Ўзбекистон ва ЮНЕСКО: таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг янги босқичи

Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро майдонда таълим, фан, маданият ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантирар экан, бу жараёнда ЮНЕСКО билан муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимиз 1993 йилда ЮНЕСКОга аъзо бўлган бўлиб, бу қадам миллий таълим тизими, илмий салоҳият ва маданий меросни дунё ҳамжамияти билан уйғунлаштириш йўлида муҳим тарихи босқич бўлди.
1996 йилда Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО ваколатхонасининг очилиши Ўзбекистон ва ташкилот ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтарди. Шунингдек, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолияти йўлга қўйилиб, у барқарор ҳамкорликни таъминлаб келмоқда.
Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорлик жараёнида таълим, фан ва спорт соҳаларидаги халқаро меъёр ва тамойилларни изчил тарзда амалга жорий этиб келмоқда. Бу борадаги муҳим қадамлардан бири — мамлакатимиз 1997 йилда таълим тизимида тенглик ва адолатни таъминлаш ғояларини илгари сурадиган, 1960 йилда қабул қилинган «Таълим соҳасида камситишга қарши кураш тўғрисидаги конвенция»ни ратификация қилганидир. Ўша йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистон 1989 йилда қабул қилинган «Техник ва касбий таълим тўғрисидаги конвенция»га ҳам қўшилди. Бу қадам ёшларнинг замонавий касб ва малака эгаси бўлиш имкониятларини кенгайтириш, таълимни ҳаёт билан чамбарчас боғлашга хизмат қилди.
Шу тариқа мазкур муҳим қадамлар Ўзбекистоннинг халқаро таълим маконида ўз ўрнини мустаҳкамлаши, ҳамда инсон салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган сиёсатини чуқур ифода этади. Ушбу ҳужжатларга қўшилиш Ўзбекистоннинг таълим соҳасида тенглик ва сифат, ёшлар саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини таъминлаш, ҳамда касбий таълимни жаҳон андозаларига мос равишда такомиллаштириш йўлидаги қатъий позициясини намоён этади.
Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияси
Айни пайтда мамлакатимиз ЮНЕСКОнинг Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенциясига қўшилиш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда. Ушбу конвенция халқаро таълим тизимини яқинлаштириш, диплом ва малакаларни ўзаро эътироф этиш, талабалар ва олимлар мобиллигини кенгайтиришни кўзда тутади. Бу ташаббус мамлакатимиз олий таълим тизимини халқаро миқёсда янада очиқ ва рақобатбардош этишга, чет эл университетлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга ҳамда ўзбекистонлик битирувчиларнинг халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО билан ҳамкорликда таълим ва фан соҳасидаги илғор ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, халқаро стандартларга мувофиқ малакали мутахассислар тайёрлаш йўлида изчил саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бу жараёнда мамлакатимиз нафақат аъзо давлат сифатида, балки илмий-инновацион ташаббусларни илгари сураётган фаол ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.
2021 йил 10 декабрь куни Тошкент шаҳрида “Олий таълим соҳасидаги малакаларни тан олиш тўғрисидаги Конвенцияни қабул қилиш ва жорий этиш мақсадида манфаатдор томонлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш” мавзусида юқори даражадаги мутахассислар учрашуви бўлиб ўтди. Унда миллий ва халқаро экспертлар, давлат органлари ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг мазкур конвенцияга қўшилиши олий таълим тизимини халқаро маконга янада интеграциялаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
ЮНЕСКО кафедралари
Мамлакатимизда ЮНЕСКО билан ҳамкорликнинг самарали йўналишларидан бири — ЮНЕСКО кафедралари фаолиятидир. Ҳозирда республика олий таълим муассасаларида ЮНЕСКОнинг 9 та кафедраси фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бири таълим, фан, маданият, коммуникация ва ахборот соҳаларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари суришга хизмат қилмоқда.
