Ўзбекистон ва Покистон Сенати раислари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилди

Покистон Ислом Республикаси Сенати раиси Юсуф Раза Ғилоний бошчилигидаги парламент делегацияси юртимизда бўлиб турибди. Ушбу нуфузли делегация 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ташриф дастурига биноан 4 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева ва Покистон Сенати Раиси Юсуф Раза Ғилонийнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки томонлама муносабатларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар давлатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва биродарлик алоқалари стратегик шериклик руҳида ривожланиб бораётганлигини мамнуният билан таъкидлади.
Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, коммуникация ва ахборот технологиялари соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, фармацевтика, аграр тармоқ, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, геология ва бошқа соҳаларда қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарблиги қайд этилди.
Парламентлараро муносабатларни ривожлантириш, Осиё парламент ассамблеяси доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, олий даражада эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлашда қўшма парламент назоратини ўрнатиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Икки давлат Сенати раислари парламентлар, жумладан юқори палаталар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олди.