Фурқат Сидиқов: Иқтисодий дипломатия Ўзбекистонда тўқимачилик саноати салоҳиятини илгари суришда муҳим восита бўлмоқда

“Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига хорижда талаб жадал ўсиб бормоқда”, - деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов «Дунё» АА учун интервьюсида.
- Бугунги кунда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати Янги Ўзбекистонда етакчи ҳамда жадал ривожланаётган тармоқлардан биридир. Сўнгги йилларда саноат ишлаб чиқаришининг йиллик ўсиши ўртача 20 фоиздан ошди. Мамлакатимиз тўқимачилик саноатини диверсификация қилиш, тайёр маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар самараси ўлароқ, Ўзбекистоннинг бу жабҳадаги салоҳияти тобора юксалмоқда.
Ўзбекистон Президенти томонидан 2017 йилда қабул қилинган “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон тўқимачилик саноатининг ривожланиш динамикасига янги суръат бағишлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳада кластер тизими тўлиқ жорий этилди. Сўнгги уч йилда пахта-тўқимачилик кластерларига 23 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли ресурслар йўналтирилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди. Ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5 баробар ошди, экспорт ҳажми эса 4 баробарга кўпайиб, қарийб 3 миллиард долларга етди.
Ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига хорижда талаб жадал ўсиб бораётир. Ушбу йўналишда фаолият юртаётган ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро саноат кўргазмаларидаги иштироки мунтазамлик касб этаётгани, бунинг натижасида 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ ҳажмдаги шартномалар тузилгани шундан далолат беради.
Ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг оммабоплиги унинг сифатини ошириш билан бирга рақобатбардош нархига ҳам бевосита боғлиқ. «Made in Uzbekistan» бренди ҳақида хабардорликни оширишда иқтисодий дипломатия ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Бу жабҳада амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида мазкур йўналишга масъул бўлган вазирнинг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов билан суҳбатлашди.
– Фурқат Аҳмедович, айтингчи, бугунги кунда Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатидаги салоҳияти қандай баҳоланмоқда?
– Тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш анъанавий равишда Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада таркибий ислоҳ қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаяпти, бунинг натижасида ушбу йўналишда экспорт ижобий тенденцияни кўрсатмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар, энг аввало, корхоналарни техник жиҳатдан янгилаш бўйича стратегик муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, либерал ишлаб чиқаришни жорий этиш ва кластер модели орқали ишлаб чиқариш ўсишининг юқори ва барқарор суръатларини таъминлаш, рақобатбардош маҳсулотлар экспорти, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган.
Ташқи савдони эркинлаштириш, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспортини диверсификация қилиш бўйича комплекс дастурнинг амалиётга жорий қилинаётгани муҳим қадам бўлди. Натижада пахта экспортида хомашёга йўналтирилганликдан воз кечиш борасида салмоқли муваффақиятларга эришилди.
Мен бир нечта рақамларни келтирмоқчиман. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистондан тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми қарийб 2 миллиард долларга етди ва бу умумий экспорт етказиб беришнинг 17 фоизини ташкил қилди. Бугунги кунда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг асосий импортчилари Хитой, Швейцария, Россия, Буюк Британия ва Туркия ҳисобланади.
Бугун жаҳон бозорларида ўзгариб бораётган рақобат шароити тўқимачилик маҳсулотларининг ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, инвестицияларни кўпайтириш, ноу-хауларни ўзлаштириш, технологияларни трансфер қилиш, маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Бу борада Ўзбекистонда маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича барча чоралар кўрилди. Булар соҳани ривожлантириш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кластер тизимига ўтиш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, экспортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлардир.
– Ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятлари ҳақида гапириб берсангиз? Бу борада қандай аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари томонидан мазкур жабҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш юзасидан яна қандай ишлар режалаштирилган?