Маълумки, ЮНЕСКО кафедралари «ЮНИТВИН» (UNITWIN) дастури доирасида ташкил этилади. 1992 йилда ишга туширилган мазкур дастур университетлар ўртасида тажриба ва билим алмашинувини рағбатлантиради, глобал ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади. Бугунги кунда ушбу тармоқ 114 та мамлакатда жойлашган 700 дан ортиқ кафедра ва илмий марказларни бирлаштирган.
ЮНЕСКО кафедраларининг фаолияти, одатда, университетларнинг ўзи томонидан молиялаштирилади. Бу уларнинг илмий нуфузини ошириш, халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорликда фаолият юритишга бўлган интилишини ифода этади.
Ўзбекистондаги кафедралар фаолиятининг ёрқин намунаси сифатида Урганч давлат университетидаги “Барқарор ривожланиш таълими” ЮНЕСКО кафедрасини мисол қилиш мумкин. Мазкур кафедра томонидан ўқитувчилар, илмий ходимлар ва талабалар иштирокида нодавлат ташкилотлар ҳамда халқаро мутахассислар билан ҳамкорликда 20 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, турли илмий анжуманлар ўтказилди, талабалар алмашинув дастурлари ишлаб чиқилди, халқаро илмий мақолалар чоп этилди.
Бу каби лойиҳалар нафақат миллий таълим тизимининг салоҳиятини юксалтириш, балки Ўзбекистонни жаҳон илмий-маърифий маконида муносиб ўринга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Қишлоқ тараққиёти ва инсон салоҳияти: ЮНЕСКО ва Европа Иттифоқи қўлловида
Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларида иқтисодий фаолликни ошириш, ёшларни иш билан таъминлаш ва замонавий касбий кўникмаларни ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Бу борада амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири — Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида ишга жойлаштириш кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳасидир.
2020–2026 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 9,6 миллион еврони ташкил этувчи мазкур ташаббус ЮНЕСКО ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги таълим ислоҳотларига ишончли ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир. Унинг асосий мақсади — қишлоқ жойларида меҳнат бозори эҳтиёжларига мос, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашдир.
Лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда. Интенсив боғдорчилик, иссиқхона ва парник хўжалиги, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, сув хўжалиги ва мелиорация, сув тежовчи суғориш тизимларига хизмат кўрсатиш каби замонавий йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Бу йўналишлар қишлоқ хўжалиги тармоғида меҳнат бозори талабларига тўлиқ жавоб берадиган, амалиётга йўналтирилган билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.
Лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири — Ўзбекистоннинг Миллий профессионал таълим стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари бўйича янги касбий стандартлар ва таълим дастурларини яратишдир. Шу билан бирга, пилот таълим муассасаларини замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, лабораториялар ташкил этиш ва таълим муҳитини тубдан янгилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу ташаббус доирасида Қораўзак, Қўшкўпир, Ғиждувон ва Қизирикдаги агротехнология ва агроиқтисодиёт техникумлари пилот таълим муассасалари сифатида танланган. Улар учун замонавий тракторлар, техник жиҳозлар, компьютерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун музлатгичлар етказиб берилди. Шунингдек, тўртта илғор касбий тайёргарлик маркази таъмирланиб, уларни замонавий ўқув ва амалий жиҳозлар билан таъминлаш ишлари изчил давом этмоқда.
Лойиҳа амалга оширилаётган даврда меҳнат бозори таҳлил қилинди ва ўрта бўғин мутахассисларига бўлган эҳтиёж аниқланди. Шу асосда “Автоматлаштирилган сув хўжалиги объектларини монтаж қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш техниги”, “Зоотехния”, “Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш”, “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив тизимлари техниги”, “Ўсимликшунослик” ва “Фермер хўжалигини бошқариш” каби йўналишлар бўйича 2023/2024 ўқув йили учун талабалар қабул қилинди.
