Карачидаги ватандошлар Ўзбекистон Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумда фаол иштирок этишади
![](http://uzembassy.com.pk/uploads/FEsjSY9avzG8MVlloIm6yiI6v2DYy37h.jpg)
2023 йил 5 апрель куни Карачи шаҳри ва унга туташ ҳудудларда яшовчи ватандошлар иштирокида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда ватандошларимизга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририга киритилаётган қўшимча ва ўзгаришларнинг мақсади ҳамда мазмун-моҳияти, давлат, жамият ва фуқаро муносабатларининг янгича механизмини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Биринчи галда, ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги, давлат органларининг халқ олдидаги масъулиятини ошириш юзасидан бажарилаётган ишларга эътибор қаратилди. Шакллантириладиган ихчам ва замонавий талабларга тўла жавоб берувчи ҳукуматнинг устувор вазифаси этиб жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтож қатламларга ғамхўрликни кучайтириш белгиланаётганлиги таъкидланди.
Шунга кўра янги Конституцияда давлатнинг халқ олдидаги ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар 3 баробар оширилаётганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашнинг аниқ стандартлари қатъиян белгилаб кўйилаётганлиги, ёшлар, аёллар ва таълим сиёсати борасида замонавий халқаро меъёрлар асосида янги нормалар киритилаётганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Мамлакатимизда аёллар ва ёшларга берилаётган эътибор, уларнинг таълим олиши, касбга йўналтирилиши, давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаол иштирокини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам алоҳида тўхтаб ўтилди.
- Таълим соҳасида, хусусан аёлларнинг таълим олиши борасида мамлакатимизда кўрилаётган чораларга кизикишим катта. Аёлларнинг касб олишини давлат томонидан рағбатлантирилаётгани яқин келажакда албатта натижа беради. Икки нафар қиз фарзандим бор. Уларнинг Ўзбекистонда олий маълумот олишини режалаштиряпмиз. Келажакда давлат университетларига кириш имтихонларини тўлиқ инглиз тилида топшириш имконияти ҳам яратилади, деган умиддамиз. Бу биз каби хорижда яшаётган, фарзандлари хорижий тилда ўқиётган фуқароларга енгиллик яратарди, - деди фаол ватандошимиз Бону Жўраева.
Фуқароларимиз тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш, солиқ тизимини оптималлаштириш, мулк дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш борасида Конституция лойиҳасига киритилган янги нормалар тўғрисида ҳам хабардор қилинди.
- Биз фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Карачида мана шундай тушунтириш учрашуви ташкиллаштирилганлиги учун Ўзбекистон Раҳбари, Ҳукумати ҳамда элчихонамизга шу ерда яшовчи ватандошлар номидан раҳмат айтамиз. Ватандан узоқда бўлсак ҳам, ҳуқуқларимиз таъминланаётганлиги ва ишончли химояланаётганлиги бизни хурсанд килди, - деди Жамила Арифбаева.
Ватандошимиз Албина Муртаза референдум – умумхалқ иродаси эканлигини, халқ ўз келажаги борасида ўзи қарор чиқариши адолатдан бўлишини таъкидлади.
- Мамлакатимиздаги ўзгаришлар тўғрисида доимо кузатиб борамиз, ютуқлардан хурсанд бўламиз. Бугунги учрашув бизларда ўзгаришлар жараёнига дахлдор эканлигимиз, эътибордан четда қолмаганимизга яна бир бор ичонш уйғотди.
Албатта, бўлажак референдумда қатнашаман, фарзандларимиз келажаги учун ўз овозимни бераман. Қолган ватандош аёлларимизни ҳам фаол иштирок этишга чақираман, - деб қўшимча қилди А.Муртаза.
Тадбир чоғида фуқароларимизга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси (2022 йил 20 декабрь), янги таҳрирдаги ЎР Конституцияси лойиҳаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 9-10 мартдаги мажлиси, Сенатнинг 14 мартдаги 38-ялпи мажлиси тўғрисидаги ахборотлар, элчихона томонидан Покистон журналлари билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнига бағишлаб чоп этилган махсус нашрлар тарқатилди.
Шундан сўнг фуқароларни қизиқтирган консуллик-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий ва таълим масалалари бўйича саволларга жавоб кайтарилди.