Ўзбекистон нафақат саёҳат қилинадиган мамлакат, балки ҳақиқий маънавий тикланиш марказига айланмоқда

Туризм, бугунги куннинг энг муҳим иқтисодий соҳаларидан бири саналади. Ўзбекистон катта туризм салоҳиятига эга.
Мамлакатда туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, сайёҳлик инфратузилмаси ривожлантириш, хорижий сайёҳлар оқимини ошириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларига айланган.
Республикада туризм индустриясини жадал ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, уларга имтиёзлар тақдим этиш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, янги сайёҳлик маҳсулотлари турини кўпайтириш каби муҳим дастурлар ҳаётга тадбиқ этиляпти.
Туризм соҳасини янада ривожлантириш учун, энг аввало зарур инфратузилмани такомиллаштириш лозим. Биринчиси, транспорт бўлса, иккинчиси логистикадир. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумат томонидан транспорт харажатларини камайтириш, сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш мақсадида халқаро ва маҳаллий йўналишларда лоукостерлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, замонавий тезюрар поездларга чипта сотиб олиш механизмларини такомиллаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Албатта, Ўзбекистонда туризм соҳасидаги ислоҳотлар сайёҳларга қулай иқтисодий шароит ва омилларни яратиш, туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва улушини ошириш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган.
Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ислом дунёси харитасидаги энг муҳим нуқталардан бири саналади. Шу маънода Ўзбекистонинг зиёрат туризми салоҳияти мусулмон оламида юқори қизиқишга сабаб бўлаётир.
Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Термиз, асрлар давомида нафақат савдо ва илм-фан марказлари бўлиб хизмат қилган, балки мусулмон оламининг барча бурчакларидан зиёратчиларни ўзига жалб этган муқаддас масканларга айланган.
Бугунги кунда Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида тобора кўзга ташланаётган йўналишга айланмоқда, бунда маънавий мерос, бой тарих ва меҳмондўстликнинг ноёб уйғунлигини тақдим этмоқда.
Ўзбекистонга зиёратчиларни жалб этадиган энг муҳим омиллардан бири - бу машҳур ислом уламолари, шайхлар, сўфий устозлар ва солиҳ инсонлар билан боғлиқ кўплаб мақбаралар ва зиёратгоҳларнинг мавжудлигидир. Жумладан, Самарқандда буюк имом ал-Бухорийнинг мақбараси жойлашган. У машҳур “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламининг муаллифи бўлиб, бу асар аҳамияти жиҳатидан фақат Қуръони каримдан кейинги ўринда туради. Самарқанд яқинида жойлашган унинг мақбараси бутун дунё мусулмонлари учун муҳим зиёратгоҳга айланган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Мақбара майдони 600 квадрат метр, баландлиги 28 метр этиб кенгайтирилган. 10 минг кишига мўлжалланган масжид бунёд этилган. Мажмуанинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга улуғворлик бағишлаган. Бугунги кунда қурилиш ва муҳандислик ишлари битказилиб, пардозлаш босқичи бошланган. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ рангларга алоҳида эътибор берилган.
Шунингдек, Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш, тиклаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бухорода ислом оламининг маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиш мумкин. Унинг таълимоти кундалик ҳаётда ботиний покланиш ва ибодат қилишнинг аҳамиятини таъкидлаган бўлиб, Ҳиндистондан то Яқин Шарққача бўлган мусулмонлар тафаккурига чуқур таъсир кўрсатган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий, Имом Марғузий каби буюк алломаларнинг ватанидир. Уларнинг асарлари диний фалсафа, шариат илми ва ҳадисшуносликнинг пойдеворини ташкил этган. Бу алломаларнинг мақбараларини зиёрат қилиш нафақат маънавий эҳтиром кўрсатиш, балки ислом илмининг илдизларига яқинлашиш имкониятидир.
Ўзбекистон зиёрат туризми объектларини кенг тарғиб қилиш муҳим эканлигини инобатга олиб, Республиканинг туризм объектларини кенг тарғиб қилишга қаратилган ахборот маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборотга тенглаштирилди. Эндиликда буюк аллома ва уламоларнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида индонез, бенгал, малай, турк, араб, ҳинд, урду ва пушту тилларида “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканалини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти зиёрат туризмини фаол ривожлантириб, ислом мамлакатларидан ташриф буюрадиган меҳмонлар учун инфратузилма ва шароитларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Масжид, мақбара, мадраса ва бошқа муқаддас жойлар асл кўринишини сақлаб қолган ҳолда таъмирланмоқда.
Яна бир эътиборга молик янгилик – бу Туризм қўмитаси томонидан соҳадаги экспертлар жалб қилиниб, Туркий давлатлар ташкилотининг веб-порталида “Табаррук зиёрат” туризм платформаси ишга туширилди. (www.tabarrukziyorat.uz).
Мазкур платформага Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Туркий дунё цивилизациясида муҳим ўрин тутган 260 га яқин зиёратгоҳ ҳамда қадамжолар тўғрисидаги маълумотлар 7 та тилга таржима қилиниб, жойлаштирилди.
Шунингдек, платформага “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш мақсадида “Туркий адабиёт хазинаси” номли китоблар туркуми (https://tabarrukziyorat.uz/ru/news/turkiy-adabiyot) ҳамда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар моддий маданий-мерос объектлари, алломалари ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилиб, моддий маданий-мерос объектлари, алломалари ҳақидаги маълумотлар турк тилига таржима қилиниб, жойлаштирилди (https://tabarrukziyorat.uz/tr/destination).
2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган умумий сайёҳларнинг 57 фоизи Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар ҳиссасига тўғри келди. Жумладан, Туркиядан 80 769 нафар, Озарбайжондан
9 552 нафар, Қозоғистондан 1 177 970 нафар, Қирғиз Республикасидан 1 576 312 нафар, Туркманистондан 174 332 нафар ҳамда Венгриядан 1 6213 нафар сайёҳлар ташриф буюрди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 29-июлдаги “Туркий Давлатлар билан Туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, бевосита ижрога қаратилган.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон нафақат оддий саёҳат қилинадиган мамлакат, балки ҳар бир мўмин-мусулмон эҳтиром ва тарихий ворислик руҳини ҳис эта оладиган ҳақиқий маънавий тикланиш марказига айланмоқда.
“Дунё” АА