2024 йил 14 май куни лойиҳа доирасида “Сифатни таъминлаш бўйича миллий рамкалар” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Унда таълим сифатини ошириш, касбий малака тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда миллий кадрлар салоҳиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг “Delta Framework” дастури асосида эса ахборот-коммуникация технологиялари бўйича миллий компетенциялар шакллантирилмоқда. Ушбу янгиликлар асосида пилот таълим муассасалари педагоглари учун махсус ўқув курслари ташкил этиш режалаштирилган.
Бу ташаббус нафақат таълим тизимини модернизация қилиш, балки қишлоқ ҳудудларида барқарор ривожланиш, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар етишиб чиқиши ва ёшларнинг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилади.
Тинчлик ва барқарор келажак йўлида фан ва инновациялар
Сўнгги йилларда юртимизда илм ва инновация соҳасида янгича фикрлаш, илмий ғояларни ҳаётга татбиқ этишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бу жараённинг ёрқин намунаси сифатида 2018 йилдан бошлаб анъанага айланган “InnoWeek.Uz” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигини тилга олиш мумкин. Ҳар йили ўтказиладиган ушбу нуфузли тадбир мамлакатимизда илм ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, ёшларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш, шу билан бирга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
“InnoWeek.Uz” — янги фикрлар, илғор ғоялар ва технологик ечимлар майдони. Бу ерда илмий салоҳият, ижодкорлик ва изланишга бўлган муҳаббат бир нуқтада жамланади. Илмий ишланмалар орқали келажакни яратиш, илм билан тараққиётга йўл очиш — ана шу ҳафталикнинг асосий ғоясидир.
2024 йилда ўтган “InnoWeek.Uz–2024” ҳафталиги бу жараённинг янги босқичига айланди. ЮНEСКО шафелигида ташкил этилган (Тинчлик ва барқарор келажак йўлида фан ва инновациялар” (“Science & Innovation for Peaceful and Sustainable Future”) форумида дунё бўйлаб ёш олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассислар тинчлик ва барқарор келажак учун фан ва инновациянинг ўрни ҳақида фикр алмашдилар. Ушбу форумда нафақат илмий натижалар тақдим этилди, балки глобал ҳамкорликнинг янги йўналишлари ҳам белгилаб олинди.
Ёш олимлар ўз илмий изланишлари орқали замонавий муаммоларга ечим топиш, инсон фаровонлигига хизмат қилувчи технологияларни амалиётга жорий этиш, табиат ва жамият уйғунлигини таъминлаш йўлидаги изланишлари билан иштирокчиларни илҳомлантирдилар. Форум давомида инновацион технологияларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни, фаннинг тинчликни мустаҳкамлашдаги роли ва келажакдаги илмий ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
ЮНЕСКО билан ҳамкорликда амалга оширилаётган барча ташаббуслар Ўзбекистоннинг илм-фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, халқаро ҳамжамият билан барқарор алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бугун мамлакатимизда илм ва ижод, анъана ва инновация, миллий қадрият ва замонавий ёндашув бир мақсад йўлида — тараққиёт ва барқарор келажак сари бирлашмоқда. Бу жараёнда ЮНЕСКО билан ҳамкорлик нафақат таълим сифатини ошириш, ёшларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, балки дунё билан тенг суҳбатда бўлган, замонга юзма-юз қараб интилаётган янги авлодни тарбиялашга ҳам хизмат қилмоқда.
ЮНЕСКОнинг эзгу шиорида айтилганидек, “Тинчликни таълим, фан ва маданият орқали мустаҳкамлаш” — бугунги Ўзбекистон олиб бораётган сиёсатнинг ҳам маънавий, ҳам амалий мазмунини ифода этади. Мамлакатимиз ана шу йўлда изчил қадам ташлаб, илм ва маърифат орқали тинчлик, тараққиёт ва барқарор келажак сари интилиб бормоқда.
Қўнғиротбой Шарипов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири