“Ташаббус бюджети”: Фуқаролик ташаббуслари молияни қандай ўзгартирмоқда
Ўзбекистонда молия, банк, солиқ тизимидаги ислоҳотлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугунги кунда бюджет-солиқ сиёсати борасида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар марказида бюджет даромадлари ва харажатларининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифа ҳисобланади. Бунинг асосий сабаби, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш доимий равишда бюджет-солиқ тизимини ҳам такомиллаштиришни тақозо этади.
Маҳаллий бюджетлардан харажатларни молиялаштиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш маҳаллий ижроия ва вакиллик органлари олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Одатда, ушбу масалалар билан бюджет жараёнида иштирок этувчи турли ваколатли органлар шуғулланадилар. Аммо маҳаллий ижроия ва вакиллик органлари эътиборидан четда қоладиган муаммолар ҳам мавжуд.
Маълумки, фуқаролар ўз яшаш жойлари (маҳалла, туман, шаҳар)даги турли ижтимоий-иқтисодий муаммоларини яхши билишади ва улар томонидан таклиф этилган лойиҳалар аксарият ҳолларда асосли ҳисобланади. Чунки маълум бир жойда узоқ вақт яшаётган фуқарогина биринчи навбатда қандай масалаларни ҳал қилиш кераклигини кўрсата олади.
“Ташаббусли бюджет” жараёнларини жорий этган ҳар бир давлатнинг ўзига хос моделлари мавжуддир. Бунда, мазкур давлатнинг қабул қилган норматив-ҳуқуқий ва тегишли қонун ҳужжатлари дастуруламал вазифасини бажаради.
Ташаббусли бюджетлаштириш бу – фуқаролар томонидан билдирилган таклифларга асосан, уларни ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг бир қисмини тақсимлаш ва ушбу тақсимланган маблағларни фуқаролар томонидан илгари сурилган (ижтимоий аҳамиятга эга) тегишли таклифларга йўналтириш, яъни молиялаштириш амалиётидир.
Юртимизда сўнгги йилларда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш
ва фуқароларни қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммо ҳамда камчиликларни ҳал этиш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жойларда инфратузилмаларни яхшилаш ҳамда тизимли муаммога айланиб улгурган ичимлик суви таъминоти, табиий газ ҳамда таълим муассасалари бинолари ва йўлларни таъмирлаш сингари муаммоларни ҳал этиш пировард мақсадлардан ҳисобланади.
Мазкур жараёнларда фуқароларни жалб этиш ва бюджет маблағлари сарфланишида аҳолининг ўз фуқаролик позицияларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда ўзларини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилишида иштирок этиш механизми ташкил этилганини кузатиш мумкин.
Фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиши шаффофлик
ва очиқликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу орқали давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
2019 йилдан бошлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури кўмагида жамоатчилик ихтиёрига “Очиқ бюджет” ахборот портали тақдим этилди ва “Ташаббусли бюджет” жараёнлари ўтказилиб келинмоқда. 2021 йилдан эса мазкур жараёнлар тўлиқ такомиллашган ҳолда янгиланган талқинда ўтказилиб келинмоқда.
ЭРИШИЛГАН НАТИЖАЛАР
Мамлакатимизда беш йилдан буён ўтказилиб келинаётган “Ташаббусли бюджет” жараёнлари мазкур соҳанинг инсонлар ҳаётидаги ўрни қанчалик долзарблиги ва ушбу лойиҳа жамиятимиздаги мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишда муҳим “дастак” сифатида хизмат қилишини яна бир бор исботлаб берди.
2021 йил сарҳисоби
2021 йилда ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда баён этилган ўринли ва долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш, давлат бюджетини шакллантириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–5250-сонли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5072-сонли қарорига асосан, “Очиқ бюджет” ахборот портали 2021 йилнинг
1 июлидан бошлаб, республиканинг барча туман ва шаҳарларида жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва молиялаштириш бўйича тўлақонли ишга туширилган.
2021 йилда янгиланган талқинда ўтказилган дастлабки “Ташаббусли бюджет” жараёни уч босқичда бўлиб ўтиб, “Очиқ бюджет” ахборот порталида рўйхатдан ўтган фуқаролар томонидан жами 41 125 та таклиф билдирилган.
Келиб тушган таклифлар таҳлилига кўра, фуқароларни энг кўп қийнаб келаётган муаммолар сифатида 13 853 та (жами таклифларнинг 34 фоизи) таклиф ички йўлларни таъмирлаш ва тартибга келтириш билан боғлиқдир. Билдирилган таклифлар ҳудудлар кесимида олинганда энг кўп таклифлар келиб тушган ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси – 6 523 та, Бухоро вилояти – 5 651 та, Наманган вилояти – 4 414 тани ташкил этган.
