Покистонда “Шавкат Мирзиёев: ислоҳотлар ва минтақавий интеграциянинг буюк етакчиси” номли китобнинг тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон элчихонаси Исломобод Стратегик тадқиқотлар институти (ISSI) билан ҳамкорликда покистонлик етакчи эксперт, “Жанубий Осиё тадқиқотлари ва халқаро муносабатлар” таҳлил маркази ижрочи директори Меҳмуд ул-Ҳасан Ханнинг “Шавкат Мирзиёев: ислоҳотлар ва минтақавий интеграциянинг буюк етакчиси” (Shavkat Mirziyoyev: Great Leader of Reforms and Regional Integration”) номли китобининг тақдимот маросимини ўтказди.
Тадбирда Покистон Миллий мерос ва маданият федерал вазири Аврангзеб Хан Кҳичи асосий меҳмон сифатида қатнашди. Маросимда Покистон вазирлик ва идоралари раҳбарлари, парламент палаталари аъзолари, Исломободдаги дипломатик корпус вакиллари, бизнес ва илмий-академик доиралари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, Исломобод ва унга туташ ҳудудларда яшовчи ватандошлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тақдимотни ISSI бош директори Соҳаид Маҳмуд қутлов нутқи билан очиб берди. У ушбу академик тадбир институт биносида ташкил этилганидан мамнун эканлигини, бу борган сари динамик тус олаётган икки томонлама жадал ҳамкорлик руҳига мос келишини қайд этди.
ISSI раҳбари китоб ва унинг аҳамиятига тўхталар экан, 39 та бир-бирини мазмунан тўлдирувчи ва изчил мантиқий кетма-кетликда жойлаштирилган мавзулардаги таҳлилий материаллар Ўзбекистонда сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, модернизация жараёнлари, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг моҳияти очиб берилганини таъкидлади.
“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон-2030” стратегияси ва тараққиётга оид бошқа концептуал ҳужжатларда Ўзбекистон халқининг эртанги кунга бўлган хоҳиш-иродаси, Ҳукуматнинг мамлакатни ривожлантиришга оид муҳим ташаббуслари, ижтимоий давлатни барпо этиш тамойиллари қамраб олинган. Мазкур китобда ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти батафсил ёритиб берилган”, – деди С.Маҳмуд.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ўз нутқида қисқа вақт ичида Исломободда Ўзбекистон ҳақида икки муҳим китоблар – Муҳаммад Аббос Ханнинг “Uzbekistan: The Third Renaissance – The Concept of the Future” (16 октябрь) ҳамда Меҳмуд ул-Ҳасан Ханнинг “Shavkat Mirziyoyev: Great Leader of Reforms and Regional Integration” номли асарлари кенг жамоатчиликка тақдим этилаётгани Покистон илмий-академик доира вакиллари орасида мамлакатимизга бўлган қизиқишнинг ортаётганидан далолат бериши таъкидланди.
“Меҳмуд ул-Ҳасан Ханнинг ушбу китобида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги юртимизда ортга қайтмас ислоҳотлар жараёни, макроиқтисодий ислоҳотлар, молиявий либераллаштириш, камбағалликни қисқартириш, ташқи сиёсат, маданий дипломатия ва минтақавий интеграция каби масалалар атрофлича ёритилган. Ўзбекистон раҳбарининг “ислоҳотлар статистика учун эмас, инсон қадри, шаъни ва келажаги учун” экани ҳақидаги тамойилига таянган ҳолда юртимизда “Янги Ўзбекистон” ғоясини ҳаётга тадбиқ этиш амалий стратегияга айлангани, рақамли иқтисодиёт, “яшил” энергетика, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш борасидаги ютуқлар китобда чуқур таҳлил этилган”, – деди юртимиз элчиси.
Дипломатик миссия раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шеҳбаз Шариф шафелигида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани эътироф этди. Томонлар Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик лойиҳалар, жумладан Трансафғон темир йўлини қуриш устида изчил ҳамкорлик қилаётгани, ўзаро савдони 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича қўшма чоралар ишлаб чиқилаётгани алоҳида урғуланди.