– Бу жараёнда иқтисодий дипломатиянинг муҳим ролини қайд этиш лозим. Шу мақсадда бугунги кунда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари томонидан хорижий мамлакатлар импорт эҳтиёжларини Ўзбекистон товарларига йўналтириш омиллари, яъни ўсиш нуқталарини топиш мақсадида ҳар бир давлат импорти номенклатурасини таҳлил қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётир. Хорижий мамлакатларда ўзбек ишлаб чиқарувчилари иштирок этадиган мунтазам кўргазма-ярмарка тадбирлари белгилаб олинган, экспорт/импорт шартномаларини тузишда ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, салоҳиятли хорижий компаниялари вакиллари билан мамлакатимизнинг экспорт имкониятлари, сармоявий ва технологик ҳамкорлик истиқболлари билан яқиндан таништириш, Ўзбекистонда қўшма ёки якка тартибдаги корхоналар ташкил этиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида учрашув ва музокаралар мунтазам ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимиз ваколатхоналари томонидан хорижий компаниялар делегацияларининг Ўзбекистонга амалий сафарлари, уларнинг турли иқтисодий тадбирлар, тармоқ кўргазма ва ярмаркаларида, бизнес ва сармоявий форумларида иштирок этишида фаол ҳаракат қилинмоқда.
«Элчихона-ҳокимлик-экспортчи», «Элчихона-саноат», «Элчихона-вазирлик/идоралар» ва «Элчихона-тадбиркорлар» форматлари ташкил этилган ва улар самарали фаолият юритмоқда.
Дипломатларимизнинг хорижий ҳамкорлар билан учрашув ва музокаралари чоғида тадбиркорлар Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларнинг самарали натижаларини эътироф этиш баробарида юртимизни Марказий Осиёдаги ривожланган тўқимачилик маркази сифатида баҳоламоқда.
Элчихоналар, тегишли вазирлик, идора ва тармоқлар ташаббуси билан ёки улар иштирокида хорижда ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари, масалан, икат ва адрас матоларининг турли қўшма кўргазмалари, ихтисослаштирилган ярмаркалари («Fashion show») ташкил этмоқда.
Бугунги кунга қадар дунёнинг етакчи тўқимачилик брендлари ва мода уйлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиб, улар доирасида мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини илгари суриш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
- Аниқ мисоллар келтира оласизми?
– Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатия ваколатхоналари Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари билан келишилган ҳолда тўқимачилик маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш учун иқтисодий дипломатиянинг янги стандартларидан самарали фойдаланмоқда. Мисол ўрнида, сўнгги йилларда Покистон ва Польша йўналишлари бўйича амалга оширилган ишларни қайд этиш мумкин.
Маълумки, Покистон 50 йилдан зиёд давр давомида нафақат Жанубий Осиёда, балки бутун дунёда тўқимачилик маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлиб келмоқда. Покистонда «Adidas», «Nike», «Kappa», «Gap», «Interloop», «Denim», «Jack & Jones», «Geox», «Ralph Lauren», «Zara», «Cambridge» ва бошқа машҳур брендлар ўз маҳсулотларини тайёрлашни йўлга қўйган. Умуман олганда, Покистон экспортининг тахминан 65 фоизини саноат маҳсулотлари ташкил қилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда Покистондаги дипломатларимизнинг асосий иши ишлаб чиқариш қуввати, хомашё базаси, афзалликлари ва камчиликларини ўрганишдан бошланди. Улар тўқимачилик марказлари – Файсалобод, Лаҳор, Карачи ва бошқа шаҳарларга бориб, тегишли таҳлилларни турли компаниялар фаолияти билан танишиш орқали амалга оширди.
Натижада ушбу мамлакатнинг етакчи тўқимачилик корхона ва уюшмалари эгалари билан зарур маълумотлар шакллантирилиб, ишончли алоқалар ўрнатилди. Улардан амалий аҳамиятга эга бўлган статистик ва бошқа маълумотлар олинди ва чуқур таҳлил қилинди.
Сўнгра маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, саноат корхоналари ва вилоятлар ҳокимликлари билан бевосита амалий алоқалар ўрнатилди, потенциал импорт қилувчиларнинг Ўзбекистон завод ва фабрикаларига аниқ мақсадга йўналтирилган сафарлари ташкил этилди.
