Покистон ОАВ: Ўзбекистоннинг “С5+1”даги фаол иштироки АҚШ билан икки томонлама шерикликни чуқурлаштириш сиёсати билан уйғун

Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалга ошираётган амалий ташрифи давомида Ўзбекистон-АҚШ икки томонлама муносабатларига бағишлаган туркум мақолаларни тарқатди.
Хусусан, ушбу мамлакатнинг "Margalla Tribune" журнали, "Daily Spokesman" газетаси, "World News" янгилик платформаcида "Ўзбекистон – АҚШ: стратегик шериклик минтақалараро ҳамкорлик драйвери сифатида" сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Нашрларда 4 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрига боргани хабар қилинган. Таъкидланганидек, Вашингтонда давлат раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг "С5+1" форматидаги саммитида иштирок этди. Шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп, Сенат ва Конгресс вакиллари ҳамда турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
"2015 йил ноябрь ойида Самарқандда ишга туширилган "С5+1" формати минтақавий тараққиёт, иқтисодий барқарорлик, экология, энергетика ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришнинг муҳим механизмига айланди. Унинг асосий мақсади – доимий дипломатик мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, транспорт ва энергетик боғлиқликни мустаҳкамлаш, савдо, бизнес ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришдир. Ушбу форматнинг биринчи йиғилишида қабул қилинган "Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисида"ги қўшма декларация АҚШнинг Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади", – деб ёзган Покистон ОАВ.
"С5+1" етакчиларининг илк саммити 2023 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтди ва кенг қамровли кун тартибини илгари суришга кучли туртки берди. Ушбу саммит хусусий сектор бизнес-платформаси "В5+1" (2024 йил март, Олмаота ш.) ва Муҳим минераллар бўйича мулоқот (2024 йил февраль) каби ташаббусларнинг ишга туширилиши билан ёдда қолди. Формат доирасида 13 маротаба вазирлар даражасида, 3 маротаба эса юқори даражадаги учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, иқлим, ривожланиш, Афғонистон ва бошқа устувор йўналишлар бўйича махсус форумлар ташкил этилди.
Покистон ОАВ таъкидига кўра, Ўзбекистон "С5+1" форматида фаол ва конструктив позицияни эгаллаб, ўзаро ҳамкорликнинг институционаллашуви, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлим ва экологик муаммоларга қарши курашишни фаоллаштириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва энергетика йўналишларидаги лойиҳаларни давом эттириш, шунингдек, Афғонистонга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. "Расмий Тошкент илгари сурган кўплаб ташаббуслар, хусусан "С5+1 виртуал котибияти"ни ташкил этиш (2021), ТИФА доирасидаги учрашувлар (2023 йил март, Самарқанд), сунъий интеллект ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни жадаллаштириш (С5+1) каби таклифлар амалий ҳаётга татбиқ этилди. Ушбу кўп томонлама ташаббусларнинг амалий натижалари ҳам яққол кўзга ташланмоқда" – дейилган мақолаларда.
Мақолаларда Ўзбекистоннинг "С5+1"даги фаол иштироки АҚШ билан икки томонлама шерикликни чуқурлаштириш сиёсати билан уйғун эканлиги алоҳида қайд этилган. Ҳамкорлик сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, фан ва маданият каби барча йўналишларда жадал ривожланмоқда.
Қайд этилишича, 1992 йил 19 февралда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён расмий Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар салмоқли йўлни босиб ўтди. Муқобил бурилиш нуқтаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15–17 май кунлари АҚШга буюрган расмий ташриф бўлди. Ушбу ташриф стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди. Президент шунингдек, 2017 йил май ойида Ар-Риёздаги саммитда, 2017 ва 2025 йил сентябрь ойларида БМТ Бош Ассамблеяси сессиялари доирасида АҚШ етакчилари билан учрашувлар ўтказган.
2021 йилда икки томонлама сиёсий мулоқот "Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик мулоқотига"га айлантирилди. Унинг йиғилишлари икки давлат пойтахтларида навбатма-навбат ўтказилиб келинмоқда. 2024 йил 13 ноябрда Вашингтонда бўлиб ўтган тўртинчи йиғилишда бу форматнинг мақомини "Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти" даражасига кўтаришга келишиб олинди.
Покистон нашрлари, шунингдек, АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаётганини таъкидлаган. Маълум қилинганидек, 2024 йил декабрда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича икки томонлама музокараларни якунловчи Баённома имзоланди. Бу мамлакатимизнинг жаҳон савдо тизимига интеграциясида муҳим қадамдир.
"Бундан ташқари, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ички ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватламоқда. Давлат департаменти ва Меҳнат департаменти ҳисоботларида одам савдосига қарши курашиш ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини бартараф этишдаги ютуқлар эътироф этилган. Ўзбекистон пахтаси болалар меҳнати билан боғлиқ маҳсулотлар рўйхатидан чиқарилди. 2020 йил декабрь ойида эса Ўзбекистон виждон эркинлиги бўйича "алоҳида хавотир уйғотувчи мамлакатлар" рўйхатидан чиқарилди; 2024 йил апрель ойида АҚШ Савдо ваколатхонаси Ўзбекистонни интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича кузатув рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди", – дея урғуланган манбаларда.
Мақолалар хулосасида, "Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалга ошираётган амалий ташрифи ҳамда "С5+1" саммитидаги иштироки икки томонлама ва кўп томонлама йўналишларда амалий лойиҳаларни жадаллаштиришга кучли туртки беради. Ташриф, шунингдек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлайди, аввал имзоланган инвестиция келишувларини амалга ошишини тезлаштиради, таълим ва маданий алмашинувларни кенгайтиради, энергетика, транспорт ва рақамли технологияларга доир лойиҳаларни келишиш ва амалга оширишга қўшимча туртки беради", – деб ёзган Покистон ОАВ.