Ўзбекистон – Покистон: парламентлараро алоқалар янада ривожланади

2025 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Покистон Ислом Республикаси Сенати раиси Юсуф Раза Ғилоний бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот аввалида кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари билан олиб борилаётган очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилгани, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари нафақат икки томонлама, балки халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилда Покистонга, жорий йил февраль ойида эса Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг мамлакатимизга ташрифи Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклигида янги саҳифа очгани эътироф этилди.
Учрашувда меҳмонларга янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, Покистон Ислом Республикаси Сенати раиси илиқ ва дўстона муносабат учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги турли соҳадаги алоқаларни, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.
“Ўзбекистон жуда муҳим нуфузли халқаро саммитга мезбонлик қиляпти. Бу мамлакатингиз обрўсини янада оширмоқда. Ушбу тадбирда қатнашиш мен учун катта имконият. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро самарали мулоқотлари Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичга чиқиши учун қулай муҳитни яратмоқда”, – деди Юсуф Раза Ғилоний.
Томонлар Ўзбекистон ва Покистон парламенти ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, олий ва юқори даражаларда эришилган келишувларни амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқий асосини яратишда парламентлар муҳим ўрин тутаётганини қайд этдилар.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда парламентлар ўртасида бевосита ва мунтазам мулоқот майдонини шакллантириш, пaрлaмeнтлaрaрo дўстлик гуруҳлaри фaoлиятини янада жонлантириш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш, парламент институтлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, халқ дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси миллий парламентлар ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилиши билан бирга, бутунжаҳон парламентлари ҳамкорлигида янги саҳифа очаётгани билан тарихда қолиши айтиб ўтилди.
Учрашув самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.