Натижада мамлакатимиздан покистонлик тадбиркорлар иштирокида пахта толаси, зиғир ва бошқа товарлар экспорти йўлга қўйилди. Ўзбекистондан Покистонга тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмининг ўсиш динамикасига назар ташлайдиган бўлсак, 2018 йилда бу кўрсаткич 5,5 миллион АҚШ доллари, 2019 йилда 10,4 миллион доллар, 2020 йилда 15 миллион доллар, 2021 йилда эса 59 миллион долларни ташкил этди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Европа давлатларига экспорт қилиш бўйича ҳам фаол ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонасининг «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва етакчи тўқимачилик корхоналари билан маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш борасидаги самарали ҳамкорлиги алоҳида эътиборга моликдир.
Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Польша Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилувчи асосий давлат ҳисобланади. 2021 йилда Ўзбекистондан Польшага ушбу маҳсулотлар экспорти 67,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди, бу Европа Иттифоқи мамлакатларига ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг 48 фоизи демакдир. Ушбу рақамлар 2022 йил охиригача 75 миллион долларга етиши кутилмоқда.
Шу мақсадда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда илк бор Польшанинг Лодзь шаҳрида «HAJ TEX» (Бухоро вилояти) ва «ZELAL TEKSTIL» (Тошкент) тўқимачилик фабрикаларининг савдо уйлари ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон 2021 йилда Европа Иттифоқининг «GSP+» имтиёзлар тизимига қўшилган. Эндиликда 6,2 минг турдан ортиқ маҳсулотни Европа бозорига божсиз экспорт қилиш мумкин. Ваҳоланки, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг атиги 6 фоизи Европа ҳиссасига тўғри келади.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатларидаги дипломатия ваколатхоналари саноат тармоқлари кўмагида «GSP+» тизими имтиёзларидан фойдаланиш мақсадларига эришиш учун иқтисодий дипломатияни самарали амалга ошириш бўйича ҳали кенг кўламли ишларни амалга ошириши зарур.
Ўзбекистон Президенти жорий йил 7 ноябрь куни саноатни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тўқимачилик саноатини ривожлантиришга янги суръат бағишлаш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда 2023 йилда қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ саноат маҳсулотларини экспорт қилиш дастури қабул қилинади.
Ушбу мақсадларга эришиш учун олдимизда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатия ваколатхоналарининг фаол иштирокида иқтисодий дипломатия соҳасида комплекс чора-тадбирларни амалга оширишдек муҳим вазифалар турибди.
Шу нуқтаи назардан, биз мақсадли равишда алоҳида олинган мамлакатдаги иқтисодий вазият, унинг бозорининг очиқлик даражаси, тўқимачилик маҳсулотлари импорт/экспорт тузилмаси ва бошқалар бўйича маълумотларни тўплаш бўйича таҳлилий фаолиятни кучайтирмоқдамиз. Бундай таҳлил ушбу давлатга нисбатан мақсадли стратегияни яратишга имкон беради. Тўқимачилик соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш, бозор конъюнктурасини диққат билан кузатиб бориш ва ўз вақтида жавоб қайтариш мақсадида етакчи хорижий саноат экспертлари, таҳлил марказлари ва бозорнинг йирик иштирокчилари билан мунтазам маслаҳатлашувлар уюштирилади. Шунингдек, бозорда иштирок этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, яъни тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмаларини, давра суҳбатлари, бизнес-форумлар, иқтисодий тақдимотлар, ташрифлар, музокаралар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш бўйича ишларни фаоллаштириш зарур.
Умуман олганда, инсон капиталини ривожлантириш - илм-фан, технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш орқали Ўзбекистон компанияларини глобал ва минтақавий қиймат занжирларига интеграция қилиш устида ишлаш учун инвестицияларни кўпайтириш, тайёр маҳсулотларни узлуксиз етказиб беришни таъминлаш бўйича транспорт ва логистика занжирларини диверсификация қилиш жуда муҳим, албатта.
- Фурқат Ахмедович, мазмунли суҳбат ва батафсил жавобларингиз учун раҳмат. Давлатимиз раҳбарияти томонидан ўзбек дипломатлари олдига иқтисодий дипломатияни ривожлантириш бўйича қўйилган долзарб вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилишига тилакдошмиз.
- Раҳмат.