошкент–Исломобод ўртасида йўлга қўйилган иккинчи тўғридан-тўғри авиақатновларнинг аҳамиятини кенг ёритмоқда.
Жумладан, ушбу мамлакатнинг “Islamabad Post”, “Diplomatic News Agency” (DNA), “Pakistan Today”, “Pakistan in the World” ва “DAWN” каби нашрларда Ўзбекистон ва Покистон пойтахтларини ўзаро боғлайдиган иккинчи ҳаво қатновларининг очилганига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.
Нашрларда маълум қилинганидек, “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси шу йил 28 октябрь санасидан бошлаб Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳафтасига жами тўртта рейсни амалга оширишни бошлади. Покистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, мамлакатларимиз ўртасидаги авиарейслар сонини ошириш қарори йўловчиларнинг юқори талаби билан боғлиқ бўлиб, аввалги Исломобод рейслари кўпинча тўлиқ қувватда амалга оширилар ва чипталар бир неча кун олдин сотилиб кетар эди.
“Тошкент-Исломобод-Тошкент” рейслари ҳафтасига икки марта, ҳар сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади. “Тошкент-Лаҳор-Тошкент” рейслари ҳам ҳафтасига икки марта, ҳар чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади. Ушбу кенгайиш билан “Uzbekistan Airways” Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги асосий кўприк сифатидаги ролини мустаҳкамлайди ва покистонлик саёҳатчиларга дунё бўйлаб кўпроқ танлов, қулайлик ва йўналишларга уланиш имконини беради”, – дейилган мақолаларда
Қайд этилишича, Тошкент орқали учадиган йўловчилар Истанбул, Франкфурт, Париж, Лондон, Нью-Йорк, Москва, Дубай, Токио, Сеул, Куала-Лумпур, Боку, Остона, Батуми ва бошқа кўплаб йирик глобал шаҳарларга узлуксиз транзит алоқаларидан фойдаланишлари мумкин.
Ўзбекистон ва Покистон Ипак йўли ва ислом цивилизацияси меросига асосланган кўп асрлик тарихий, маданий ва маънавий алоқаларга эга. Кенгайтирилган ҳаво алоқалари икки қардош халқ ўртасидаги туризм, савдо ва одамлар ўртасидаги алмашинувни янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, покистонлик сайёҳлар учун Ўзбекистоннинг афсонавий Ипак йўли кесиб ўтган шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқонга осон бориш имкониятини тақдим этади. Ушбу қадим кентлар ўзининг ажойиб ислом меъморчилиги, бозорлари ва умумий маданий мероси билан машҳур.
Мақолалар хулосасида “Мазкур қатновлар Ўзбекистон-Покистон муносабатларида янги саҳифани бошлаб, умумий интилишларни реал ҳамкорликка айлантиради. Бу йўналишлар шунчаки парвозлардан кўпроқ нарсани англатади: улар оилалар, маданиятлар ва иқтисодиётларни чегаралар орқали боғлайдиган дўстлик кўприкларидир”, – деб ёзган Покистон ОАВ.