Янги Ўзбекистон: янги парламент сайловлари сари
Бундан бир ярим йил илгари мамлакатимиз тарихида илк бор умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани Янги Ўзбекистон ҳаёти барча соҳаларининг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Хусусан, замонавий конституциявий нормалар ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида миллий сайлов қонунчилиги тубдан такомиллаштирилди.
Бу муҳим омил сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтиши ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичлари яхшиланишига эришиш имконини оширади. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир”.
Янги парламент сайловларининг ўзига хос хусусиятлари
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг нормалари, халқаро мажбуриятлар ва ўтган сайлов якунлари бўйича тавсиялар асосида сайлов қонунчилигига бир қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани бежиз эмас. Чунки янгиланган сайлов қонунчилиги сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада мукаммаллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини оширишда катта аҳамият касб этади.
Бўлажак парламент сайловининг бир қатор ўзига хос хусусиятларини санаб ўтиш мумкин.
Биринчи хусусияти: Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов Ўзбекистон тарихида илк бор аралаш асосда, яъни мажоритар-пропорционал сайлов тизими бўйича ўтказилади. Бунда 75 нафар депутат кўпчилик овоз билан бевосита сайланади ва сайловчилар айни жараёнда аниқ номзодлар учун овоз беради. Депутатларнинг яна 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича, демакки сиёсий партиялар учун овоз бериш орқали сайланади. Шу тариқа мавжуд бешта сиёсий партия парламентга сайланиши учун камида 7 фоиз овоз олиши керак бўлади.
Иккинчи хусусияти: барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлиги тўлиқ рақамлаштирилди. Сайлов кампанияси давомида “Электрон сайлов” ахборот тизими орқали сайлов комиссиялари билан сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги қарийб 60 турдаги ўзаро ҳамкорлик алоқаси тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ахборот тизими интерактив хариталар орқали сайловчилар ва сайлов участкалари тўғрисидаги статистик маълумотлар, барча турдаги сайловларда депутатликка номзодлар тўғрисидаги маълумотларни олиш, депутатликка номзодлар ва уларнинг биографик маълумотлари билан танишиш имконини беради. Шу аснода сайлов жараёнларида бюрократияга йўл қўйиш, ортиқча вақт сарфлаш ва кераксиз қоғозбозлик ҳолатлари имкон қадар камайишига эришилади.
Учинчи хусусияти: сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мувофиқ тарзда тўлиқ такомиллаштирилди. Хусусан, доимий аъзолар фаолият олиб борадиган Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги сайлов органларининг янги тизими жорий этилди. Овозларни санаш тизими мажоритар тартибдан плюралистик тизимга ўзгартирилди. Қонунчиликда белгиланганидек, депутатликка сайланиш учун сайловчилар нисбий кўпчилигининг овозини олиш кифоя қилади. Шунга кўра, номзод тегишли сайлов округи бўйича бошқа номзодларга қараганда кўп овоз олган тақдирда сайланган ҳисобланади ва натижада такрорий овоз беришга ҳожат қолмайди. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шу жумладан, "оилавий" овоз берганлик ҳолатлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Тўртинчи хусусияти: бу галги сайлов парламентаризм ва маҳаллий вакиллик органларининг ваколатлари янги таҳрирдаги Конституция нормалари билан сезиларли даражада мустаҳкамланган шароитда ўтказилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан – 12 тага, Олий Мажлис Сенатининг мутлақ ваколатлари 12 тадан – 18 тага оширилди. Парламентнинг ижро этувчи, одил судловни амалга оширувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат қилиш ваколатлари кенгайтирилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳокимларнинг раҳбарлик қилиши институти тугатилмоқда. Жамият ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида илгари ҳокимлар тасарруфида бўлган 33 та ваколат маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.
Бешинчи хусусияти: сайловда иштирок этадиган аёл номзодлар сони изчил кўпаймоқда. Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда хотин-қизлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил қилиши шарт. Аввал бу талаб бўйича кўрсаткич 30 фоиз эди.
Жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Сенатнинг 56 нафар аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 65 нафар депутати, шунингдек, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайланади. Сайлов кодексининг 37-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялар Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Айни пайтда фаол сайлов кампанияси давом этмоқда. Сиёсий партиялар сайловолди ташвиқоти жараёнида ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш, сайловнинг асосий принципларига риоя этилишини таъминлаш, сайловчиларнинг ўз эркин танловини амалга ошириш имконини берувчи сайловолди ташвиқотининг ахлоқ қоидаларини имзолади.
Шу тариқа сайловда 30 мингга яқин номзод ва уларнинг қарийб 90 минг нафар ишончли вакили фаол иштирок этади. Шунингдек, сайлов комиссияларининг 120 мингдан ортиқ аъзоси ташкилотчи сифатида ҳамда 70 мингдан ортиқ маҳаллий, хорижий ва халқаро даражалардаги вакиллар кузатувчи мақомида қатнашади.
Бу ҳақда сўз борганда, сайловни кузатишда 1 мингдан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчи иштирок этишини таъкидлаш лозим. Хусусан, 50 та давлатдан 400 га яқин, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби 21 та халқаро ташкилотдан қарийб 500 нафар ҳамда 26 та хорижий давлатнинг сайлов комиссияларидан 60 нафар атрофидаги кузатувчилар айни жараёнда ҳозир бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловни мониторинг қилишда асосий гуруҳдан иборат тўлиқ миқёсдаги, узоқ муддатли ва қисқа муддатли миссияси билан иштирок этиш ниятини билдирган. Яъни, ушбу нуфузли халқаро ташкилотдан салкам 350 нафар кузатувчи сайловни кузатиб боради.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва бошқа дипломатик ваколатхоналари ҳузурида – 39 та давлатда 56 та сайлов участкаси ташкил этилган.
Янги Ўзбекистон: демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари
Конституциявий ўзгаришларнинг асосий қисми ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларига тўғридан-тўғри дахлдордир. Муҳими, ушбу янгиланишлар Конституция нормаларини амалга ошириш кафолатларини сезиларли даражада мустаҳкамлади.
Янги таҳрирдаги Конституция асосида кўплаб қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, янги қонунлар қабул қилинмоқда. Айни ўзгартиришлар давлат ҳокимиятини ташкил этиш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғи ва бошқа давлат органларини, хусусан, Марказий сайлов комиссиясини шакллантириш тамойилларига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётгани жуда муҳимдир.
Ўзбекистонда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қамровдор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу йўлдаги барча интилишларимиз БМТнинг ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган “Ҳеч кимни унутмаслик ва ортда қолдирмаслик” асосий тамойилига мувофиқ эканлиги билан диққатга лойиқ.
Энг асосийси, Миллат Сардори таъбири билан айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олди. Тенг имкониятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, халқ фаровонлигини ошириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитини таъминлаш Янги Ўзбекистонни ислоҳ қилиш стратегиясининг устувор йўналишлари ҳисобланади.
Шу маънода, ҳозир изчиллик билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мазмун-моҳиятида:
– инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
– ҳар бир шахснинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
– камбағалликни камайтириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
– фуқаролик жамияти ролини кучайтириш;
– коррупцияга қарши курашиш ва барқарор экологик тараққиётга эришиш каби улкан мақсадлар ўз мужассамини топганлиги айни муддаодир.
Жамиятимиз ва давлатимизнинг асосий мақсади – 2030 йилга бориб даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш. Бунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси амалга оширилаётгани алоҳида аҳамият касб этади.
Кейинги йилларда мамлакатимиз гендер тенглик, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, қийноқларга қарши курашиш соҳаларида аниқ ҳамда қатъий қадамлар ташламоқда. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликларга барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Конституциявий даражада “Миранда қоидалари”, “Хабеас корпус”, “Pro Bone” каби демократик адолат институтлари мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, 2025 йил 1 январдан тергов судьяси лавозими жорий этилади.
Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди ва ушбу Конвенция қоидалари “Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги янги қонунда ўз аксини топди. Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳал қилувчи аҳамиятга эга чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил этилди. Натижада ногиронлиги бўлган шахслар учун, жумладан, уй-жой секторида ҳам қулай муҳит яратиш бўйича кўплаб муаммолар ижобий ечимини топмоқда.
Мамлакатимиз БМТ тузилмалари, бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан инсон манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш масалаларида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси доирасида 11 та резолюция ишлаб чиқилди ва қабул қилинди, 2024 йилнинг ўзида 4 та шундай резолюция тасдиқланди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш инсон ҳуқуқларининг ҳолати ва жорий ислоҳотлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга сўнгги даврда икки марта – 2017 ва 2024 йилларда ташриф буюрди. Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлари Зайд Раад ал-Ҳусайн – 2017 ва Фолькер Тюрк – 2023 йилларда, ХМТ Бош директорлари Гай Райдер – 2018 ва Гилберт Хунбо – 2024 йилларда, Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Эймон Гилмор – 2023 йилда, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи – 2023 йилда, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг – 2022-2023 йилларда расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлган.
Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлди. Бу йил Ўзбекистон илк бор бир йўла учта нуфузли халқаро орган – ЭКОСОС, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва ХМТ Маъмурий бюроси аъзолигига сайланди.
Янги Ўзбекистон 2018 йилда БМТнинг барча мандат эгаларига доимий таклифнома тақдим этган давлатлардан бирига айланди. Шу вақт ичида БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид, Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Д.Гарсия-Саян ҳамда Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Ф.Ни Аолайн томонидан юртимизга расмий ташрифлар амалга оширилди.
Жорий йил август ойида БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Б.Раджагопал ташриф буюрди. БМТ Махсус маърузачиси билан тегишли давлат ташкилотлари ва турли муассасаларда бўлиб ўтган учрашувларда мамлакатимизда аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш соҳасида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Парламент сайлови – Янги Ўзбекистон демократик тараққиётининг янги босқичи
Сайлов – демократиянинг энг муҳим мезонларидан бири. Бу халқчил жараён орқали фуқаролар ўз сиёсий хоҳиш-иродасини намоён этади ва давлат органларининг шаклланишига таъсир кўрсатади.
Жорий йилда бутун дунё бўйлаб, таъбир жоиз бўлса, йирик сайлов марафони бўлиб ўтмоқда. Йил давомида дунё аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилувчи 70 га яқин давлатда Президент ва парламент сайловлари ўтказилади. Европарламентга сайлов ва Франциянинг муддатидан олдин парламент сайлови шулар жумласидандир.
Мамлакатимизда 2023 йили Президент сайлови бўлиб ўтди. Сайлов жамиятимизнинг сиёсий етуклигини, Янги Ўзбекистонни қуриш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор баралла намоён этди. Янги таҳрирдаги Конституция асосида катта ваколатларга эга бўлган бўлажак парламент сайлови – бу борада навбатдаги муҳим қадамдир.
Конституциямизга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси 2024 йил 27 октябрда парламент сайловини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шу куни маҳаллий вакиллик органларига, яъни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шунингдек, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига ҳам сайлов ўтказилади.
Шу ўринда бўлажак сайлов Янги Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мутлақо янгича ижтимоий-сиёсий шароитда ўтаётгани алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлаш лозим. Бинобарин, кейинги йилларда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилиш мақсадида парламент ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, сайлов ва референдумларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Конституция ва сайлов қонунчилигига мувофиқ, мамлакатимизда сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Ушбу модданинг давомида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ва суд қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги белгиланган.
Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”.
Хулоса қилиб айтганда, бўлажак сайлов мамлакатимизда демократик давлатчилик амал қилаётганлигининг ёрқин намунаси бўлади. Ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараён фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда, давлат органларини миллий қонунчилик ва халқаро сайлов стандартларига тўла мос равишда демократик тарзда шакллантиришда ҳамюртларимизнинг янада фаол иштирок этишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг
биринчи ўринбосари