Покистон маданият вазири Аврангзеб Хан Кҳичи ўз чиқишида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини, жамият ҳаётини янгилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий йўналтирилган сиёсатни янада мустаҳкамлашни “Ривожланишнинг Ўзбекистон модели”, – дея атади.
“Ўзбекистонга ташрифим чоғида ислоҳотлар жараёнининг натижасини, ижобий ютуқларни бевосита гувоҳи бўлдим. Биз глобал дунёда яшаяпмиз. Албатта, қўшни минтақада, хусусан Ўзбекистондаги ижобий воқелик бизда ҳам ўз аксини топади. Ўзаро савдони босқичма-босқич ошириш, структуравий қўшма лойиҳалар воситасида эса бир-биримизга янада яқинлашамиз. Покистон ҳукумати мазкур жараёнда Ўзбекистон Президентининг ташаббусларини юксак қадрлайди”, – деди вазир Аврангзеб Кҳичи.
Китоб муаллифи Меҳмуд ул-Ҳасан Хан ўз навбатида мазкур асарни ёзишдан асосий мақсад Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёритиш, уларнинг минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнларига таъсирини илмий таҳлил қилиш, Покистон жамоатчилигининг ушбу жараён тўғрисидаги хабардорлигини ошириш эканини таъкидлади.
“Ўзбекистон етакчисининг Трансафғон темир йўлини қуриш ва энергетика лойиҳалари борасидаги ташаббуслари эса Марказий ва Жанубий Осиёни қайта боғловчи стратегик интеграцион платформани вужудга келтирди. Улар, шунингдек, минтақалараро транспорт-логистика ва иқтисодий алоқаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда”, – деди у.
Анжуманда сўзга чиққан бошқалар ҳам Президент Шавкат Мирзиёевни мамлакат ичида ислоҳотлар жараёнини бошқараётган ва минтақада интеграция ғоясини илгари суриб, амалга татбиқ этаётган замонавий раҳбар сифатида баҳолади. Мазкур китоб эса Ўзбекистоннинг илғор тажрибасини ёритиш билан бирга, икки халқ ўртасида дўстлик ва ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Саид Амир Халид Жаффри, “Жанубий Осиё тадқиқотлари ва халқаро муносабатлар” таҳлил маркази президенти:
–Сўнгги пайтларда Покистонда Ўзбекистонга бағишланган тадбирлар сони ортганини, бу икки томонлама муносабатларда янги босқич бошланганидан, ўзаро қизиқиш ортганидан дарак беради.
2016 йилда ярим ёпиқ, минтақавий интеграция жараёнларида кам иштирок этувчи давлат бошқарувига келган Шавкат Мирзиёев ўз ташқи сиёсатининг дастлабки босқичида Марказий Осиёдаги давлатлараро муносабатларда ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шундан сўнг, Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқликни қайта тиклаш борасида қатъий ирода кўрсатди. Мамлакат ичида эса ижтимоий йўналтирилган иқтисодий ислоҳотларга асосий эътибор қаратилиб, рақобатбардош ва замонавий талаблар даражасида модернизация қилинган миллий тараққиёт тизими шакллантирилди. Президентнинг ёшларга оид янгича сиёсати натижасида мамлакат ёшлари жаҳон миқёсида илмий-академик, фан, маданият, спорт, санъат, замонавий технологиялар ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Сўз ва ОАВ эркинлиги борасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Эришилаётган улкан натижалар ортида Ўзбекистон Президентнинг давлат бошқарувидаги узоқ йиллик тажрибаси, жумладан, 2 та вилоятга ҳокимлик, 13 йил ҳукуматга бошчилик қилиш мобайнида олиб борилган чуқур кузатишлар, мамлакат муаммоларини ич-ичидан яхши англаш ва ҳис қилиш қобилияти ётади.
Адам Сауд, Баҳрия университети факультет декани:
– Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳақида фикр билдириш кишига доимо катта масъулият юклайди. Ҳар сафар Ўзбекистонга борганимда улкан ўзгаришларга гувоҳ бўламан. Бу қувонарли, албатта. 2017 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар асосида яқин истиқболда эришиладиган натижалар тўғрисида прогноз-мақола ёзганман. Бугунга келиб ушбу мақолада келтирилган прогнозларнинг 85 фоизи амалга ошди. Қолган қисми бўйича ишлар фаол давом этмоқда.