Келиб тушган таклифлардан 21 833 таси (53 фоиз) ҳудудларда ташкил этилган ишчи комиссия томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ деб топилиб, овоз бериш жараёнига ўтказилган. Овоз бериш жараёни давомида мамлакатимиз бўйлаб жами 1 149 минг нафар фуқаро ўзларини қизиқтирган таклифларга овоз берди. Шундан Порталда рўйхатдан ўтган ҳолда 95,0 минг, СМС қисқа хабар орқали – 988,4 мингта ҳамда интернет тармоғига уланиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун жорий этилган офлайн тизим орқали – 65,9 минг та овоз келиб тушган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
23 сентябрдаги ПҚ–5250-сон қарорига кўра, туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида ташкил этилган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га (Жамғарма) Республика бюджетидан жами 117,4 млрд сўм маблағ қуйидагилардан келиб чиқиб йўналтирилган:
Жамғармада 1 млрд сўмдан кам маблағ шаклланган туман
ва шаҳарлар учун қўшимча 57,9 млрд сўм;
“Очиқ бюджет” ахборот портали орқали келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 млрд сўм маблағ йўналтирилган.
Якуний маълумотларга кўра, овоз бериш жараёнига ўтказилган жами 22 966 та таклифдан 530, 5 млрд сўмлик 1 599 та таклиф
ғолиб деб топилган.
2022 йил сарҳисоби
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 21-мақсадига асосан, жорий йилдан бошлаб барча туман ва шаҳарлар бюджетларининг 5 фоиз қисмини фуқаролар ташаббуси учун йўналтирилиши белгиланган. Ушбу мақсадлар учун жорий йилда туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 1,5 трлн сўм ҳамда туман ва шаҳар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида
30 фоиз қисми ҳисобидан қарийб 400 млрд сўм йўналтирилди.
Шунингдек, 2022 йилда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнларида республика бўйлаб фуқаролар томонидан 131 мингдан ортиқ лойиҳалар илгари сурилди. Келиб тушган лойиҳалар саралаш босқичидан ўтказилиб, жамоат манфаатларига хизмат қилувчи
77,9 мингта лойиҳа овоз бериш жараёнларига ўтказилди. Овоз бериш жараёнига ўтказилган лойиҳаларни ёқлаб фуқаролар томонидан 14 миллиондан ортиқ овозлар берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
7 апрелдаги “Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги
ПҚ–197-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–409-сонли қарорларига асосан, 2022 йилнинг иккала мавсуми доирасида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган жами 503 та лойиҳа ҳам қўшимча равишда ғолиб деб топилиб,
420 млрд сўм маблағ ажратилиб йил якунларига кўра, жами ғолиб деб топилган жами 4 136 та лойиҳа учун 2,5 трлн сўм маблағ йўналтирилган.
2023 йил сарҳисоби
Жорий йилда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнларида республика бўйлаб фуқаролар томонидан 105 мингдан ортиқ лойиҳа илгари сурилди. Келиб тушган лойиҳалар саралаш босқичидан ўтказилиб, жамоат манфаатларига хизмат қилувчи 67,1 мингта лойиҳа овоз бериш жараёнларига ўтказилди. Овоз бериш жараёнига ўтказилган лойиҳаларни ёқлаб, фуқаролар томонидан 34 миллиондан ортиқ овозлар берилди.
Бунда, республикамиздаги 9 444 та маҳалладан деярли барча маҳаллалар ўз лойиҳалари билан иштирок этди.
Ғолиб лойиҳалар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, 1 605 та умумтаълим мактабини таъмирлаш ва жиҳозлаш тадбирлари, 1 076 та ички йўлни таъмирлаш лойиҳалари, 595 та соғлиқни сақлаш муассасасини таъмирлаш ва жиҳозлаш, 184 та мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш ва жиҳозлаш, 125 та кўча чироқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш, 63 та ичимлик суви ва оқова тизимини яхшилаш тадбирлари ғолиб деб топилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
10 апрелдаги “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–117-сонли қарорига асосан, 2023 йилнинг феврал–апрель ойлари давомида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 1309 та лойиҳани амалга ошириш учун 1 311 млрд сўм маблағ ажратилиб, йил якунларига кўра, иккала мавсум доирасида ғолиб деб топилган жами 4 183 та лойиҳа учун 4,115 трлн сўм маблағ йўналтирилган.
Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда фуқаролар манфаатлари учун яратилаётган қулайликлар, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш билан боғлиқ амалиётларга татбиқ этилаётган ижобий ўзгаришларни кўпгина соҳаларда кўришимиз мумкин. 2019 йилдан буён ўтказилиб келинаётган “Ташаббусли бюджет” жараёни ҳам шулар жумласидандир. Жараёнлардаги фуқароларнинг иштироки тенденцияси ўсиб бориши ҳам ушбу жараёнларни фуқароларнинг кундалик ҳаётида кундан кунга долзарб тус олаётганини қуйидаги инфографикалар орқали ҳам кўришимиз мумкин.
Хабибулла Хамидов,
Давлат бюджети сиёсати департаменти бош мутахассиси