Тошкент-Брюссель: Европа Иттифоқи билан стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни расмий ташриф билан Брюсселга борди.
Бельгия ва Европа Иттифоқи пойтахти – Брюссель умумевропа сиёсати ва иқтисодий кун тартибини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Брюссель нафақат Европанинг сиёсий маркази, балки етакчи халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар ва молиявий институтлар манфаатлари кесишадиган нуқтадир. Айнан шу ерда ЕИ ривожланишининг асосий йўналишлари ва ташқи ҳамкорлар билан алоқаларини белгиловчи қарорлар қабул қилинади.
Бошлаган ташриф Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорлик тарихида ҳал қилувчи босқич бўлади, деб айтиш мумкин. Ташриф доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ва ташқи сиёсий фаолиятни акс эттирувчи ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги янги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилган. Европа ҳамжамиятлари билан алоқалар 1992 йил 15 апрелда Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи комиссияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши билан бошланди. Дипломатик муносабатлар 1994 йил 16 ноябрда ўрнатилди, 1995 йилда эса Брюсселда Ўзбекистон элчихонаси очилди, у ҳам Европа Иттифоқидаги ваколатхона вазифасини бажаради. 2011 йилдан буён Тошкентда Европа Иттифоқи делегацияси фаолият юритмоқда.
Ўшандан бери Европа Кенгаши президентининг Ўзбекистонга учта ташрифи – 2019, 2022 ва 2025 йилларда, шунингдек, Европа Комиссияси президентининг 2025 йилда ташрифи амалга оширилди.
Ўзбекистон “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” формати доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. 2023 йилнинг 2 июнь куни Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарларининг учрашуви доирасида Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашди. Ўзбекистон Президенти 2023 йил 18 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги иштироки доирасида ҳам Европа Кенгаши президенти билан учрашди. Ўзбекистон Президентининг Европа Кенгаши президенти билан БМТнинг иқлим бўйича саммитларидаги иштироки доирасида 2023 йил 1 декабрда Дубайда ва 2024 йил 12 ноябрда Бокуда навбатдаги учрашувлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2025 йил 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида Европа кенгаши ва Европа комиссияси Президентлари Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен, шунингдек, Марказий Осиё давлат раҳбарлари иштирокида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи”нинг биринчи саммити бўлиб ўтди. 2025 йил 4 апрелда Самарқанд иқлим форумининг очилишида Европа Иттифоқи етакчилари ҳам иштирок этди. “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити якунлари бўйича муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришни эълон қилувчи Қўшма декларация ҳамда муҳим хом ашё соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятлари тўғрисидаги декларация қабул қилинди.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда эришилган асосий ютуқлардан яна бири мамлакатимизнинг умумий имтиёзлар тизими – ГСР+ доирасида бенефициар мақомига эга бўлиши бўлди. Бу тизим Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорига имтиёзли шартларда экспорт қилишга йўл очди. Ушбу мақом нафақат Ўзбекистоннинг Европага экспорти ўсишини рағбатлантирди, балки мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари, меҳнат стандартлари, атроф-муҳит муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳаларидаги ютуқларини эътироф этилишига хизмат қилди.
Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича Ўзбекистон-Европа Иттифоқи қуйи қўмитаси савдо-иқтисодий масалаларда ўзаро ҳамкорликнинг муҳим механизми ҳисобланади.
2024 йилда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард долларни ташкил этди. 2025 йилнинг январидан августигача бу кўрсаткич 4,5 миллиард доллардан ошди, Европа компаниялари билан амалга оширилган лойиҳалар портфели эса 30 миллиард еврога етди. Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорлари қаторига “Siemens”, “Linde Group”, “CLAAS”, “Airbus”, “Basf”, “Alstom”, “Total”, “Оrano”, “OTP Group” ва бошқалар киради. Ўзбекистонда Европа Иттифоқи мамлакатлари сармояси иштирокидаги 1069 та корхона, шу жумладан, 304 та корхона 100 фоиз Европа капитали билан фаолият юритмоқда.
ЕИ Ўзбекистоннинг минтақада демократик ўзгаришлар, бозор ислоҳотлари ва яхши қўшничилик муносабатлари йўлидаги ташаббусларини изчил қўллаб-қувватлайди. Брюссель Марказий Осиёда энергетика ва транспорт инфратузилмаси, сув ресурслари, рақамлаштириш ва таълимни ривожлантириш лойиҳаларида фаол иштирок этиб, Ўзбекистонни минтақадаги асосий ҳамкор сифатида кўради.
Европа Иттифоқи билан маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам жадал суръатларда ривожланмоқда. Ўзбекистон Европа Иттифоқининг 2021 2027 йилларга мўлжалланган “Эразмус+” таълим дастури ва 2021-2027 йилларга мўлжалланган “Horizon Europe” илмий-тадқиқот дастурининг фаол иштирокчиси ҳисобланади.
Янги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Европа билан ўзаро тушуниш, очиқлик ва ишончни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ташқи сиёсатининг мантиқий давоми бўлади. Ҳужжат савдо ва сармоядан тортиб, фан, технология, маданият ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олади.
Ушбу келишув нафақат иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, балки сиёсий мулоқотни кенгайтириш, барқарор ривожланишни таъминлаш, глобал муаммоларга биргаликда жавоб бериш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бу Ўзбекистоннинг прагматик ва тинчликпарвар сиёсат олиб борувчи ишончли шерик сифатида тан олиниши рамзидир.
Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Бельгия Қироли Филипп билан учрашади. Бельгия Ўзбекистоннинг Европадаги асосий ҳамкори ҳисобланади.
Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида ривожланиб бормоқда. Кейинги йилларда сиёсий мулоқот фаоллашди, иқтисодий алоқалар кучайди, гуманитар ҳамкорлик кенгайди. Мамлакатлар савдо, инвестиция, инновациялар, “яшил” энергия, логистика, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда конструктив ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Бельгия томони Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида иқтисодиётни либераллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳукумат очиқлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар самараларини ижобий баҳолайди. Брюссель расмий Тошкентнинг жамиятнинг барча жабҳаларини модернизация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаб, бу ислоҳотлар барқарор ривожланиш ва Ўзбекистонга халқаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг Брюсселга бошланган расмий ташрифи ва Европа Иттифоқи билан кенг қамровли янги Битимнинг имзоланиши ўзбек дипломатияси тарихида муҳим воқеа бўлади. Бу қадам Ўзбекистоннинг Европадаги мавқеини мустаҳкамлабгина қолмай, ҳамкорликни янада ривожлантириш, сармояларни жалб этиш, янги технология ва ғоялар алмашиш учун кучли туртки бўлиб хизмат қилади. Бельгия ва Европа пойтахти ҳамда халқаро дипломатия маркази бўлган Брюссель Европанинг Ўзбекистонга ишончи ортиб бораётгани, унинг Евроосиёда барқарорлик, барқарор ривожланиш ва ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлашдаги муҳим роли эътироф этилган майдонга айланади.
“Дунё” АА